Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Рус тилида сўзлашмаганга жарима?!


Russia - rule for migrants in Sochi olympic construction sight: speaking permitted only in Russian
Russia - rule for migrants in Sochi olympic construction sight: speaking permitted only in Russian

Сочидаги Олимпиада объектлари қўрилишида она тилида сўзлашган меҳнат муҳожирларига 100 рубл жарима солинмоқда. Айни пайтда "Олимпия қурилиши" давлат ширкати мутассадилари бундай кўрсатма борлигини инкор этмоқда.


На площадке разговаривать только на русском языке – ШТРАФ 100 руб

“Қурилиш майдончасида фақат рус тилида гаплашилсин – ЖАРИМА 100 рубл”. Сочи шаҳридаги Интернет форумларидан бирида пайдо бўлган бу фотосуратда акс этган ёзувлар қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Красная Поляна қурилиш вагончаси деворига скотч билан ёпиштирилган варақада рус тилидаги огоҳлантирувнинг яна бир нечта туркий тилларидаги таржимаси ҳам берилган.

Россияда ишлашга рухсатнома олувчи мигрантлар рус тилидан имтиҳон топширишлари зарурлиги тўғрисидаги Миграция хизмати мутассадилари билдирган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни айрим уддабурон иш берувчилар шу тариқа ҳаётга тадбиқ қилишга киришган кўринади.

Эълонни ким ёпиштирдийкин?

Сочидаги 2014 йилги Олимпия ўйинлари объектлари қурилишини “Олимпстрой” Давлат Корпорацияси расмийси Сима Айвазян Озодлик билан суҳбатда қурилишда фақат рус тилида сўзлашиш ҳақидаги буйруқ ширкат раҳбарияти томонидан берилмаганини таъкидлади.

- “Олимпстрой” барча Олимпиада қурилишларини назорат қилади.
“Олимпстрой” ўзининг хусусий ишчиларига эга эмас. Биз бирор объектда бундай эълонни осишга ҳаққимиз йўқ. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Олимпия шаҳарчаси қурилишига 300 га яқин пудратчи ташкилот жалб қилинган. Бундай ахмақона эълон бирор пудратчи ширкат томонидан ўз майдончасида осиб қўйилган бўлиши мумкин, лекин бизнинг бунга мутлақо алоқамиз йўқлигига ишонинг,- дея ишонтиришга уринди “Олимпстрой” корпорацияси ахборот маркази бошлиғи Сима Айвазян.

“Олимпстрой” раҳбарияти бу каби ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказиб, тегишли чоралар кўради, дея қўшимча қилди у.

Таржима қийинчиликлари


Аммо Life News ахборот порталига кўра, ўз исмини ошкор қилишни истамаган “Олимпстрой” бошқармаси ходимларидан бири мазкур ҳолатни бундай тушунтирган: “Қурилишда тил масаласи хавфсизлик масаласи билан бевосита боғлиқ. Тасаввур қилинг, кран ҳайдовчиси ўзбек тилида “Қоч!” деса. Тожик миллатига мансуб ишчи эса ўзбекчани билмайди.”

Красная Поляна, яъни Олимпиада иншоотлари қурилаётган майдон ишчилари эса бу чора ортида қурилиш раҳбарияти ишчиларнинг ўз тилида у ёки бу масалада келишиб олишининг олдини олиш ҳаракат қилмоқда, дея изоҳлаган.

Шунингдек, хавфсизлик хизмати ходимлари фақат рус тилида сўзлашаётган хорижликлар қурилиш объектларида бирон-бир қўпорувчилик ҳаракатини амалга ошириш имкониятидан маҳрум бўлади, деган фикрни билдирган.

Краснодар ўлкасидаги “Умид” Ўзбекистонлик ҳамюртлар минтақавий жамияти раиси ва кундалик тарзда Сочидаги ўзбекистонлик мардикорлар билан мулоқотда бўладиган Тожиддин Нурматов Озодлик илтимосига кўра оммавий ахборот воситаларида кўтарилган бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Олимпия иншоотларини қураётган меҳнат муҳожирлари билан боғланди.

- Мен ҳозир Сочида Красная Полянада ишлаётган сурхондарёлик Абдусалом деган танишим билан гаплашдим.У Ўзбекистондан, Тожикистондан келганлар билан ҳам учрашибди. Қурилиш остановкасида туриб сўради “Ишлаган жойларингда фақат рус тилида гаплашиш ҳақида эълон кўрмадиларингми?”, деди. “Йўқ, ҳеч унақа гап йўқ. Бемалол гаплашамиз. Турк кишидан ҳам сўрашибди. У ҳам бемалол рус, ўзбек, турк тилида гаплашаман, дебди. Таъқиқ йўқ. Тожиклар ҳам худди шундай жавоб беришди.” Балким, бўлиши мумкин айрим жойларда провокация бўлган бўлиши мумкин”, дейишди, - дейди Краснодардаги ўзбекистонликлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов.

Қурилиш мутассадилари ва мардикорлар фотога туширилган фактни инкор этаётганига қарамасдан, айрим "прораб"ларнинг бундай "ташаббуси" бошқа ташкилот раҳбарлари томонидан тақлид қилишга сабаб бўлиши ва Россиядаги миллатлараро муносабатларни янада мураккаблашишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда, интернет форумларда рус тилида сўзлашмаганлик учун жарима ҳақидаги эълонга оид қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Форумчиларни кўпроқ эълоннинг мазмуни эмас, балки жарима қай тарзда ва ким томонидан олиниши қизиқтирмоқда.

Айрим форумчилар мигрантларга бир-бирларини таржимонсиз тушуниш осонлашиши учун барчага тушунарли қурилиш сленги, яъни рус тилида сўкинишга ўтишни ҳам тавсия қилмоқда.

Краснодар ўлкаси Федерал миграция хизматидан олинган маълумотга кўра, Сочидаги Олимпиада ўйинлари қўрилиши объектларига жами 50 мингдан зиёд одам жалб қилинган. Улардан 4 минги ёки 8 фоизи – хориж фуқароларидир.
XS
SM
MD
LG