Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:25

Умида Аҳмедова шогирдлари фотокўргазмаси


Асосан Ўзбекистон манзараларини тасвирга туширгани учун Умида Аҳмедова ўтган йили расмийлар томонидан "туҳмат"да айбланган эди.
Асосан Ўзбекистон манзараларини тасвирга туширгани учун Умида Аҳмедова ўтган йили расмийлар томонидан "туҳмат"да айбланган эди.

Тошкентдаги хусусий галереялардан бирида очилган ўзбекистонлик таниқли фотограф ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова шогирдларининг фотокўргазмаси расмийлар томонидан ёпиб қўйилди.

Аммо, Тошкентдаги кўргазмада Умида Аҳмедова шогирдларининг фотосуратлари атига бир ярим кун турди. Кўргазма ҳақида хабар топган ҳукумат расмийлари буйруғи билан улар олиб ташланди.

- Кеча эрталаб турмуш ўртоғимга галереядан телефон бўлиб, ҳақоратлар, жанжал, тўполон. Худди бир жойга ўт тушгандай. Тинчликми деса, ҳалиги галереянинг бошлиғи “Сенлар виставка қилдиларинг биз балога қолдик”, деб ёмон ҳақорат қилди менинг турмуш ўртоғимни. Расмларни олиб ташлабди, кўргазма бир ярим кун турди. Биз ҳам ҳайронмиз, ҳеч нарсани тушунтиришмади,- дейди Аҳмедова.

“Туҳмат қилиш осон” деб номланган кўргазмада Владимир Андронов, Екатерина Гулинюк, Дарья Здориченко, Ҳамдам Отажонов, Ирода Каримова ва Светлана Фахрутдиноваларнинг фото асарлари намойиш этилди.



Ўтган йил Умида Аҳмедова Ўзбекистон жиноят кодексининг "Туҳмат" ва "Ҳақорат" бандлари билан айбланган.

Ўзбек расмийлари маҳаллий экспертларнинг хулосаларига таяниб, Умида Аҳмедованинг асарларида миллий зеҳният ва анъаналарнинг ҳақоратланганини даъво қилиб чиқишган эди.

Аммо ижодкор бу айбларни "бемаъни" деб ҳисоблайди ва ўз шогирдлари кўргазмаси “Туҳмат қилиш осон” деб номлангани шу билан боғлиқ эканини айтади.

- Оддий одамларнинг оддий бахтлилигини суратга олсангда, “Сен нимага буни олдинг?” деб, сал бўлмаса қамаб қўйишгача боришди. Бу нима деган нарса? Менинг ўқувчиларим бўлгани учун кўргазмани шундай деб қўяқолдик,- дейди Умида Аҳмедова.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли “Фонд Форум” мамлакат мустақиллигининг 20 йиллигига бағишлаб француз, италян ва ўзбек фотограф ва дизайнерлари асарлари жамланган китоб шаклидаги фотоалбом тақдимотига тараддуд кўрмоқда.

- Гулнора Каримованинг ҳам Ўзбекистонга бағишланган кўргазмаси бўлар экан. Биз сал одинроқ қўйиб юборибмиз. Энди ватан ҳақида ҳамманинг ўз нуқтаи назари борда,- дейди ўзбекистонлик фотограф Умида Аҳмедова.

Ўзбекистон манзаралари рангин суратлари акс этган китоб тақдимоти 22 август куни Тошкентда Ёшлар ижоди саройида бўлади.
XS
SM
MD
LG