Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:45

Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинлар устидан ҳукм ўқилди


Июн ойида Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадация қилинган 29 нафар қочқиннинг айримлари устидан маҳкама ҳукми ўқилган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Ташкилотга кўра, Сирдарёда ўтган маҳкама 31 яшар Файзуллахон Акбаровни 5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси изоляторида юрак хуружини бошдан кечирган Акбаров "Жиҳодчилар" диний радикал оқимига мансубликда айбланган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Сирдарё вилояти суди қарори билан 30 яшар Аҳмад Болтаев Ўзбекситон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жиноий уюшмалар тузиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбли деб топилган ва 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шунингдек, Тошкент вилояти судида ҳам 29 нафар диндорнинг 10 нафари устидан маҳкамалар бошланган.

“Уларнинг аксарияти "Жиҳодчилар" диний радикал оқимига мансубликда айбланмоқда. Мазкур жиноят ишлари Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш оргналарида тергов қилинмоқда, диндорларнинг тақдири борасида аниқ маълумотлар йўқ”, - деб билдирди "Эзгулик" ташкилоти.

Айни пайтда Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган яна бир ўзбек қочқини Қозоғистонда ҳибсга олинди.

Нижний Новгород шаҳрида олти йилдан бери қурилишда ишлаб келгани айтилаётган қўқонлик 39 яшар Собиржон Носиров ўтган ой Россия Қозоғистон чегарасини кесиб ўтаётганида қозоқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари тарафидан ҳибсга олинган. Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик каби оғир жиноятларда айбланаётган Носиров саноқли кунлар ичида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG