Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Туладаги заводда текширув бошланди


Озодликнинг ўзбекистонлик мардикорлар иш ҳақисиз ишлатилаётганига оид ҳолат юзасидан бошлаган суриштируви, Россия ҳуқуқ тартибот органларининг улар ишлатилаётган корхонада текширув бошлашига туртки бўлди.
Озодликнинг ўзбекистонлик мардикорлар иш ҳақисиз ишлатилаётганига оид ҳолат юзасидан бошлаган суриштируви, Россия ҳуқуқ тартибот органларининг улар ишлатилаётган корхонада текширув бошлашига туртки бўлди.

Озодлик Россиянинг Тула вилоятидаги Заокский туманидаги қурилиш металлари заводида маошсиз ишлатилаётган 50 нафар ўзбек мардикори билан боғлиқ вазиятни ўрганишни давом этмоқда. Завод расмийлари ўзбек мардикорларининг бизнинг эфирга берган иддаоларини рад этмоқда.


Тула вилоятида ўзбекистонлик мардикорлар қул сифатида ишлатилаётгани ҳақида аввал хабар қилган эдик. “ОВАКО-Логистик” заводида қулликда ушлаб турилган тахминан 90 нафар марказий-осиёлик мардикорларнинг 50 нафарига яқини Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, олти нафари сурхондарёлик экани маълум.

Озодликка қўнғироқ қилган мардикорлардан бирига кўра, 90 кишининг ҳаммасидан паспортлари завод раҳбарияти томонидан олиб қўйилган, ишчилар маошлари эса ушлаб қолинмоқда.

Хабар ортида бу заводнинг қаерда жойлашгани, кимга тегишли экани ва нима ишлаб чиқаришини ўрганишга уриндик.

“ОВАКО-Логистик” ташкилоти, Озодликка қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири айтганидек, монолит қурилиш учун турли металлдан ясалган конструкцияларни ишлаб чиқариши маълум бўлди.

Интернетдан олинган маълумотларга кўра, бу завод цехларига Россиянинг кўплаб юқори лавозимли мутассадилари ташриф буюриб турар экан.

Корхона ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида унинг телефон рақамларидан бирига қўнғироқ қилдик.

- Ташкилотимиз номи "ОВАКО", аниқроғи “ОВАКО-Логистик”. У бизнинг раҳбаримиз – бош директоримизнинг исми шарифларидан олинган. Сизга нима учун керак?- дея қизиқди гўшакни кўтарган котиба қиз.

Маълум бўлишича, “ОВАКО” номи, унинг асосчиси ва хўжайини Овчинников Владимир Александровичнинг исми шарифидаги биринчи ҳарфлар ва КО (яъни компания-таҳр.) қўшилган ҳарфлар бирикмасидан ташкил топган экан.

Озодликнинг “Эркин микрофон”ига қўнғироқ қилган сурхондарёлик йигитлар айтган гапларга аниқлик киритиш мақсадида, ёлланма ишчи сифатида ширкат маъмуриятига мурожаат қилдик. “Ширкатингизда ўзбекистонликлар борми? Янги ишчиларни қабул қиласизми?” деган саволимизга ўзини Инна Константиновна, деб таништирган менежер мана бундай жавоб берди.

- Ҳа бор. Лекин уларнинг нечта эканлигини нотаниш шахсга айта олмайманку. Гап шундаки, мен бу масалани (ишга ёллаш – таҳр.) ҳал қилмайман. Мен раҳбарият билан гаплашишим керак. Тўғриси, ўзимизда мавжуд каналлар орқали ишга қабул қиламиз,- деди “ОВАКО-Логистик” менежери.

Лекин Инна Константиновна қайси “каналлар” ҳақида гап кетаётганини ва ишчиларни ёллаш қай тарзда амалга ошишини очиқламади.

Айни пайтда ширкатнинг бошқа телефон рақамига қўнғироқ қилиб, Озодлик журналисти сифатида заводда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ вазиятни суриштирганимизда, саволларимизга бошқача жавобни олдик.

Кадрлар бўлими ходими Овсянникова Наталья Александровна “ОВАКО-Логистик” ширкатида хорижлик мардикорлар меҳнат қилаётганини биринчи марта эшитаётгани ва бизга бу маълумотни етказган манбани яна бир бор текшириб кўришимизни тавсия қилди.

- Биз Ўзбекистондан ҳеч қанақанги ишчиларни қабул қилмаймиз. Бизда Ўзбекистондан ҳеч қанақа ишчиларимиз ҳам йўқ ва бизда ҳеч ким мажбурлаб ушлаб турилгани йўқ,- дея гапни қисқа килди компанияга ишчиларни ёлловчи Наталья Овсянникова.

Биз биринчи хабар келганидан бери ўзбек мардикорлари ҳақиқатан балким ишдан бўшатиб юборилганмикин, деб сурхандарёлик йигитларга яна сим қоқдик.

- Йўқ, бу ерга келиб бир томоша қилсангиз, ишлаб ётибдику ҳамма (кулади – таҳр.)! Трубадан домкрат стойка чиқарамиз-да. Тожикистондан ҳам 30-40, қолганлар Ўзбекистондан. Лекин 2-3 ой бўлди умуман документ деган нарсани кўрганимиз йўқ.

Озодлик: Бевосита сизлар билан ким гаплашади?

- Тожикистондан Акмал деган одам шу ерда бригадир бўлиб ишлайди. Шу болларга ишни айтади, началник билан у гаплашади. Началник келиб туради, лекин унга русчалаб тўлиқ тушунтириб бера олмаймиз, у бизни унча тингламайди ҳам – “Бригадирга айт”, дейди. У эса ўзини билганини қилади. Биз дарвозани олдига ҳам бормаймиз, берироқда юрамиз: ҳамма жойга камераларни яқинда қўйган: ким нима қиляпти, неча соат ишлаяпти.

Озодлик: Сиз икки ойдан бери қанча маош олдингиз?

10 минг аванс беряпти, қолганини кетаётганингда берамиз, деяпти. Бир йил бўлганлар кетаман деса, ойлик камроқ беришяпти, дейишяпти бу ердагилар, аниқ лекин билмаймиз. Бир-икки кун нон ҳам бўлмай қолади. Ишқилиб, яшаш шароитимиз ҳам яхши эмас,- дейди сурхондарёлик бу йигит.

Ширкат ходимларидан очиқчасига ҳам, яширинчасига ҳам маълумот ололмагач, Озодлик мухбири Тула вилояти Заокский тумани прокуратураси, вилоят миграция хизмати ва маҳаллий милиция бўлимига мурожаат қилди. Барча ҳуқуқ тартибот идораларида маълумотимиз инобатга олинганини ва фактлар аниқланса, албатта чора кўрилиши тўғрисида жиддий ваъдалар берилди.

“Нопок иш берувчиларга қарши текширув заводдаги меҳнат муҳожирларига қарши тозалашга айланиб кетмасмикин?” деган саволимизга Тула вилояти Федерал миграция хизматининг Иммиграция назорати бўлими бошлиғи Евгения Гороховцева Озодликни ишонтириб бундай жавоб берди.

- Биз бекорга одамларни кўчага чиқариб юбормаймизку. Кабинетимиздан маълумот ҳеч қаерга чиқмайди, ишонаверинг,- деганидан роппа-роса икки соат ўтиб Прагадаги офисимизга ўзини “ОВАКО-Логистик” ширкатининг миграция ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича масъули Антон Овчинников қўнғироқ қилди.

У завод цехларида ҳақиқатан ўзбеклар ишлаётганини тасдиқлади.

- Сиз ҳақиқатан маълумот олиш ниятида бўлсангиз келинг, кўринг. Сиз бўлса прокуратура, милиция бошқа жойларга мурожаат қилиб юрибсиз. Бизни яқинда Мирация хизмати текшириб кетди: ҳаммаси жойида. 30-40 фоиз мигрантлар меҳнат қилади бизда. Бу ерда ишлаётган ўзбеклар 6-7 йилдан бери ишлаяпти. Уларнинг ойлиги, овқати яхши. Уларга ойлик берилмаса ишламайдику?! Ўзингиз ўйлаб кўринг, биз Москвадан 100 километр берида турамиз: қанақа мажбурлаш, қанақа қуллик ҳақида гапиряпсиз?- дея жуда ажабланди ширкат раҳбарларидан бири Антон Овчинников.

Ширкат расмийсининг сўзларига кўра, бугун корхонага милиция текширувидан кейин прокуратура ходимлари ташриф буюриши кутилмоқда.

Озодлик вазиятни кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG