Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:33

Дунёдаги ўзбеклар: ким, қаерда, қандай ифтор қилаяпти?


Корея ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар бугунги ифторликка ўзбекча ош қилишибди.
Корея ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар бугунги ифторликка ўзбекча ош қилишибди.

Рамазоннинг 23 кунида Озодлик мухбири турли давлатларда рўза тутаётган ўзбекистонликлар ҳузурига ифторга "борди".

Биринчи бўлиб, Тошкент вақти билан соат 13:30, Прага вақти билан 10:30 бўлганда ер юзида ифторликни биринчилардан бўлиб қиладиган Россиядаги Приморе ўлкасига боғландик.

Россия -"Бизда ифтор қоринпарастлик эмас"

Находка шаҳрида яшаётган асли ўзбекистонлик имом Дамир Эшмуҳаммедов айни биз боғланган кезда ифторликка отланиб турган экан.

- Находкада катта мачит бор. Ҳар куни ифторга 50-60 киши йиғилаяпти.

Озодлик: Жамоатдагиларнинг қанчаси ўзбек?

- Бу ерда ўзбеклар камроқ. 20-30 киши бор. Владивостокда жуда кўп ўзбеклар. 80 фоиз ўзбеклар.

Озодлик: Ўзбеклар ифтори бўларканда-а?

- Владивостокда шунақа.

Озодлик: Ифторликда дастурхон қанақа бўлади?

- Асосан ўзбекча. Кўпроқ ош, шўрва қилишаяпти. Ўзи одатан битта овқат. Бу ерда одамлар маишатпарастликка эмас, кўпроқ ибодатга йиғилади.

Озодлик: Ўзбекистонда ифтор салкам зиëфатбозлик. Ўзбекистонда ифторга борсангиз, нечта овқат ердингиз?

- Шунақа эди энди. У ерда энди кўпроқ маишатпарастлик, қоринпарастлик. Бу ерда кўпроқ маънавиятга, ибодатга кўпроқ қаралади.

Озодлик: Ҳали оғзингиз очилгани йўқ, бунақа савол бераëтганим учун узр. Сизга Тошкентдаги ифтор кўпроқ ëқармиди ëки Владивостокдаги ëқадими?

- Албатта Тошкентда яхши бўлади. Чунки у ерда тўкин-сочин, ўзимизда пишган мева-чевалар. Энди фақатгина овқат учун эмас-ку. Қариндош-уруғлар, оғайнилар қолган. Ўша нарсани кўпроқ соғинади энди, - дейди Дамир Эшмуҳаммедов.

“Ўлдирса ош ўлдирсин”, дейишарди Ўзбекистондагилар. Россияда имомлик қилиб юрган Дамир ака учун ифтор худди ватандагидек ош ва унинг устига яна ош экан.

Австралия - "Юртда ифтор зўр эди, аммо бу ерда эркинлик бор"

Бу ердан кейин шоша-пиша Австралияга қўнғироқ қилдик. Аделаидадаги суҳбатдошимиз Равшанбек Ваҳобовга боғланганимизда, ифторга бирозгина кеч қолибмиз. Бу ерда оғиз кечки 6 дан ўтибоқ очилаётган экан.

- Ифторга жиндай кеч қолдинглар.

Озодлик: Сизлар ҳам ифторга мачитга йиғиласизларми?

- Баъзан мачитда йиғиламиз. Катта мачитимиз бор Абу Бакр Сиддиқ номли.

Озодлик: Ифторда қанча одам йиғилади?

- 70-80 та.

Озодлик: Одатан қанақа овқатлар бўлади?

- Бу ерда уйғурлар бор, турклар бор. Туркларнинг оши, уйғурларнинг ҳар хил хамирли таомлари, шашлик пиширишни яхши билишади, лағмонлар.

Озодлик: Сизларда ифтор тўкин-сочинроқ экан-да. Ҳар ҳолда, Ўзбекистондаги овқатларни у даража соғинмайдиган экан.

- Ҳар қалай эплаяпмиз. Бу ерда ҳатто тандир ҳам қуриб олганмиз. Сомсалар ëпаяпмиз. Ўзбекистонлик акалар, опалар, ошна-оғайнилар бор. Ўзимизнинг юртда ҳам ўтирардик шунақа қилиб, лекин мана бу ердагининг ўзига яраша эркинлиги бор, - дейди Аделаидадаги суҳбатдошимиз Равшанбек Ваҳобов.

Аделаидадаги ўзбек рўзадорлар ҳам ўзбекча тандирда нон ёпиб, сомса пишириб, уйғурча лағмонлар билан ифтор қилаётган экан. Худди ватандагидек. Аммо Равшан ака учун Аделаидадаги ибодатда Андижонда бўлмаган эркинлик бор экан.

Корея - "Бу ерда мусулмон оз, аммо мусулмонни тушунган кўп"

Озодликка кунда-шунда боғланадиган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Кореядан.

Учинчи бўлиб Тошкентдан 4 соат олдин ифторлик қиладиган Кореянинг Чин-Чан шаҳридаги ўзбекистонлик Алижон Каримовга қўнғироқ қилдик.

Бу ердаги ифторга улгурдик ва Алижон ака ҳар куни ўзининг шинамгина қароргоҳида бўладиган ифторлик ҳақида биз билан ўртоқлашди.

- Ифтор 15 минутдан кейин (суҳбат 23 август куни ëзиб олинган - таҳр.).

Озодлик: Қаерда ифтор қиласиз бугун?

- Хонада-да.

Озодлик: Аҳли мусулмон йиғилиб ифторлашадиган жой йўқми?

- Рўза тутадиган одамнинг ўзи кам-да.

Озодлик: Покистон, Ҳиндистон каби бошқа давлатлардан борганлар йўқми?

- Улардан бору фақат ўз кунига ўзи билан бўлиб юрибди ҳаммаси.

Озодлик: Ëнингизда мачит йўқми?

- Йўқ. Ҳайит байрамига Ичеонга бориб келсамми, деб ният қилиб турибман.

Озодлик: У ëқда мачит борми?

- Сеулнинг мачитида.

Озодлик: Сеулда ўзбек ҳам кўп-а?

- Ўзбеклар ҳам, бошқа миллатлар ҳам кўп. Мусулмон миллатлар кўп.

Озодлик: Бугун ифторга нима ейсиз?

- Қовурилган тухум, қовурилган балиқ, қайнатилган мол гўшти, қайнатилган гуруч. Ҳар икки-уч кунда ўзимиз нон қиламиз. Шароит зўр, яхши, Худога шукур. Эрталаб 4.30 да ëпаяпман, кечқурун 7.15 да очаяпман. Бу ерда карислар “сен оч қолиб кетаяпсан” дейди. Мусулмончиликни тушунмайди-да. “Озгина бўлса ҳам еявер”, дейди. Улар мусулмончиликни тушунмаса ҳам менга шароитни яратиб бериб қўйибди. Раҳмат шунга.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам рўза тутармидингиз?

- Тўрт-беш йил тутгандим, Худога шукур.

Озодлик: У ëқдаги ифтор қандаю бу ердаги ифтор қандай бўлаятпи?

- Ўзбекистонда яхши эди, Худога шукур.

Озодлик: Биринчисига сомса, сомсанинг ëнида суюқ, суюқнинг кетидан қуюқ ширинликлари билан.

- Бу ëқдан ош, бу ëқдан яна нимадир. Барибир ўзимизнинг ватан яхши. Энди бу ерда рўзғор тебратай, ўзгартириш киритай, деб ишлаб юрибмиз-да. У ëқ-бу ëғимизни тўғрилаб олсак, фарзандларимизни ўқишга киритиб олсак, кейин ўзимизда ўқиб юраверамиз, - дейди Кореядаги Алижон ака.

Кореяда эътиқод бошқа, шунга кўра, мусулмон учун шарт-шароит ҳам бошқа. Аммо, эшитганингиздек, Алижон ака Ҳайит намози учун Сеулга боришни ният қилиб турибди. Мусулмонлар энг йирик конфессия ўлароқ дунёнинг ҳар бир йирик шаҳрида катта-катта масжидларига эга. Сеулдаги масжидда ўзбеклар кўпчилик экан.

Малайзия - "Малай полицияси соқолимни кўриб салом беради"

Кореядан кейин Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрига йўл олдик. Бу ерда ўзбекистонлик тақводор тингловчиларимизда бири Муҳаммад Ошиқ яшамоқда.

Биз боғланган кезда у киши ифторлик учун мошхўрда қилаётган экан. Уйига меҳмон айтибди.

- 15 минутлардан кейин оғиз очиш вақти бўлади.

Озодлик: Бугун қаерда ифтор қиласиз?

- Уйга Бангладешдан бир дўстимизни таклиф қилган эдим. Муҳаммад Имронхон деган дўстимиз.

Озодлик: Бугунга меҳмонга ифторга нима бераяпсиз?

- Ифторга тўғрисини айтсам, мошхўрда қилаяпман. Булар аччиқ нарса ейди. Ейдиган нарсаси кўпроқ гуруч билан товуқ. Кўпроқ аччиқ нарса-да. Ëнимда полицияхона бор. Ҳовлисининг ичида жуда ҳам катта мачити бор. Ҳамма жойда ҳозир ифторликка текинга тарқатади. Мисол, 40 этажли бинода тураман. Еттинчи қаватида мачити бор. Ўша ерда камида 100 та одам намоз ўқийди. Ўша ерда ҳовлиси бор. Болалар ўйнайдиган майдонча, чўмиладиган бассейни бор, дарахтзор, гулзор. 40 этажли бинонинг еттинчи қаватида ҳамма шароитлар бор. Кўчаларнинг файзини кўрсангиз, ҳамма ëғида байрам.

Озодлик: Сиз борадиган мачитда қанча ўзбек бор?

- Йўқ ўзбек. Бу ерда менга полициялар салом беради катта соқолимни ҳурмат қилиб, исломий кийимда юраман. Биздаги милициялар келиб бу ердаги полицияхонани ибрат учун кўриб кетса эди, - дейди Муҳаммад Ошиқ.

Муҳаммад ака билан суҳбатлашадиганимиз кўп қизиқ мавзулар бор экан. У киши бир муддат аввал Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиққан. Тақдирнинг тақозоси билан “Борса келмас” номини олган қамоқхонада ўтирган одам бугун аксар мусулмонлар орзу қиладиган Малайзиядек исломий давлатда уч-тўртта ошна-оғайнига ифтор бераяпти. Ифторлик ҳам суннатга мувофиқ камтаргина – бир косадан суюқ овқат ва мева-чева. Гўзал, хуллас.

Эрон - "Одам қанчалик ҳаққини таниса, шунчалик озод яшаркан"

Меридианлар оша навбат Тошкент вақтидан 1 соат орқада бўлган, бошқача айтса, ўзбекистонликлардан бир соат кейин оғиз очадиган Эронга келди.

Бу ерда Озодликка кўп-кўп мурожаат қилиб турадиган яна бир ўзбекистонлик Ҳазрат Жўраев бор. У киши ҳам ўша атрофларда яшаб юрган ягона ўзбекистонлик экан.

- Бир ўзим.

Озодлик: Қолганлари маҳаллий халқ-а?

- Балужлар, покистонликлар, бангладешликлар, афғонлар.

Озодлик: Ифтор қанақа бўлади одатан?

- Енгил ифтор бўлади. Олдин азон айтилади. Азондан кейин қатиқ, сут, хурмо, мева, тарвуз-қовун. Энди бу ерда ҳамиша иссиқ, ҳамиша мева бор. Тахминан 15-20 дақиқа ифтор қилинади. Кейин намоз ўқилади. Намоздан кейин чой ичилади. Кейин таровеҳ ўқилади. Таровеҳдан кейин овқат олиб келади. Овқати яхши уларнинг. Гўшт, товуқ, балиқ - шунақа яхши овқатларни олиб келади. Эрта билан саҳарда асал, қаймоқ. Семириб ҳам қолдик.

Озодлик: Ифтордаги овқатларни ким тайëрлайди?

- Ўзи тайëрлайди булар. Савоб учун тайëрлайди. Биз фақат мачитда ўтириб, Қуръон ўқиймиз. Ҳинд океанининг ëнида бир хилларининг тўрттадан уйи бор, тўрттадан хотини бор. Уйида иккита-учтадан яхши машиналари бор. Мен “Ўзбекистонданман, дин учун келганман” деганимдан кейин 5000 доллар йиғилиб қолди тақрибан. Мен улардан сўраганим йўқ пул бер деб. Ўзи беради. Пули кўп бу одамларнинг. Ўзлари ҳам яхши одамлар. Биттаси ишлайди, уйида 20 таси еб ëтади. Шунақа бир ажиб одамлар. Ўзбекистондай одамларни босим остига олишни мен ҳеч қаерда кўрмадим. Қаерга борсангиз, озод одамлар. Одам ҳар қанча ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши таниса, шунча озод яшаркан-да. Охири шу хулосага келдим, - дейди Ҳазрат Жўраев.

Ҳазрат Жўраев аҳли илмлардан. Кўп йиллар давомида Эроннинг тоғли қишлоқларида имомлик қилган.

Ўзбекистон - "Ифторлар ҳам анча тежоғлик бўлиб қолди"

Кейин эса навбат Ўзбекистонга келди. Эшитганингиздек, ҳамма тингловчиларимиз Ўзбекистондаги ифторликларни соғинган. Тошкентлик Абдулла ака бугун ифторни уйида қиладиган экан.

- Кафеларда ëки уйда қиламиз.

Озодлик: Жамоат жойларида бирга ифтор қилса бўлаяптими?

- Бемалол, ҳа бўлади. Уже одамлар ҳам ўрганиб қолган. Олдинроқ бориб, заказ бериб, жой банд қилиб улфатлари билан келишаяпти.

Озодлик: Текинга берилаëтган ифторлар ҳам борми?

- Маҳаллаларда бўлади.

Озодлик: Бир-икки йил олдин шунақа ифторлар бўларди-а Тошкентда?

- Бўларди. Яна битта нарса бор. Олдинлари кафеларда “ифторликка марҳамат” деган ëзув бўлар эди. Бу йил ўша нарса йўқ бўлди. Запрет бўлди. “Ифторликка марҳамат” деб ëзиб қўйиш қатъиян ман қилинган.

Озодлик: Мана ҳозир дунëдаги ўзбеклар ифторни қанақа қилаëтганини гапириб берди. Кўпчилиги барибир Ўзбекистондаги ифторликларни соғинишар экан.

- Албатта бизларда турли-туман мевалар, ноз-неъматлар, таомлар, ширинликлар билан тўлдириб қўйилади.

Озодлик: "Ўзбекистонда ифторлик эмас, зиëфатбозлик бўлади" деган танқидлар ҳам бор. Шунақа бўлаяптими ҳозир ҳам?

- Олдингига қараганда одамларнинг илми анча ўсиб қолган. Саккизта одам ўтирибди дейлик. Еганда ортиб қолмайдиган, тўймай қолмайдиган кириб киритилади.

Озодлик: Бугун ифтор уйда экан-да.

- Худо хоҳласа, бугун уйга етиб келдик ишдан.

Озодлик: Бугун ифторга нима бўлаяпти?

- Суюқ овқат ичамиз, саҳарликка қуюқроқ у-бу нарса пиширамиз.

Озодлик: Оғиз неча соат ëпиқ бўлаяпти?

- 15 ярим соатлар бўлаяпти, - дейди Абдулла ака.

Абдулла акага кўра, Тошкентда бўлаётган ифторларда исроф камайиб қолган. Аммо шунда ҳам тартиб ўша-ўша – аввал суюқ, кейин қуюқ, кейин ширинлик, кейин қовун-тарвуз ва ҳоказо.

Туркия - "Туркларда ҳам таом мазаси меҳмон нуфузига боғлиқ"

Ўзбекистонга сиғмаган кўп аҳли илмлар Туркияда яшамоқда. Тошкентдан бир соат орқада бўлган Истанбул шаҳридаги Қодиржон Абдуҳакимга қўнғироқ қилдик. Бу киши бугун ифторни уйида қилишни режалаб турган экан. Туркияда ҳам бу йил шаҳар марказларидаги чодирларда текинга тарқатиладиган ифтор емакларининг кўлами қисқарибди.

- Район, шаҳар, вилоят ҳокимликлари чодир қуриб, инсонларга маълум бир миқдорда ëрдам беришади. Кейинги йилларда бу нарса чекланди. “Унинг ўрнига эҳтиëжи бўлган оилаларга ëрдам берайлик. Шу билан бирга шаҳар атрофида чодир қуришни давом эттирайлик” деяпти.

Озодлик: Асосан қаерларда ифторлик қилаяпсиз?

- Кўпинча уй ифторликларига бораяпман. Кўпинча турк оилаларига бораман.

Озодлик: Қанақа бўлаяпти ифторликлар?

- Мазали. Маржимак (ясмиқ) шўрваси келади, кейин асосий овқат келади.

Озодлик: Одатда орқасидан тотлиси бўлади-а?

- Тотли бўлади. Арзони бўлиши мумкин, қиммати бўлиши мумкин. Меҳмонга қарайди-да. Бой меҳмон бўлса, қиммат тотли бўлади, аксинча бўлса тескариси.

Озодлик: Турклар ҳам бу масалада ўзбеклардан қолишмайди-а?

- Истанбулда яшаш осон эмас. 1500-2000 лира маоши бўлиши керак. Камида 1000 доллар атрофида. Худди ўзбекча. Фақат овқат турлари, таомларни тортиқ қилиш ресторанга ўхшаш. Булар чойни кейин ичади, бизда олдин ичилади.

Озодлик: Бизда аралаштириб ҳам ичилаверади. Мазада ким устароқ?

- Ўзбекистонники яхши. Нони ҳам, тузи ҳам, шакари ҳам яхши, - дейди Қодиржон Абдуҳаким.

Швеция -"Дунёда очлик бор кезда мусулмон таом танламаса яхши"

Мисрдан сўнг Швецияга боғландик ва одатан “Рўза қандоқ тутилади, ифторлик қандай бўлади?” каби ибодатга оид саволларга жавоб олиб юрганимиз Обид қори Назаровдан бу гал “Сизнинг ўзингиз қандай ифторлик қиласиз, қаерларда қиласиз?” деб сўраб кўрдик.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аслида ким қаерда ифторлик қилади - ўзининг ихтиëри. Лекин одамлар мана шу фурсатдан фойдаланиб, яъни "рўза тутган одамнинг озгина савобича савобга эга бўлади ифторлик қилдирган одам" деган ҳадисга биноан инсонлар бир-бирларини ифторликка таклиф қиладилар. Биз бугун бир биродаримиз билан ифторлик қилмоқчимиз.

Озодлик: Меҳмонга айтилгансиз яъни?

- Йўқ, меҳмонга эмас. Биз ўзимиз у инсоннинг зиëратига бориб, бирга ифторлик қилишга ният қилгандик.

Озодлик: Нималар бўлади бугун ифторга?

- Ифторда нималар бўлишини олдиндан айтиш қийин. Оллоҳ насиб этган нарса бўлади. Ифторликда оддий, енгилроқ таом билан кифояланган яхши, деб биламиз. Аммо ҳар кимда ҳар хил қоида. Мен эшитаяпман баъзи биродарлар ифтор пайтида кўпроқ овқатланишар экан ва шу билан саҳарлик ҳам қилишмас экан. Лекин яхшиси саҳарликда албатта туриш керак. Саҳарлик суннат. Унда барака бор. Оғиз очилгандан кейин хурмо, сув билан, шом намозига борилади. Келгандан кейин суюқ овқат истеъмол қилинади. Шу билан таровеҳ намозининг вақти келади. Таровеҳни тугатиш биланоқ бизда саҳарлик бошланади ва саҳарликни қилиб бомдод намозига чиқамиз.

Озодлик: Оралиғи неча соат?

- Ҳозир саҳарлик 2.35 да тугатилади. Ифторлик 10 минути кам 9 да. Мана шунинг орасида шом, хуфтон, бомдод, таровеҳ бўлади. Лекин бизда, алҳамдулиллоҳ, ҳаво унақа иссиқ эмас. Биз ўзимиз ҳам янги келган пайтимизда бироз хавотир қилдик болалардан. Лекин, алҳамдулиллоҳ, болалар ҳам ҳеч қийналганини кўрмадик, - дейди Обидхон қори Назаров.

Обидхон қоридан суҳбат якунида "Сиз ифторлик қандай таомни афзал кўрасиз?", деб сўраган эдик, у киши: "Дунёда қанчадан қанча одамлар очлик азобини бошдан кечираётган бир кезда мусулмон одамнинг таомни танламагани яхши", деб жавоб қилдилар.

Дунёнинг турли нуқталарида ҳоли-қудрат рўза тутаётган, ифторлик қилаётган, ифторлик бераётган ўзбекистонликлар билан Рамазон ойининг 23 кунида қурган суҳбатларимиз шундай бўлди.

Қўлимиз фақатгина океан ортидаги ўзбекларимизга етмади.
XS
SM
MD
LG