Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:47

Америкада фавқулодда ҳолат эълон қилинди


АҚШда “Айрин” тўфони туфайли хавфли ҳудудлардан 2 миллиондан зиёд одам эвакуация қилинаяпти.


АҚШнинг сўнгги ўн беш йиллик тарихида энг катта тўфон ҳисобланаётган "Айрин" довули 27 август куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7.30ларда Шимолий Каролина штати қирғоқларига биринчи зарбаларини берди.

Америка метреологлари маълумотига кўра, кучли ёмғир ва тўлқинларни бошлаб келган "Айрин" тўфони тезлиги 140 км/соатни ташкил қилаяпти.

Кучли довул туфайли электр энергияси узилиши оқибатида Шимолий Каролинада 26 минг одам чироқчиз қолди.

Эртага довул Вашингтон, Ню Йорк ва Бостонга ўтиши айтилмоқда.

Айни пайтда АҚШнинг 65 миллион аҳоли яшайдиган ҳудуди тўфон хавфи остида қолди.

Президент Барак Обама америкаликларни “энг ёмон” вазиятга тайёр туришга чақирди.

- Агар сиз тўфон яқинлашаётган ҳудудлардан бирида яшаётган бўлсангиз, зудлик билан зарурий чораларни кўришингиз шартлигини таъкидлайман. Кутманглар, буни кечиктирманглар. Биз яхшиликка умид қиламиз, аммо ёмонига ҳам тайёр турмоғимиз керак, деди Барак Обама.

Тўфон хавфи туфайли Американинг Шимолий Каролина, Мэрилент, Делавер, Ню Жерси ва Ню Йорк шаҳарларида оммавий эвакуация бошланди.

Ню Йорк мери Майкл Блумберг “Айрин” тўфони яқинлашаётгани боис шаҳарнинг қирғоқ соҳилида яшовчи 250 минг одам хавфсиз жойга кўчирилиши маълум қилди.

- Биз ҳозир ҳеч қачон қилмаган мажбурий эвакуацияни бошлаяпмиз. Агар тўфоннинг жиддий хавфи бўлмаганда бу ҳақда ўйламасдик ҳам. Агар тўфон шарққа бурилиб, бизга хавф солмаса албатта яхши бўларди. Бироқ Она табиатдан бизга меҳрибонлик қилишини кута олмаймиз. Биз энг ёмонига тайёр туриб, энг яхшисига умид қилишимиз керак, деди Ню Йорк мери Майкл Блумберг.

Шанба куни Ню Йоркда метро, автобус ва поездлар ишламаслиги эълон қилинди.

Айни пайтда Американинг турли штатларида минглаб ўзбеклар яшайди. Тўфон хавфи остида қолаётган Ню Йоркда яшовчи Нилуфар исмли ўзбек қизига кўра, одамлар ваҳимада бўлиб, озиқ-овқатларни ғамлаб қўяптилар.

- Бугун кўчага чиқмадим. Кеча кечқурун соат 8 дан кейин дўконга чиққанимда, пештахтада умуман минерал сув қолмаган эди. Нон ҳам йўқ. Одамлар ғамлаб олаяпти. Шам борми, гугурт борми сотиб олишаяпти. Чунки чироқ ўчиб қолиш хавфи бор. Одамлар иложи борича кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаяпти. Чунки Ню Йорк ҳукумати "Энг ёмон вазиятга тайёр бўлинглар, иложи борича жомадонларга нон, сув ва энг зарур нарсаларни тахлаб,тайёр туринглар" деди. Шунга одамлар ваҳимада бу нарсаларни харид қилаяпти, деди Нилуфар.

Айни пайтда Шимолий Каролинанинг соҳилда жойлашган ҳудудларида 200 минг, Ню Жерсида эса 750 минг одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Америка бўйича хавфли ҳудудлардан жами 2 миллиондан зиёд одам эвакуация қилинади.

“Айрин” тўфони ортидан Доминика, Пуэрто-Рико, Ҳаити ва Кубада жиддий талофатлар кузатилди.

Пуэрто Рикода кучли шамол ва ёмғир туфайли электр энергияси узилиши ортидан, 800 минг одам чироқсиз қолди.

Америка авиакомпаниялари 6000дан зиёд халқаро парвозларни бекор қилди.

Суғурта соҳаси мутахасисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, тўфон келтирган зарар 12 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG