Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:58

Қирғизистонда Рамазон ҳайити юзасидан можаро чиқди


Қирғизистон жанубидаги бир гуруҳ мусулмонлар мамлакат муфтийси Чубак ҳожи Жалиловга ишончсизлик билдириш масаласини кўтармоқдалар.
Қирғизистон жанубидаги бир гуруҳ мусулмонлар мамлакат муфтийси Чубак ҳожи Жалиловга ишончсизлик билдириш масаласини кўтармоқдалар.

Қирғизистонлик мусулмонлар Ҳайит санаси муфтият томонидан кеч эълон қилинганидан норози бўлмоқдалар.

Қирғизистон муфтияти 30 августни ҳайит куни сифатида белгиланишини 29 августдан 30 августга ўтар кечаси, ярим тунда эълон қилган.

Бунинг оқибатида минглаб диндорлар 30 август куни эрталаб ҳайит намози ўқилишдан бехабар қолдилар.

Муфтиятнинг рамазон ҳайитини кеч эълон қилиши оқибатида минглаб диндорлар ва ишчи-хизматчилар ҳуқуқларининг бузилгани масаласини Қирғизистон Омбудсмени ўрганадиган бўлди.

Омбудсмен Турсунбек Ақуннинг айтишича, Рамазон ҳайитининг аввалги йиллардагидек бир неча кун олдин эълон қилинмагани сиёсий сабаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Қирғизистон Омбудсменига кўра, агар Рамазон ойи 30 кун деб ҳисобланадиган бўлса, у ҳолда ҳайит 31 август, яъни Қирғизистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланадиган кунга тўғри келиши лозим эди. Аммо муфтият 29 август куни ярим кечаси, деярли барча одамлар ухлаб ётган пайтда ҳайит 30 августда нишонланишини эълон қилган.

- Шунинг учун мен Омбудсмен қатори махсус комиссия тузмоқчиман. Уламолардан иборат бу комиссия муфтиятнинг “Ярим кечаси ҳайитнинг эрталаб нишонланиши тўғрисидаги қарори тўғри бўлганми ёки нотўғри бўлганми?” деган саволга жавоб излайди, - деди Турсунбек Ақун.

Бироқ Қирғизистон муфтияти ҳайит кунининг белгиланиши ва унинг қачон нишонланиши кеч эълон қилинишида сиёсий сабаблар йўқлигини, бу борада фақат шариат қонунларига риоя қилинганини билдирди.

- Рўзанинг бошланиши ҳам, якунланиши ҳам ой чиқишига қараб белгиланади. Биз Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон каби Рамазон ҳайити 31 августда нишонланади, деб аввалдан эълон қилишимиз мумкин эди. Бироқ бу ҳолатда биз шариат қонунларини бузган бўлар эдик. Шунинг учун Қирғизистон муфтияти ойнинг чиқишига қараб ҳайит кунини белгилади, - деди муфтият матбуот котиби Мақсат Мамбеталиев.

Муфтиятнинг бундай қадами оқибатида минглаб диндорлар 30 август куни эрталаб ҳайит намози ўқилишдан бехабар қолганлар. Қирғизистон ҳукумати эса Рамазон ҳайитини дам олиш куни сифатида эълон қилиш қарорини фақат 30 август куни тушга яқин эълон қилди. Натижада ўн минглаб ишчи ва хизматчиларнинг ярим кунлик иш ҳақлари масаласи ҳам савол остида қолмоқда. Шу важдан диндорлар ҳам, 30 август куни эрталаб ишга борган одамлар ҳам ўз ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлмоқдалар.

- Мен эрталаб туриб рўза тутдим. Кейин кўчага чиқсам, баъзи одамлар Ҳайит намозидан қайтиб келишаяпти. Ҳайит эканини билиб, рўзамни очдим. Аммо муфтиятнинг ҳайит кунини олдиндан эълон қилмагани оқибатида йилда бир марта ўқиладиган Рамазон ҳайити намозига бора олмай қолдим, - дейди Замир исмли диндор.

Бишкеклик Қиял Турдуева эса ҳайит куни куннинг тенг ярмини иш жойида ўтказганидан норози:
- Бизга жуда ноқулай бўлди. Эрталаб ишга келдик. Тушга яқин ҳукуматнинг қарори чиқиб, дам олиш куни экани эълон қилинди. Ҳайитни байрам қиламиз, деб кутган эдик. Мана ҳозир уйга кетаяпман, кайфиятим бузилган. Ҳайит байрамини ҳам нишонлай олмайдиган бўлдик, - деди Қиял Турдуева.

1 сентябр куни Ўшдаги “Жамиятда тоза дин учун” жамоатчилик бирлашмаси ҳамраиси Жусуп ҳожи Султонов ўшлик уламолар Қирғизистон муфтийси Чубак ҳожи Жалиловни ҳайит кунини жуда кеч ва нотўғри эълон қилганликда айблаётганларини билдирди. Жусуп ҳожи Султоновнинг айтишича, шу муносабат билан ўшлик уламолар Қирғизистон муфтийсига ишончсизлик билдириш мақсадида имзо тўплаш жараёнини бошламоқчилар.
XS
SM
MD
LG