Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:13

Ўзбекистонлик талабалар пахта теримига чорланди


Йиллар давомида арзон меҳнат кучи бўлиб келган ўзбек ёшлари улкан пахта хирмонини йиғиш учун ўқув даргоҳларидан бир неча ҳафтага пахта даласига йўлланади.

Ўзбекистонда ўқув йили бошланганига бир ҳафта бўлмасдан олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида пахта йиғим-теримига сафарбарлик эълон қилинди.

Бухоро енгил саноат касб-ҳунар коллежи ходимасидан олинган маълумотга қараганда, талабалар 7 сентябр куни соат 9 да коллеж ҳовлисидан пахта даласига жўнатилади.

- Эртага соат 9 да. Ҳамма коллежлар чиқаяпти, институтлар ҳам, - деди Бухоро енгил саноат касб-ҳунар коллежи ходимаси.

Қарши Давлат университети талабалари пахта теримига 8 сентябр куни жўнаб кетади. Талабалардан олинган бу маълумотни университет ректорати тасдиқлади. Ректорат ходимига кўра, талабалар пахтани Нишон туманида теради.

- Пахтага болалар 8 чи числодан чиқиб кетаяпти. Ётоғи билан, - деди ректорат ходими.

6 сентябр куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мавзуга оид баёнот тарқатди.

Жамият вакили Абдураҳмон Ташановга кўра, айни пайтда Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларидаги коллеж ва олийгоҳ талабалари пахта теримига чиқишга ҳозирлик кўрмоқда.

“Эзгулик” вакили талабаларни дала меҳнатига жалб этиш Ўзбекистонда қабул қилинган қонунларга зид эканлигини таъкидлар экан, уларнинг ташкилоти бу ҳолат бўйича Бош прокуратурага хат йўллаганини билдирди.

- Ўзбекистон республикасининг 1992 йилда чиққан “Таълим тўғрисида” ги қонуни бор. Қонунда “ўқув пайтида ўқувдан ташқари ишларга жалб қилиш таъқиқланади”, деб ёзиб қўйилган.Ундан ташқари, “ўқувчилар Ўзбекистон таълим стандартларига мос ҳуқуқ билан кафолатланади”, деган жойи бор. Таълим тўғрисидаги қонуннинг иккита моддаси тўғридан -тўғри бузилаяпти. Шунинг учун Ўзбекистон "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистон Бош прокуратурасини мана шу ҳолатлар бўйича прокурорлик чораларини қўллаб, Ўзбекистон ҳукуматига тушунтиришлар олиб бориб, талабнома киритишни сўрадик, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон қонунларининг ижросини назорат қилувчи прокуратура идоралари пахта теришда арзон меҳнат кучи бўлган талабаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмагани боис, теримга мажбуран юборилаётган талабалар пахтадан қочиш йўлларини ҳозирданоқ ўйлашни бошлаган.

Фарғона политехника институти талабаси Музаффарнинг талаба дўстлари орасида пахта терими бошланиши билан ВКК тиббий рухсатномасига талаб кўпаяди.

- Пахтага чиқмасдан фойдали иш қилиб пул топади. Контрактда ўқийди. Пахтага чиқса, бир сўм ҳам топмайсиз. Пахта териб кунингиз ўтиб кетади. Бунинг учун бекорчи бўлиш керак, - дейди фарғоналик талаба.

Унинг айтишича, пахта териб топилган пул далада еган овқат учун ушлаб қолинади. Шу боисдан аксар талабалар пул топиб тиббий рухсатнома тайёрлашга киришган. Ўтган йили пахтадан қолишга имкон берадиган тиббий рухсатнома нархи 100 минг сўмдан юқори бўлганлигини суҳбатдош талаба билдирди.

Ўзбекистоннинг 3 миллион тоннадан ортиқ “оқ олтин”ини териш учун пахта даласига қувилаётган минглаб талабалар ўқув даргоҳларига ноябрда қайтиши мумкин.

Пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон ҳукумати пахта савдосидан йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда олади.
XS
SM
MD
LG