Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:10

Журналистга флеш карталари қайтарилди


6 сентябр куни тошкентлик мустақил журналист Елена Бондар Тошкент ҳалқаро аэропортининг божхона суриштирув бўлимига чақирилди.

Суриштирув бўлими бошлиғи Ёқуб Мирзараҳимов журналистга текширув учун олинган ахборот ташувчи мосламалари ва СД-дискларини қайтариб берди.

22 август куни Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтган Елена аэропорт ходимлари томонидан бир неча соат ушлаб турилганди. Божхоначилар декларация қилинмагани важи билан журналистдан учта СД-диски, тўртта флеш карта ҳамда иккита видеокассетасини экспертиза учун олгач¸ ўзини қўйиб юборган эди.

Ушбу ахборот ташувчи мосламалар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига экспертиза учун берилганди.

- Менга жуда ғайритабиий усул билан ахборот ташувчи мосламаларимни қайтариб беришди ҳамда оғзаки огоҳлантирув қилишди. Маъмурий жаримага тортилмас эканман. Ҳеч қандай ёзма огоҳлантириш бўлмади, мосламаларни текширган экспертиза хулосасини ҳам кўрсатмади. Бироқ ҳимоячим экспертиза хулосасини сўраганида, суриштирув бўлими бошлиғи ҳеч қандай қонунга зид ахборот топилмаганини айтди. Мирзараҳимов ўта мулозамат билан мен билан суҳбатлашганидан уларга юқоридан шундай буйруқ бўлганини сездим, - деди 6 сентябр куни журналист Елена Бондар.

Ёш журналист Елена Бондар Бишкекда ЕҲҲТ академиясида "Немис тўлқини" академияси томонидан ташкил этилган журналистика курсида икки ярим ой давомида ўқиб, айни пайтда ўз журналистик фаолиятини давом эттириш ниятида.

2 сентябр куни Елена Бондарнинг Ўзбекистонда жиддий таъқибга учраши хавотирлари сабабли бир гуруҳ журналистлар унинг ҳимояси учун Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида намойиш ўтказган.
XS
SM
MD
LG