Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:43

"Хайратон-Мозори Шариф" -- 100 миллион $ фойда


“Ўзбекистон темир йўллари” “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатишдан 100 миллион долларга яқин фойда кўради.

Ўзбекистон темир йўллари компанияси ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги келишувга мувофиқ уч йил давомида ўзбек темирйўлчилари “Хайратон-Мозори Шариф” темир йўлининг эксплуатацияси ва созлиги учун жавоб беради.

Podrobno.uz сайтига кўра, Ўзбекистон темир йўллари ҳар йили ташилган юк миқдоридан қатъий назар 32 миллион доллар хизмат ҳақи олади. Бундан ташқари юк миқдори бир йилда белигланган 2,2 миллион тоннадан ошадиган бўлса, ҳар 100 минг тонна қўшимча юк учун 275 минг доллардан қўшимча ҳақ олади.

Ўзбекистон ҳукумати темир йўллари компаниясининг “Хайратон – Мозори Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатадиган “Сўғдиёна транс” шўъба корхонасини махсус техника, қурилмалар, хом ашё учун барча бож тўловларидан озод қилган.

XХI асргача Афғонистонда, бор-йўғи, 25 километр темир йўл бўлган бўлса, бугунги кунга келиб унинг узунлиги 75 километрга етди ва бу бир йилда 9 миллион тонна юк ташиш имконини яратади.

Умумий қиймати 165 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳага маблағни Осиё тараққиёт банки ажратди. Қурилиш ишлари 2010 йил январидан ноябригача олиб борилди.

Шу йилнинг 4 августидан Ўзбекистон темир йўллари ва Афғонистон ҳукумати 75 километрлик йўлдан тижорий фойдаланиш учун 3 йиллик шартнома имзолаган эди.

Афғонистон Қурилиш, транспорт ва коммуникация вазирлиги инженери доктор Аҳмадшоҳ Воҳиднинг Озодликка айтишича, бу темир йўлининг қурилиши мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун жуда зарур эди:

- Бу темир йўлни мен афғон-ўзбек дўстлигини бирлаштирувчи йўл деб атаган бўлардим. Албатта бу йўл, келажакда Ўзбекистонни ҳам, Афғонистонни ҳам денгиз портларига олиб чиқишга қўйилган биринчи қадамдир,- дейди Аҳмадшоҳ Воҳид.

Афғон инженерига кўра, мамлакатда ҳали тинчлик тўла барқарор бўлгани йўқ ва шунинг учун ҳам Афғонистон томони йўлнинг хавфсизлигини тўла таъминлашга ҳаракат қилади.

2011 йилнинг 11сентябридаги АҚШнинг Ню Йорк шаҳридаги эгизак биноларга уюштирилган террор хуружларидан сўнг, АҚШ ва НАТО Афғонистондаги толибларга қарши ҳужум бошлаган эди.

1996 йилдан буён ёпиб қўйилган Термиз-Хайратон кўприги 2003 йилнинг 10 ноябрида расман очилган эди.

Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шериклик шартномасини имзолаганидан сўнг, Қаршидаги Хонобод аэропортини АҚШга ижарага берган эди.

Бироқ 2005 йилдаги Андижон воеқаларидан сўнг, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабат совуқлашиб, АҚШ ҳарбийлари Хонободдан ҳайдалди.

2009 йилда Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари яна илиқлашди ва Ўзбекистон НАТО ноҳарбий юкларини ўз ҳудуди орқали ўтказишга рухсат берди.

2009 йилнинг март ойида журналистлар билан учрашган президент Каримов Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминоти учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга давлат эканини ҳам таъкидлаганди:

- Яхшилаб бир қаранглар-чи, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмасдан Афғонистонга юк транзитини қандай қилиб амалга ошириш мумкин?- деган эди Ислом Каримов.

Мутахассисларнинг айтишларича, “Хайратон – Мозори Шариф” темир йўли келажакда Шибирғон, Ҳиротдан ўтиб, Эрон ва Покистондаги денгиз портларига олиб чиқувчи трансафғон йўлагининг дастлабки босқичидир.

Осиё тараққиёт банки маблағига қурилган бу темир йўлни Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонни ривожлантиришга Ўзбекистоннинг қўшаётган ҳиссаси сифатида қайд этиб келади.
XS
SM
MD
LG