Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Абдулла Тожибой ўғли ҳибсда ушланди


АҚШдаги террор ҳужумларининг 10 йиллиги муносабати билан пикет ўтказган ҳуқуқ фаоли 8 соат ушлаб турилгач¸ қўйиб юборилди.


11 сентябр куни Тошкентдаги “Жасорат” ёдгорлиги олдида “Биз бутун дунёдаги терроризмни қоралаймиз!” шиори билан пикет ўтказаётган Абдулла Тожибой ўғли Тошкент шаҳрининг Юнусобод туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланди.

Абдулла Тожибой ўғлининг Озодликка айтишига кўра, пикет 2001 йилнинг 11 сентябрида АҚШдаги террор ҳужумларининг ўн йиллиги муносабати билан ўтказилган.

- Дунë бўйича терроризмга, экстремизмга қарши норозилигимни билдириш мақсадида чиққанман.

Озодлик: Бу бир кишилик пикет бўлдими?

- Мен Интернет орқали қилган эълоним бўйича ҳамма расмий, норасмий ташкилотлар, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқаларни таклиф этган эдим. Мен уларни кутишга ҳам улгура олмадим. Соат 11 да боришим билан ички ишлар ходимлари томонидан ўраб олиниб, дарров машинага солиб олиб кетишди.

Озодлик: Неча нафар милиционер бор эди?

- Нариëқларда кўпчилик бор эди. Менинг олдимга келгани 7 киши.

Озодлик: Булар ҳаммаси милиционерларми?

- Булар формасиз Юнусобод ички ишлар бўлими ходимлари, терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари. “Жасорат” майдонида қўлимдаги плакатни олиб қўйишди. У ерда “Ҳар қандай кўринишдаги терроризмга қаршимиз” деган ëзув бор эди. Милиционерлар мени ўраб олишди ва машинага мени зўравонлик билан солишиб, олиб кетишди.

Озодлик: Зўравонлик деяпсиз. Нима қилишди?

- Менга ҳеч қандай айб қўймасдан тўғридан тўғри “Сизни раҳбар чақираяпти” деган мазмунда қўлимдан ушлаб машинага ўтказишди.

Озодлик: Сизга нисбатан куч қўллашдими?

- Қўл билан ушланиб судрагандан кейин бу куч қўллаганга киради. Шарт эмас уриб, суриб, дўппослаб олиб кириш, деди ҳуқуқ фаоли.

Абдулла Тожибой ўғлининг айтишича, уни Юнусобод туман ИИБга олиб бориб, саккиз соат давомида ушлаб туришган ва кейинчалик ҳеч қандай айбловсиз уни қўйиб юборишган.

- Саккиз соатда на овқат истеъмол қилишга, на сув ичишга рухсат берилди. Бир хонада ушлаб ўтиришди. Саккиз соат ўтирдим. Борган заҳоти телефонимни мусодара қилишди. Ҳеч ким билан алоқага чиқа олмадим. Улгурганим “Жасорат” ҳайкали ëнида мени ушлаб кетишаëтганлиги ҳақида хабар бера олдим. Мен “Мени қайси моддага асосан ушлаб ўтирибсизлар?” деганимда, “Раҳбаримиз келганда ҳаммасини тушунтиради” деб баҳона, важлар қилишди. Ваҳоланки ҳеч ким келгани йўқ. Соат 6 да чиқариб юборишди. Ҳеч қанақа айб ҳам қўймади, дейди ҳуқуқ фаоли.

Юнусобод туман ИИБнинг навбатчи ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Абдулла Тожибой ўғли рухсатсиз равишда пикет ўтказмоқчи бўлгани учун ушлангани ва унга нисбатан милиция ходимлари томонидан ҳеч қандай қўполлик қилинмаганини айтди.

Абдулла Тожибой ўғлига кўра, бу сафарги пикети шу пайтгача ўтказган пикетларидан фарқли равишда бўлиб, у Ўзбекистон ҳукуматига қарши қаратилмаган эди.

Ҳуқуқ фаоли терроризмга қаршилигини айтишга ҳам имкон бермаган милиция ходимлари ортида шахсан президент Каримов турганини айтади.

- Жаноб Каримовнинг дунë олдида очилмаган кўп қиррали сирлари очилди. У тўғридан-тўғри экстремизм ва терроризмни қўллаб-қувватлашини яна бир бор исботлади. Шунинг учун мен уни ҳар доим "Террорист N1” деб айтаман. Бунга ҳаққим бор. Чунки Андижонда ҳам 2005 йилда қуролсиз халқни қирган. Бу ҳам терроризмга киради. Шунинг учун меннинг ҳаққим бор ва ҳар доим уни террорчи деб айтаман, дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдулло Тожибой ўғли Тошкентда ўтказилган турли мазмундаги жуда кўплаб пикетлар муаллифи ҳисобланади.

Аксар ҳолларда ёлғиз ўзи пикет ўтказадиган Абдулла Тожибой ўғли президент Каримовнинг Брюсселга ташрифига норозилик тариқасида Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси олдида пикет ўтказиб, Еврокомиссия раисининг президент Каримовни Брюсселда қарши олиши Андижонда отилган айбсиз одамлар хотирасига ҳақорат дея баҳолаган эди.

Ҳуқуқ фаоли жорий йилнинг 4 апрел куни ҳам “Қўйлиқ” бозорида Ҳамза тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушлаб кетилган ва меҳнат мардикорларини ғалаёнга ундаганликда айбланиб, унга энг кам иш ҳақининг 70 баробари (тахминан 3,5 миллион ўзбек сўми) миқдорида жаримага тортилган эди.

Ҳозирда жаримани тўлашдан бош тортаётган ҳуқуқ фаолининг мол-мулки хатлаб кетилган ва бундан ташқари, унинг айтишича, ўғли ҳамда бошқа қариндошларига нисбатан ҳам солиқ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари босим ўтказмоқда.
XS
SM
MD
LG