Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:45

Атамбаев Мирзиёев билан учрашди


Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қилган сафари ижобий натижа бериши мумкин.
Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қилган сафари ижобий натижа бериши мумкин.

Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қилган бир кунлик хизмат сафари якунланди.

Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашган Алмазбек Атамбаевнинг газ, сув, энергетика ва чегара масалаларида музокаралар олиб боргани хабар қилинди.

Қирғизистон ҳукумати тарқатган расмий баёнотда айтилишича, Алмазбек Атамбаев ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан Тошкентдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида учрашган. Қирғиз делегацияси Бош вазирдан ташқари Қирғизистон Энергетика вазири Аскарбек Шадиев ва ҳукуматнинг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сапар Исақовдан иборат бўлган.

Учрашувда асосан газ, энергетика, сув ва чегара масалалари муҳокама қилинган. “Бундан ташқари, тарафлар давлатларо муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини кун тартибига қўйдилар”, дейилади Қирғизистон ҳукумати расмий баёнотида.

Алмазбек Атамбаев учрашувдан сўнг матбуотга: “Биз Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада юқори поғонага кўтарилиши учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга соламиз. Бунинг учун биз иккитомонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун тез-тез учрашиб туришга қарор қилдик”, дея билдирди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев эса учрашувдан сўнг: “Энг асосийси, бизда ўзаро муаммоларни ҳал этишга интилиш ва тушуниш мавжуд”, деб эътироф этди.

Сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев фикрича, икки мамлакат бош вазирларининг мазкур баёнотлари самимий эканига ишонса бўлади.

- Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларимизни илиқ ҳам, совуқ ҳам деб бўлмайди. Муносабатларнинг қандай бўлиши Ўзбекистон раҳбарияти билан тил топиша олишга боғлиқ. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида газ ва сув билан боғлиқ иккита катта масала бор. Атамбаев мана шу иккита муаммони ҳал этишга ҳаракат қилди, - деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Учрашувда қирғизистонлик ўзбеклар муаммолари, уларнинг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани ва қирғиз-ўзбек миллатлари ўртасидаги ўзаро ишончни қайта тиклаш масалаларини Ўзбекистон томони ҳам, Қирғизистон томони ҳам кўтармаган.

Сиёсатшунослар фикрича, Алмазбек Атамбаев Тошкентга мазкур муаммоларни ҳал этишдан кўра кўпроқ президентлик сайлови арафасида қирғизистонлик ўзбеклар диққатини ўз номзодига қаратиш мақсадини кўзлаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, сиёсатшунос Марс Сариев Атамбаевнинг Тошкентга қилган сафари иқтисодий жабҳада ижобий натижалар бериши мумкинлигини айтади:

- Алмазбек Атамбаевнинг Тошкент сафари ижобий натижалар билан якунланганига ишониш мумкин. Чунки президентлик сайлови арафасида президентликка номзод бўлган Алмазбек Атамбаев бу борада ижобий натижалар бўлишига ишонч ҳосил қилмаса, Тошкентга бормас эди, - дейди Марс Сариев.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазири билан музокаралар муваффақиятли якунланганини умумий ифодалар билан билдираётган Қирғизистон ҳукумати учрашув чоғида қандай натижаларга эришилгани тўғрисидаги конкрет маълумотни ёйинлашдан тийилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2010 йилда Ўзбекистон-Қирғизистон иқтисодий ҳамкорлиги кўрсаткичи икки баробарга пастлаб кетган. 2010 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 135 миллион долларни ташкил этган. 2011 йилнинг 8 ойида эса бу кўрсаткич 88 миллион долларга етган. Мутахассисларга кўра, бу 2009 йилга нисбатан бир неча баробар паст кўрсаткичдир.
XS
SM
MD
LG