Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:59

Ўзбек қочқини иши билан "Мемориал" шуғулланади


Раҳим Собиров ўғли Довудхон билан.
Раҳим Собиров ўғли Довудхон билан.

Қозоғистондан Россияга¸ сўнгра Эстонияга қочиб ўтган Раҳим Собиров ҳозирда Ленинграднинг Сланци шаҳри тергов изоляторида сақланмоқда.

Сланци шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Владимир Седов Озодлик мухбири билан телефон суҳбатида Эстония ҳукумати томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган ўзбекистонлик Раҳим Собировнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритди.

- Собиров Раҳим Султонович қизиқтиряптими сизни? Собировга нисбатан ҳибсда сақлаш муддатини узайтириш ҳақида суд маҳкамаси бўлиб ўтмоқда. Бу муддат бугун соат 15:00 якунланади, у бизнинг изолятордан Сланцево шаҳар судига олиб кетилди. Унинг кейин қаерга олиб кетилиши ҳақида менда маълумот ҳозирча йўқ, лекин менимча уни чегарачилар изоляторига олиб кетишади, чунки бу ишни ФСБга қарашли чегара қўшинлари терговчилари кўриб чиқмоқда, деди шаҳар прокурори Владимир Седов.

Сланци шаҳар суди расмийлари Раҳим Собиров иши юзасидан чиқарилган қарорга оид маълумот беришдан бош тортди.

Озодлик билан суҳбатлашишни истамаган Собировга давлат томонидан тайинланган ҳимоячи Наталья Туригина ўз мижози яқинларига журналистлар ва бошқа адвокатлар билан алоқа қилмаслик тавсия қилинганини билдирди.

Аниқланишича, давлат тайинлаганига қарамай¸ Туригина Собировнинг яқинларидан катта миқдорда пул талаб қилган. “У ҳатто укамнинг чўнтагидаги мобил телефони ва 500 евро пулни дастхат қўйиб олиб кетган”, дейди Раҳимнинг катта опаси Ризвонгул.

- Ман оддий сотувчиман, бозорда ишлайман. Кеча кечқурун телефон қилиб, “Мен Раҳимнинг адвокатиман. Ташлаб қўйсам ўзимни ишимни қилиб-қилмаслигим мумкин. Лекин уни 15 минг рубл - российский пулда 500 доллар- берасан”, дейди. Биз ҳам пул топишга келган одам бўлсак, мен ҳам учта боламни ташлаб бир тийинга зорлигимиз учун келамиз, тўғрими? “Мен енгиллаштириб беришим мумкин, бўлмасам чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун 50 минг рубл штраф, 2 йиллик срок беради”, дейди. “Йўқ, срок бермагин десанг, 50 минг берасан, штрафга тўлаб чиқариб бераман”, дейди. У менга шундай деб угрожать қилди-да. И то менга 15 минг алоҳида, штрафига алоҳида 50 минг берасан”, дейди, дея гапиради Ленинград вилоятидаги изоляторларидан бирида ўтирган қочқин Раҳим Собировнинг опаси Ризвонгул.

Ўзбек махфий хизматлари таъқибидан қочиб Россия ва Эстония орасидаги кенглиги 300 метрлик Нарва дарёсининг совуқ сувларидан Эстония томонга сузиб ўтган Раҳим Собиров иши билан Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мутахассислари қизиқиб қолди.

Мемориал қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари, Россия Президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти тизимларини ривожлантириш бўйича кўмак Кенгаши аъзоси Светлана Ганнушкина Раҳим Собировнинг адвокати “қора адвокатлар”, деб номланмиш ҳимоячилар тоифасидан эканини айтади.

- Тезда бунинг олдини олиш зарур. Бундай одамлар мутлақо адвокатлик билан шуғулланишга ҳаққи йўқ. Бу ўша ерда тайинланган адвокатлардан бири бўлса керак. Уларни “қора адвокатлар”, деб ҳам аташади. Улар шунчаки пул талаб қилиб, зарур пайтда сотиб “душман” тарафига ўтиб кетиши ҳам мумкин. Биз бу товламачилик юзасидан Россия Адвокатлар коллегияси раҳбари Генри Резникка хабар берамиз. Раҳим Собиров Россия ўзбекларни Тошкент ҳукуматига топшираётганидан қўрқиб Эстония чегарасини кесиб ўтган бўлса керак, дейди Светлана Ганнушкина.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, Раҳим Собиров биринчи навбатда қочқинлик мақомини сўраб изолятор маъмуриятига ариза топшириши¸ сўнгра эса Федерал Миграция хизмати вакили билан учрашув талаб қилиши зарур.

Раҳим Собиров шу ой бошида Европа Иттифоқи ҳудудидан бошпана олиш учун Нарва дарёсини кесиб Эстония ҳудудига ўтиши билан эстон чегарачилари тарафидан қўлга олинган эди.

Эстония полицияси матбуот вакили Марит Лийкнинг Озодликка айтишича, Раҳим Собиров чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жаримага тортилиб, 17 сентябр куни Россияга қайтариб юборилган.

30 яшар Раҳим Собиров Ўзбекистондаги диний таъқиблар боис¸ 2009 йилда Қозоғистонга қочиб ўтган. Бир йил ўтиб Қозоғистон фуқароси Мўлдир Мўлдахоновага уйланган. Ҳозир Мўлдахонова тўққиз ойлик фарзанди билан Довудхон билан Қозоғистонда қолган.
XS
SM
MD
LG