Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ҳуқуқ фаоллари ўзбекларни Вашингтон пикетига чорламоқда


Халқаро ҳуқуқ фаоллари Ғарб сиëсатчиларидан Ўзбекистон расмийлари билан учрашувларда мамлакатдаги инсон ҳақлари¸ жумладан мажбурий болалар меҳнати муаммосини муҳокама қилишни сўрамоқдалар.
Халқаро ҳуқуқ фаоллари Ғарб сиëсатчиларидан Ўзбекистон расмийлари билан учрашувларда мамлакатдаги инсон ҳақлари¸ жумладан мажбурий болалар меҳнати муаммосини муҳокама қилишни сўрамоқдалар.

Норозилик тадбири Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев сафари муносабати билан уюштирилмоқда.

28 сентябр куни Вашингтонда бўладиган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари¸ мамлакат Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниевнинг қатнашиши кутилмоқда.

Худди шу куни АҚШдаги ҳуқуқ фаоллари Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкиллаштириладиган учрашувни пикет қилишни режалаганлар. Пикетнинг "Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши бас қилинсин!" деган шиор остида ўтказилиши кутилмоқда.

Тадбир олдидан унинг асосий ташкилотчиси АҚШ даги Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми Америкада яшаëтган ўзбекистонликлар¸ қолаверса кенг жамоатчиликни 28 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан 13:00 га қадар Вашингтондаги W Hotel олдида (515 15th St. NW - F St. Between 14th and 15th St. NW ) ўтказиладиган бу тадбирга қўшилишга даъват қилмоқда.

"Ўзбекистон исон ҳуқуқлари оммавий тарзда бузилаётган ҳамда болалар, талабалар ва фуқароларни пахта далаларида мажбурий меҳнатга жалб қилувчи давлат сифатидаги ўта хунук шуҳратга эга. Ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати бутун мамлакатдаги мактаблардан икки миллионга яқин болаларни пахта далаларига сафарбар қилиб, уларни пахта теришга мажбурлайди"¸ дейилади пикетга қўшилишга даъват қилувчи баëнотда жумладан.

- Пикетдан мақсад – Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга риоя этишга, Америка-Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси аъзоларини эса вазиятни яхшилаш ва Америкадан келаётган сармоялардан Ўзбекистондаги репрессив аппаратни кучайтириш йўлида фойдаланишга йўл қўймаслик учун ўз таъсирини ўтказишга чақиришдир¸ дейди Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми ташкилоти раҳбари¸ мазкур тадбир ташаббусчиларидан бири Умида Ниёзова.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳар йили Ўзбекистон мактабларидан икки миллионга яқин бола пахта далаларига сафарбар қилиниб, пахта теришга мажбурланади.

Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан воз кечишга мажбурлаш мақсадида 60 дан ошиқ таниқли Ғарб ширкати болалар меҳнати эвазига терилаëтган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечди.

- Америка -Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси АҚШдаги бир қатор бизнес корпорацияларни ташкил этади. Аммо унинг аъзолари афтидан, автомобил ишлаб чиқариш бўйича General Motors – Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси ишчилари ҳам пахта далаларига мажбурий сафарбар қилинишини билмайди.

Бундан ташқари¸ Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва диндорларга нисбатан қатағон амалиёти мавжуд. Потенциал инвесторлар эътиборини мана шу жиҳатларга қаратишимиз керак, дейди Ниёзова.

Вашингтон пикети ташаббусчилари унга қўшилмоқчи бўлганларни махсус сайтга кириб рўйхатдан ўтишга рағбатлантирмоқда.

Айнан Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми 8-15 сентябр кунлари бўлиб ўтган Ню Йорк Мода ҳафталигида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли Guli брэнди либослари томошасининг кўрсатилишига қарши қатор норозилик тадбирлари уюштирган эди.

Мазкур пикетлар ва АҚШ матбуотидаги кескин чиқишлар босими остида қолган Мода ҳафталиги ташкилотчилари Гулнора Каримова томошасини бекор қилган ва бу шоу Манҳэттендаги хусусий ресторанда¸ яна норозилик пикети қуршовида¸ ими-жимида ўтказилган эди.

Бу пикетларда ҳам асосан Ўзбекистонда болаларнинг ўқиб¸ билим олиш ўрнига Каримовлар қўлида бўлган давлат томонидан қулларча меҳнатга мажбурланаëтганига қарши норозилик билдирилган эди.
XS
SM
MD
LG