Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:29

Фуад Рустамхўжаев ўлими билан боғлиқ икки версия кўриб чиқилмоқда


Терговчилар Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирлишига унинг сиёсий ёки тадбиркорлик фаолияти сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.
Терговчилар Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирлишига унинг сиёсий ёки тадбиркорлик фаолияти сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.

Терговчилар Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилишига унинг сиёсий ёки тадбиркорлик фаолияти сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.


Ўзбекистонлик тадбиркор, сиёсий муxолифат фаоли ва маҳаллий масжидда имомлик қилган Фуад Рустамхўжаев 24 сентябр куни кеч соат 11 ларда Ивановодаги уйи олдида отиб кетилган эди.

Акасини дафн этгани Қозондан Ивановога келган Баҳодир Рустамхўжаев Озодлик билан суҳбатда қотиллик ортидаги сабалар ҳақида аниқ фикр айтишдан тийилди, лекин Ф. Рустамхўжаевнинг ўз сиёсий қарашларини очиқ билдириш одати бўлганини таъкидлади.

- Мен охирги пайтларда Қозонда истиқомат қилар эдим. Иваново шаҳрига келиб тураману, лекин фирмаси борлигини биламан. Конфликт ёки маҳаллий келишмовчилик тўғрисида акамга қарши бўлганлар ҳақида акам мен билан ҳеч гаплашмаган. Менга шунақа таҳдид бўляпти ё бошқа, деб ҳеч гапирмаган. Ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди, биласизми... Акам бизда бўлаётган ноҳақликлар ва ҳоказолар ҳақида ўз фикрини айта олган. Россиядаги хоҳлаган гастарбайтердан ҳам сўрасангиз, ўша ҳам (Ўзбекистондаги аҳволдан) норози. Шу ерларга келиб, мусофир бўлиб юрадими?! Кимдир ичида сақлайди, кимдир бу нарсани ташқарига чиқаради. Акам шу масалада очиқ фикр билдира олган.

Расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, қотиллар таксида Ф. Рустамхўжаевнинг уйи олдигача келган ва у билан ўзбек тилида қаттиқ-қаттиқ сўзлашишган. Сўнгра эса у ердан отишма овозлари эшитилган. Баҳодир бу ҳақджа ўзи билганларини ҳам гапириб берди.

- Энди бу ерда версиялар жуда кўп бўляпти. Биз ҳам марҳумнинг яқинлари бўлганимиз учун бевосита қатнашиб турибмиз: сўроқ саволга чақиришяпти, “Ёрдам беринглар, учи чиқиб қолса ҳам далда бўлади”, дейишяпти. Бу нарсани шу қўшнилардан бири айтган, биз кўрганимиз йўқ. Ўша аёл гувоҳлигича, қора таксида келган, қора кепкали, бўйлари узун, “нерусской внешности”, яъни рус бўлмаган. У “Улар ўзбек тилида гаплашди”, демаган, “Рус тилида гаплашмади улар”, деган. Овозлар бири бирига кўтарилган ва 6-7 марта узлуксиз ўқ овози эшитилган... Мен акамни ўзим ювдим, танасидаги жароҳатларни кўрдим, жуда ҳам вахшиёна ўлдирилган,- дейди Озодлик билан суҳбатлашган Баҳодир Рустамхўжаев.

24 сентябр куни рўй берган ҳодисани тафтиш этаётган терговчилар бир неча версияни кўриб чиқмоқда. Ўзини Денис, деб таништирган терговчи Озодликка тергов биринчи навбатда марҳумнинг тадбиркорлик ва сиёсий фаолияти билан боғлиқ версияларни кўриб чиқаётганини маълум қилди.

- Унинг яқинлари ва танишлари у бизнесдан катта даромад олмаган, дейишяпти. Бизнесини ҳақиқатан жуда катта деб бўлмайди, ундан каттароқ даромад олаётганлар минглаб. Қизиғи, бу бизнес билан у яқинда шуғулланишни бошлаган. Айтмоқчиманки, бизнеси уни ўлдиришга етарли бўлган катта миқдорда даромад келтирмаган, жиддий рақобатчилари ҳам бўлмаган. Нима бўлганда ҳам тергов якунланишидан олдин биз фақат тахмин қилишимиз мумкин, холос,- деди терговчи Денис.

Маълум бўлишича, Фуад Рустамхўжаев нафақат Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини таъсис этиш ва ҳаракатнинг тадбирларида фаол иштирок этиш билан, балки Ивановодаги ўзбеклар диаспорасида юзага келаётган масалаларни ҳал этишда иштирок этиб келган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Фуад Рустамхўжаев ҳаракатнинг Германияда ўтган илк қурултойидаёқ Ўзбекистон ҳукумати номига кескин танқидий чиқиш қилгани ва қотиллик ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганини иддао қилди.

Терговчилар Фуад Рустамхўжаевнинг ўлими унинг диний фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

Россияда охирги бир неча йил давомида бир нечта мусулмон жамоалари раҳбарлари ўлдириб кетилган.

Ўтган йилнинг 10 октябрида уйига кетаётганида номаълум шахслар томонидан ўз машинасида отиб кетилган Янги Уренгой масжиди имоми Исомуддин Акбаров шулар жумласидандир. Асли Наманган вилоятининг Уйчи тумани Машҳад қишлоғидан бўлган 51 ёшли Исомуддин Акбаров 90-йиллар ўрталаридан буён Янги Уренгой масжидида имомлик қилиб келган.

Исомуддин Акбаров қотиллари ҳам ҳанузгача аниқланмади.
XS
SM
MD
LG