Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:57

Москвада Қуръон ҳофизлари танлови ўтказилди


Москва XII Халқаро Қуръон ҳофизлари танлови ғолиби фаластинлик Саид Довуд ва Россия Муфтийлар Кенгаши раиси Равил Ғайнуддин.
Москва XII Халқаро Қуръон ҳофизлари танлови ғолиби фаластинлик Саид Довуд ва Россия Муфтийлар Кенгаши раиси Равил Ғайнуддин.

Москвада бўлиб ўтган XII Халқаро Қуръон ҳофизлари танловида фаластинлик Саид Довуд ғолиб деб топилди. 25 сентябр кунги тадбирда ўзбекистонлик ҳофиз ҳам иштирок этди.


Ўтган якшанба куни Москванинг “Космос” меҳмонхонасида анъанавий XII Халқаро Қуръон хофизлари танловида 36 мамлакатдан келган қироат усталари иштирок этди.

Ўтган йилдан бошлаб ЮНЕСКО маданий тадбирлари рўйхатига киритилган бу танловга Абунор Ҳасан Аҳмад (АҚШ), Ёмад Зухайр Ҳофиз (САҚ), Абдуллоҳ Алмухиб Баргут (САҚ), Маҳмуд Латфини (Эрон), Мехмет Акиф Кош (Туркия), Ислом Дашкин (Россия) каби қорилар ҳакамлик қилди. Ҳакамларга Мадинадаги Пайғамбар масжиди имом-хатиби Ёмад Зухаир Ҳофиз раислик қилди.

Тадбир Ислом мавзусида ишланган лазер шоуси билан бошланди.



Европа, Осиё, Африка ва Шимолий Америкадан келган иштирокчилар қаторида танловда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳофизлари ҳам иштирок этди, дейди Озодликка мусобақа ташкилий қўмитаси вакиласи Айшат Апиева.

- Танловда Фаластиндан келган 28 ёшли Саид Довуд ғолиб деб топилди. Айрим маълумотларга кўра, у Қуддусдаги Ал-Ақса масжиди имомларидан бири экан. Бу йил ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, танлов бир номинация – ҳифз бўйича, яъни Китобдан эмас, балки ёддан ўқий олиш қобилияти текширилди. Бу йилги иштирокчилар сони ҳар йилгидан анча кўп бўлди,- дейди Айшат Апина.

Унинг сўзларига кўра, марказий-осиёлик, хусусан ўзбекистонлик иштирокчилар яхши иштирок этганига қарамасдан, танловда юқори поғоналарга кўтарила олмаган.

Қироат усталари орасида фахрли иккинчи ўринни марокашлик 33 ёшли Холид Албузаиди, учинчиликни эса Саудия Арабистонидан келган 30 яшар Ал-Валид Ашшамсан эгаллади. 10 минг долларлик ғолиблик жамғармаси шу уч ўринни эгаллаган ҳофизлар орасида тегишли миқдорда тақсимланди.

Ундан ташқари, Москва Халқаро Қуръон ҳофизлари танлови президенти, Россия Муфтийлар Кенгаши раиси Равил Ғайнуддин россиялик иштирокчи Али Ёқубовга ҳаж сафарига бориш руҳсатномасини берди. 13 ёшли петербурглик Эмомраббони Рашидов эса “Ҳалол” марказининг махсус соврини билан тақдирланди.

Москвадаги XII Халқаро Қуръон ҳофизлари танлови ташкилий қўмитаси раҳбарларидан бири, Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари идораси раиси ва Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов бу "ажойиб мусобақа" асосан ислом мамлакатлари моддий ёрдами туфайли амалга ошганини таъкидлади. “Лекин уни ташкиллаштиришда Москва ҳукумати ва бошқа маҳаллий ҳокимият идоралари ҳам катта ёрдам берди”, дейди Озодликка Нафиғулла Аширов.

- Бу Москва ёки Россия Қуръон ҳофизлари танлови халқаро миқёсда танилаётганидан даракдир. Бу тадбирга қўшилиб бораётган россиялик қироат усталари сони йилдан йилга ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида ва ундан кейин жуда оммавий бўлган бу каби мусобақа, афсуски Россияда деярли йўқ бўлиб кетган эди. Энди эса бизда ўзимизнинг қориларимиз борлигидан мамнунмиз, дейди Нафиғулла Аширов.

Россия Муфтийлар Кенгаши раисдоши Қуръон ҳофизлари танлови Россияда авж олиб бораётган миллатчилик ва неофашизмга қарши кураш йўлларидан эканлигини таъкидлаб, бундай "ажойиб қироатни эшитган ҳар қайси инсон юрагида фақат ижобий туйғулар пайдо бўлиши"га ишонишини айтди.

Бухоронинг Мир-Араб мадрасаси битирувчиси Нафиғулла Аширов ўзбек қироат мактабига юқори баҳо берди.

- Кўпчиликка ўзбекистонлик ва тожикистонлик иштирокчиларнинг чиқишлари ёқди. Умуман олганда ўзбек-тожик қироат мактаби жуда катта тарих, ўзига хос услубга эга. Бири-бири билан чамбарчас боғлиқ ўзбек-тожик қироат мактаби дунёда кўплаб ҳофизлар томонидан тан олинган. Бизга таниш ўзбекистонлик Абдурашид қори, Обид қорилар шу мактаб вакилларидир. Афсус, айрим сабабларга кўра Обидхон қори ўз ватанини тарк этган, бу албатта жуда ачинарли ҳол. Шунга қарамасдан, ўзбек-тожик қориларининг Россия қироат санъатига қўшган ҳиссаси улкан,- дейди Нафиғулла Аширов.

У шунингдек, Фаластин ҳукумати БМТ Бош ассамблеясида Фаластиннинг мустақил давлат сифатида тан олинишини сўраб расмий ариза топширган бир пайтда фаластинлик ҳофизнинг бу нуфузли мусобақада ғолиб деб топилиши ортида бирор бир сиёсий асос йўқлигини таъкидлаб шундай деди.

- Ҳайъатнинг бу қарорида қандайдир сиёсий сабаблар бўлганига ишонмайман, чунки биринчи навбатда ҳакамлар нафақат қироат гўзаллиги, балки қатор бошқа қоидалар асосида, жумладан тингловчилар реакцияси ҳам ҳисобга олинди. Лекин шунга қарамасдан, Фаластин халқининг бу ташаббуси ортида ниҳоят Фаластин-Исроил можаросининг якунланиши ётганлигига ишониб қоламиз,- дейди Озодлик билан суҳбатлашган Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов.

Ўтган йилги XI Москва Халқаро Қуръон ҳофизлари мусобақасида ҳакамлар биринчи ўринни эронлик Амин Пуяга берган эди.

Биринчи Бутунроссия қорилар ва ҳофизлар мусобақаси 2000 йилда ўтказилган ва унда асосан Москва мадрасалари талабалари иштирок этган.

2007 йилдан буён Россия Муфтийлар кенгаши қарори билан мусобақа халқаро даражага кўтарилди.

Ўшандан бери Россияда аёллар ўртасида ҳам қироат мусобақалари ўтказиб келинади.
XS
SM
MD
LG