Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Путиннинг Евроосиё Иттифоқи Ўзбекистонга керакми?


Путиннинг навбатдаги иқтидори даврида Каримов унга "думини ушлатмайди", демоқда таҳлилчилар.
Путиннинг навбатдаги иқтидори даврида Каримов унга "думини ушлатмайди", демоқда таҳлилчилар.

“Евроосиё янги интеграцион лойиҳа – бугун туғилаётган келажак”. Россия бош вазири, президентликка номзод Владимир Путин “Известия” газетасида ана шу сарлавҳа остида мақола эълон қилди. Ўтган ойда президентликка даъво қилишини эълон қилгач, Кремлга қайтишига шубҳа қолмаган Путин яқин истиқболдаги ҳукмронлиги амбицияларини собиқ иттифоқ ҳудудида Евроосиё иттифоқини тузиш ғояси билан ифодалади. Ғарбда собиқ иттифоқни бошқача шаклда тиклаш истаги, дея талқин этилаётган бу мақсадни, таҳлилчилар фикрича, амалга ошириш деярли имконсиздир.


“Биз замонавий дунё қутбларидан бирига айланиши мумкин бўлган кучли байналмиллал тузулма моделини таклиф қиляпмиз”, деб ёзди Путин.

Де-факто Россияга қайта президент этиб сайланган Путин Беларус ва Қозоғистон билан тузилган Божхона иттифоқи асосида Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш ғоясини анчадан бери илгари суриб келади ва Ғарб буни собиқ СССРни бошқача шаклда қайта тиклаш уринишлари, дея баҳоламоқда.

Путиннинг ўтган ойда Россия президентлигига ўз номзодини қўйишини эълон қилганидан кейин бу мақолани эълон қилиши мавзуга бўлган эътиборни кучайтирмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган таҳлилчилар Путин мазкур ғояни яна кўтариб чиқиб, бир томондан собиқ совет республикалари, иккинчи томондан Ғарбга “оғайнилар мен қайтяпман” қабилидаги кучли муждани юбормоқда, дейди. Лекин уларнинг фикрича, бундай мақсадни амалга ошириш, ҳатто Путин учун ҳам, ўта мушкул вазифадир.

Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчиси Жон МакЛеод собиқ совет ҳудудида вужудга келган тузилмалар тажрибасидан келиб чиқиб, Путин таклиф қилаётган иттифоқ ҳақиқатан реалликка кўчса, у самаралидан кўра, самарасизроқ бир тузулмага айланишини аввалдан айтса бўлади, дейди.

- Собиқ иттифоқдан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги қолди. Бу ташкилот амал қилаётган бўлса-да, ўта самарасиз бўлиб қолган. Унинг ичида бошқа амалий ташклотлар бор албатта, собиқ республикаларнинг баъзиларини ўз ичига олувчи Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини бунга мисол қилса бўлади. Ундан ташқари аъзолари сони анча камроқ бўлган Божхона иттифоқи бор. Ҳозир Путин таклиф қилаётган ғоя балки амалий, қандайдир иқтисодий ҳамкорлик яратилиши жиҳатидан, собиқ совет мамлакатлари учун фойдали бўлар, лекин бунга ўхшаш иқтисодий ҳамкорликлар, айниқса, Марказий Осиёда қийин кечишини ўтмишдаги тажрибадан биламиз,- дейди лондонлик таҳлилчи.

Боз устига, дея қўшимча қилади МакЛеод, бу ерда деярли ҳал этиб бўлмайдиган бошқа муаммолар ҳам бор. Уларнинг асосийси эса Ўзбекистоннинг ҳар қандай иттифоқ тузилишига қаршилик қилишидир. Президент Ислом Каримов бундай ғояларни аввал ҳам бир неча бор рад этган, дер экан таҳлилчи, Тошкент раҳбарининг Қозоғистон президентининг Марказий Осиё иттифоқини ташкил қилиш таклифини очиқчасига қайтарганини эслайди.

2008 йил апрелида Остонага борган президент Каримов ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан ўтказган матбуот анжуманида, хусусан бундай деган эди.

- Ҳар бир мамлакат бу ташаббус, яъни Марказий Осиё иттифоқини тузиш таклифига минтақанинг у ёки бу мамлакати манфаатларига қанчалик мос келишидан келиб чиқиб ёндашади. Шуни олдиндан айтиб қўмоқчиманки, Ўзбекистон учун бу ташаббус тўғри келмайди. Бу масала хусусида келажакда ҳар ҳил мубоҳасалар бўлмаслиги учун, буни узил-кесил айтиб қўймоқчиман,- деган эди Каримов ўз мезбонининг ташаббусига очиқчасига қарши чиқиб.

Владимир Путин ўз мақоласида Евроосиё Иттифоқи деб аталётган мавҳум тузилмага аъзо бўлиш “мажбурий эмас”, дея ёзгани кўпчилик томонидан аксинча, Путин ҳокимият тепасига қайтгач яна Марказий Осиёда Россия таъсир доирасини кучайтиришга ҳаракат қилади, дея талқин қилинмоқда.

Жон Маклеоднинг фикрича, Россия етакчиси таклиф қилаётган иттифоққа Ўзбекистонни мажбурлаб олиб кириш ҳам осон битадиган иш эмас.

- Қисқа муддатда йўқ, бунинг имкони йўқ. Албатта Россиянинг Ўзбекистонда ўзига яраша нуфузи бор, бунга, хусусан, Россия газ ва нефт ширкатлари ҳисса қўшмоқда. Лекин Ўзбекистонни қандайдир бир ташкилотга мажбуран тортиб кириш самарасиз иш эканини ўзбекларнинг МДҲ доирасидаги кўплаб лойиҳалар, хавфсизлик ва иқтисод соҳасидаги ҳамкорликдан бош тортаётгани мисолида кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни давлатлар экспорт ва импортига ҳалақит бериб, юклар транзитини тўсиб қўяётгани ҳам бу мамлакат билан ишлаш осон эмаслигини кўрсатади,- дейди Уруш ва тинчликни ёритиш институти таҳлилчиси Жон Маклеод.

Баъзи кузатувчилар Москва Тошкентга таъсир этиш воситаларидан бири сифатида, Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек мардикорлар масаласини кўтариши мумкинлигини айтади. Россияда баъзи ҳисоб-китобларга кўра, беш миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қилади. Улар Ўзбекистонга қайтариладиган бўлса, бу жиддий ижтимоий портлашга олиб келиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, меҳнат муҳожирлари масаласи Москва учун кузир карта бўла олмайди.

- Ўзбекистон яхши биладики, ишчи мигрантлари Россиянинг ўзининг эҳтиëжларига, ўзининг манфаатларига тўғри келади. Ўйлайманки, Россия ишчи мигрантларни ҳайдаш билан Ўзбекистонни қўрқита олмаса керак. Чунки мана шу ричагни, мана шу имкониятни ишга солиш икки томонлама муносабатларни ҳаддан ташқари салбийлаштириб юборади. Россиянинг бошқа бир таъсир қилиш имкониятлари анча чекланган.
XS
SM
MD
LG