Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

“Тошкент ишга таклиф қилади”


Россия ва бошқа ўлкаларда мардикорлик қилаётган ўзбеклар миллионларни ташкил қилади. Улар орасида олий маълумотли мутахассислар жуда кўп.
Россия ва бошқа ўлкаларда мардикорлик қилаётган ўзбеклар миллионларни ташкил қилади. Улар орасида олий маълумотли мутахассислар жуда кўп.

Ана шу ном билан 14 октябр куни Тошкентда ўтказиладиган бўш иш ўринлари ярмаркасида пойтахтдаги 20 дан ортиқ катта корхона ва ташкилотларнинг қатнашиши кутилмоқда.


Ярмарка ташкилотчиларидан бири, Superjob.uz интернет порталининг ўзини Артём деб таништирган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бундан аввал ўтказилган икки ярмаркада Тошкентдаги юздан ортиқ ташкилотлар бўш иш ўринлари билан иштирок этган ва жуда кўп одамлар иш билан таъминланган, дея таъкидлади.

Superjob.uz интернет порталида ҳозирча Тошкентдаги 26 та маҳаллий ва қўшма корхоналар ярмаркада иштирок этиш истагини билдиргани айтилган.

Озодлик бу корхоналарнинг баъзиларига қўнғироқ қилиб бўш иш ўринлари ва иш ҳақлари билан қизиқди.

Истеъмол моллари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган "Dicom SERVIS" масъулияти чекланган жамиятнинг Артур исмли ходимига кўра, улар ярмаркада савдо вакили, истеъмол моллари сотувчиси каби бўш иш ўринлари билан қатнашишни режалаган:

- Савдо вакили бизда ўртача 400 минг сўмдан 700 минг сўмгача, ишига қараб маош олиши мумкин,- дейди Артур.

Артур ҳозирча ўзи ишлайдиган корхонада фақат тўртта бўш иш ўрни борлигини қўшимча қилди.

"AGROMIR GROUP" уюшмасининг кадрлар билан ишлаш бошқармаси раҳбари Руҳина Ғайбулина айни пайтда корхона ярмаркага таклиф эта оладиган бўш иш ўринлари йўқлигини айтади. Унга кўра, агар 14 октябргача иш ўринлари бўшаб қолса, бу ҳақда эълон қилинади.

Асосан шарбат ишлаб чиқарадиган бу уюшмага ишга кирмоқчи бўлган одамга қанча маош таклиф қилинади, деган саволга "AGROMIR GROUP" вакили, "бу компания сири", деб жавоб берди:

- Агар ярмаркада сўрашса ҳам бу саволга мен жавоб бермайман. Биз иш ҳақи бозорини доим ўрганиб борамиз ва ўртача маош даражасини ушлаб туришга ҳаракат қиламиз,- дейди Руҳина Ғайбулина.

“Texnoprosistem” масъулияти чекланган жамияти вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда бўш иш ўринлари уларнинг сайтида эълон қилингани, иш ҳақи эса бўш иш жойига даъвогар билан юзма-юз суҳбатда айтилишини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам асосан иш ўринлари савдо билан шуғулланувчи мутахассисларга эҳтиёжи борлигини айтдилар.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган, 53 ёшли Адҳам Жўраевнинг айтишича, у ҳам тез-тез бундай ярмаркаларга бориб туради, интернет орқали ишга таклифларни кузатади. Аҳолининг асосий қисми талаб қиладиган ишларни бу ярмаркалардан топиб бўлмайди, дейди у:

- Ярмаркаларда ҳам, Интернетда ҳам гоҳида кўраманда вакансияларни. Шунинг ичида қараб чиққанимни таҳлил қиладиган бўлсам, асосан бу ярмаркага қанақадир одамлар талаб қиладиган ишлар тўғрисида деярли кўп эмас, эълонлар. Шунинг учун бу ярамарка бўладиган бўлса, менинг ўзимнинг фикрим бўладиган бўлса, кўпинча яна олди-сотдилар бўладию, как представител торговля дейдида. Қўлингизга товар берадими, ўшани айланиб сотиб юриш учунми корхоналарга борасизми, бошқами шунақалар бўлади. Тўғрисини айтганда мен ҳақиқий рабочий специалностлар, мисол учун токарлар, слесарлар, сваршиклар дейдиганлари, шунақаларнинг чақириғига эълонлар кам жуда,- дейди тошкентлик Адҳам Жўраев.

Ишсизлик Ўзбекистондаги асосий ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Собиқ иттифоқ пайтида ишлаб турган катта корхоналарнинг аксарияти бугун тўхтаб қолганлиги ёки кам қувват билан ишлаётгани айтилади.

Ҳукумат ҳар йили миллионлаб иш жойлари ташкил қилинаётгани ва мамлакатда ишсизли ярим фоиздан камроқ эканини айтиб келса-да, бу ўз касби бўйича иш тополмай ёки маошнинг жуда озлиги сабаб бугун миллионлаб ўзбекистонликлар хорижда мардикорлик қилади. Уларнинг асосий қисми МДҲнинг Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларида ишлайдилар.
XS
SM
MD
LG