Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:18

Бирдамлик "ОШ"ига ҳеч ким келмади


Бирдамлик ҳаракати режалаган “ОШ” (Оммавий шикоят) тадбирига ҳеч ким келмади. Лекин ҳаракат аъзолари тадбир амалга ошишига ҳали ҳам умидвор.


Ҳаракат раҳбари Баҳодир Чориев тадбирда 5 мингдан 50 минггача одам қатнашиши, улар Тошкент шаҳридаги “Олой” бозоридан Ўзбекистон Олий суди биноси томон юриш қилишини кутаётган эди.

12 октябр куни ўтказилиши айтилган “тадбирга Дилором Исҳоқовадан бошқа ҳеч ким келмади”,- деди Бирдамлик вакили Малоҳат Эшонқулова.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари алянси фаоллари ҳам тадбирга қўшилмоқчи эди.

- Алянсимиз аъзолари ҳам бу тадбирга қўшилиш учун Олой бозори томон кетишган эди, лекин улар ҳеч кимни у ерда кўришмаган. Ҳеч ким келмаганидан сўнг кетиворишган,- дейди Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Бирдамлик Ўзбекистонда фуқароларнинг шикоятлари амалдорлар тарафидан эътиборга олинмасдан келаётгани боис, мамлакат бўйлаб уч кунлик “Оммавий шикоят” тадбирини ўтказишни режалаётган эди.

Ҳаракат аъзоларидан бири Дилором Исҳоқовага кўра, аҳоли орасида қўрқув ҳали ҳам кучли ва улар адолат қарор топишига ишонмай қўйишган.

- Одамлар суд тизимларига ишонишмайди. Жуда кўп одамларга бугунги тадбир ҳақида билдирганмиз. Лекин улар қўрқишади ва биз уларнинг ҳолатини тушунамиз ,- дейди Дилором Исҳоқова.

Бирдамлик фаоллари "ОШ" деб номланган тадбирларни Ўзбекистон пойтахти ва барча вилоят ва туманларида ўтказишни режалаштираётганларини айтишган эди.

Вилоятлардан ҳам ҳозирча хабар йўқ. Бирдамлик фаолларидан бири Абдулла Тожибой эса бугун уйидан ташқарига чиқа олмаганини айтади.

- Ҳозир мен деярли уй қамоғида қолганман, ташқарида нима бўлаётгани ҳақда хабарим йўқ,- дейди Бирдамлик фаоли.

Абдулла Тожибой ташкилотнинг чет элдаги раҳбарлари вазиятга тўғри баҳо бериб, ундан кейин тегишли баёнот беришса, ҳам мамлакат ичкариси, ҳам ташқарисида ҳурматга сазовор бўлишар эди, дея қўшимча қилди.

- Менимча ташқарида қилинган баёнотлар ҳали Ўзбекистон ичидаги вазиятни ўрганмай туриб шошма-шошарлик билан қилинган баёнот бўлиши мумкин,- дейди Абдулла Тожибой.

Бирдамлик фаоллари эса тадбирга оид режалар амалга кўчишига ҳали ҳам умидвор.

- Ҳали уч кун бор, одамлар тадбиримизда қатшашишига умид қиляпмиз,- дейди Малоҳат Эшонқулова.
XS
SM
MD
LG