Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:47

Қозоғистонда бемалол гапирасиз


Ўзбекистон ташқарисида оғир бўлса-да, иш бор, бунинг устига бемалол фикр билдириш мумкин, дейди тингловчимиз.
Ўзбекистон ташқарисида оғир бўлса-да, иш бор, бунинг устига бемалол фикр билдириш мумкин, дейди тингловчимиз.

“Эркин микрофон”га 14 октябр куни мурожаат қилганлар орасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил қилди.


“Қозоғистонда Ўзбекистонга қараганда эркинлик кўпроқ”


Одам ташқарилар экан, етиб боргани мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий шароитни Ўзбекистондаги шароитга беихтиёр қиёслайди.

Эшиттиришимизга скайп орқали мурожаат қилган тингловчиларимиздан бири меҳнат муҳожири. Шу кунда Қозоғистонда.

Синчков тингловчимиз Қозоғистондаги вазиятни ўзича таҳлил қилганини, ўз кузатишларини Эркин микрофон билан ўртоқлашиш нияти борлигини айтди.

Унинг айтишича, Қозоғистонда Ўзбекистонга қараганда эркинлик кўпроқ.

- Ўзбекистондан кўра анча яхшида энди яшаш.

Озодлик: Сиз қаердан телефон қилаяпсиз? Қозоғистонданми?

- Ҳа.

Озодлик: Нимада акс этади яхши яшаш?

- Эркинлик кўпроқ Ўзбекистонга қараганда.

Озодлик: Масалан Қозоғистонда нимани эркин қила оласиз шуни Ўзбекистонда қила олмайсиз?

- Қозоғистонда бемалол гапирасиз.

Озодлик: Ўзбекистонда мумкинмасми бемалол гапириш?

- Йўқ, мумкин эмас. Қамаласизку. Ҳа, қамаласиз. 100 фоиз бу.

Озодлик: Гапиргани учун қамалганини эшитганмисиз?

- Ҳа, нечтаси қамаляпти. Хайрулла Ҳамидов нима учун қамалди?

Озодлик: Нима учун қамалди?

- Менинг ўйлашимча, эркинлик, ўзининг хоҳиш гапига қамалдида шу йигит ҳам.

Озодлик: Агар Хайрулла Ҳамидов Қозоғистонда бўлганда қамалмаган бўларди.

- 100 фоиз эмас 80 фоиз қамалмас эди.

Озодлик: Қозоғистонда нима қиласиз?

- Оддий ишчиман, дейди Қозоғистондаги суҳбатдошимиз.

“Кореядаман, ёрдам беринглар”


“Мен Кореяда ишлайман. Келганимга 1 йил бўлди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларимдан фойдаланаман, деб муҳожирларга ёрдам бериш марказлари билан гаплашдим лекин улар фақатгина «биз таржима килиб бера оламиз» дейишмоқда.

Бир йилдан буён битта корхонада ишладим. Бир йил мобайнида баданим қора-оқ доғлар – аллергия - пайдо бўлди.

Корхонадаги шароит тўғри келмаганлиги сабабли бошқа ишга ўтмоқчи бўлдим, лекин рухсат берилмаяпти.

Сизлардан илтимос, алоқага чиқинглар”.

“Эркин микрофон” почтасига келиб тушган бу хатни ўқигач, Жанубий Кореяга скайп орқали чиқдик.

Хат муаллифи мана буларни айтиб берди.

- 2010 йил 5 октябр куни Чинжу деган шаҳарга авто-мотолар шинасини ишлаб чиқарадиган заводга келдим. Шароитлар билан таништиришди. Шартномага қўл қўйдик. Шартнома карисча ва ўзбекча бўлган. Олтита бола келган бўлсак, 3 йил ëзилибди деб ўйладик. Учебний центрда бизга “ҳар қандай жойга борганда камида бир йил ишлаб бериш шарт” деб айтишган эди. Ўзбекчасини ўқисак, биринчи бўлиб биринчи бандида “Биринчи марта ишга кириш ҳолатда иш бошлаган кундан шартнома вақти бўйича бир йил” деб ëзиб қўйган. Ҳозир қўлимда турибди ўша шартнома. Шуни ўқиб бир йил экан деб тушундик биз. Ишни бошладик. Иш жараëнида переводчик олиб келди бошлиғимиз. Шароитлар ҳақида сўради. “Шароитлар яхшию овқатини ея олмаяпмиз” дедик. Биз мусулмон бўлганимиз учун чўчқа емаймизку. Ўшани айтсак “Йўқ, ўшани мажбур ейишсин. Бошқа шароит қилиб бермайман” деди. Ўзи Кореяда овқат пули ëки овқат берилади. Шуларни қилиб бермади. Бир йил нима бўлса ҳам ҳурмат қилиб ишладик. Бир йил бўлгандан кейин ишни алмаштираман деган мақсадда, уч марта ҳуқуқим бор иш алмаштиришга. Ҳамма Кореяга келиб ишлайдиганлар билади. Ўшани ўйлаб бир йил сабр қилиб ишладик. Ҳар хил шароитларда овқат қилиб ишладик. Мана бир йил бўлганда мен кириб бошлиққа “Бир йил бўлди. Яна беш кун қўшимча ишлаб бераман. Бошқа жойга кетмоқчиман. Сабаби қийналаяпман. Ҳиди бор” деб айтсам, “Йўқ, уч йил ишлайсан” деб туриб олди. Ишхонага кирамиз, бир йил ҳидидан бош оғриб қолса, ишлай олмаслигингиз мумкин. Карис буюртмачи талаб қилган штукни чиқариб бера олмасангиз, мендан уже қўшимча иш соатимни олиб ташлашди, ночной сменамни олиб ташлашди. Пулим озайди деганида бу. Мажбур энди ишлагани келганмиз. Бош оғриса ҳам ишладигу, лекин иложи бўлмаяптида. Бош оғриганда айрим жойларини брак қилиб қўясиз. Шунақа ҳолатлар бўлди. Бир йил бўлдию жавоб бермаяпти. Ҳамма жойда алоқа қилиб чиқаяпман. “Биз аралаша олмаймиз” деяпти. Карис хоҳлаган ҳуқуқидан фойдаланаяпти, лекин мен уч марта бошқа ишга алмаштириш ҳуқуқидан фойдалана олмаяпманда. Ҳозир ўйлаб шунақа асабим бузилаяпти. Қийналиб кетдим.

Озодлик: Кореяда минглаб ўзбекистонликлар ишлайди. Уларнинг ҳуқуқларини бирорта ташкилот ҳимоя қиладими?

- Биз берилган, масалан Вегук центр дейилади, чет эллик муҳожирларни иш билан таъминлаш, кўмаклашиш маркази бор. Шулар орқали хабарлашаяпмиз. Улар “Перевод қилиб бера оламиз. Бунақа қилиб кўринг” дейишаяптию ҳуқуқимизни айтиша олмаяптида. Уларнинг “Жавобини бер. Бошқа ишга ўтади” деган гапни гапиришга ҳақлари йўқ экан. “Бошлиқнинг айтгани бўлади” деяпти. Бошлиққа қўйиб берсангиз, нимани хоҳламайди, дейди Кореяда меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Биз ҳуқуқлари топталаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг кўп нарсани хоҳлаётган бошлиғи билан боғланишга уриниб кўрдик.

Ҳозирча, бунинг иложи бўлмади.

Иложини топиб, у билан боғланармиз ҳам. Тингловчимизнинг муаммоси ҳал бўлар, у бошқа ишга ўтиб аллергиясидан қутулар ҳам дейлик.

Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, оммавий ахборот воситаси “Тез ёрдам” эмас, ҳуқуқлари топталган ҳар бир одамга ёрдамга боролмайди.

Чет эл, хусусан, Жанубий Корея шароитида ўзбек муҳожирларига ҳуқуқингизни билинг, ҳуқуқларингиз учун курашинг, деб ақл ўргатиш ҳам, тўғриси, одобдан эмас.

Бундай шароитда ўз фуқаролари ҳуқуқларини чет элда, хусусан сиёсий-иқтисодий алоқалари Тошкент билан ўта тиғиз бўлган Жанубий Кореяда Ўзбекистон ҳукумати ҳимоялаши лозим.

“Мен Озодликни 18 йилдан бери мунтазам тинглайман”


Биз озодликчиларга ёғдай ёқадиган бу гапни яна бир меҳнат муҳожири, ҳозирда тирикчилигини Санкт Петербургда ўтказаётган тингловчимиздан эшитдик. Сиз ҳам эшитинг.

- Ҳар кун Озодликни тинглайман шахсан мен ўзим. Бир кун ҳам қолдирмаймиз. Эрталаб турганимиздан қўямиз. Кечқурун келгандан кейин яна қўйиб ҳаммасини эшитамиз. Шахсан менинг оилам сизларнинг радиоканални 18 йилдан бери тинглаймиз. Аввал Ўзбекистонда, мана ҳозир Россиядамиз. Чет элда юрган пайтларимизда ҳам тинглардик.

Озодлик: Ўзингиз нима иш қиласиз?

- Эл қатори ишлашга келганмиз.

Озодлик: Жуда ўзбек кўп дейишди Санкт Петербургда.

- Бу ерда ҳамма жой ўзбек бўлиб кетган ҳозир, дейди тирикчилигини Санкт Петербургда ўтказаётган суҳбатдош.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG