Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:56

BBC мухбири Ўринбой Усмонов озод қилинди


Tajikistan -- Urunboy Usmonov, Correspondent Of BBC In Сourt Of Kgujan city, Sughd, 16Aug2011
Tajikistan -- Urunboy Usmonov, Correspondent Of BBC In Сourt Of Kgujan city, Sughd, 16Aug2011

Жума куни Сўғд вилоят суди айбдор, деб топиб амнистияга кўра озодликка чиқарилган Ўринбой Усмонов Озодликка интервью берди.


Озодлик: Ўринбой ака, ҳорманг энди.

- Саломат бўлинг.

Озодлик: Мана ҳукм чиқибди уч йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида. Лекин амнистияга тушибсиз. Сиз розимисиз шу ҳукмга?

- Мен ҳеч қачон рози эмасман бунақа ҳукмга. Чунки айбсиз одамга амнистия қўлланадими қўлланмайдими ҳукм эълон қилиш адолатсизлик ҳисобланади. Мен Тожикистоннинг кейинги пайтларда, балки энди шу суд соҳасида ўзгаришлар бўлаëтганда судлар нисбатан мустақил бўлса керак деб ўйлаëтган эдим. Ҳеч қанақа мустақиллик йўқлиги бугун яна ўз исботини топди. Буни мен олдиндан ҳам айтганман, ўзим ҳис қилганман ҳам. Бу буйруқ билан қилинаëтган иш. Тепадан берилган буйруққа асосан бу ишни кўришди. Мен битта мисол келтирадиган бўлсам, бу аниқ мисол, бундан уч кун илгари мени судлаëтган ҳакамнинг ўзи котиби орқали ҳузурига чақиртириб, бир соатча гаплашди. Унинг биттагина таклифи бор эди. “Авф тўғрисида ариза ëзинг. Шундан кейин сизнинг устингиздан ҳукм чиқарилмайди. Фақат маслаҳат хонасига кирмасдан илгари бўлиши керак бу” деди. Мен “Менинг ҳеч қанақа айбим йўқ. Айбим йўқ бўла туриб қанақа қилиб авф тўғрисида ариза ëзаман” дедим. Ундан кейин нима маслаҳатлар бўлган, нималарни кўришган билмадим. Олдинроқ фақатгина жарима билан жазолашмоқчи эди. Мана бугун кутилмаганда уч йиллик жазони эълон қилиб юборишди.

Озодлик: Ўринбой ака, мана сиз очиқ “судга юқоридан буйруқ бўлган” деяпсиз. “Юқори” деганда сиз қанақа идорани назарда тутаяпсиз?

- Юқори деганда мени қўлга олган шу пайтгача ва қийноқларга тутган, терговни ҳам ҳалол олиб бормаган, ўзлари ëзган тожик тилидаги иқрорномани менга кўчиртириб гўëки мен ëзгандай ҳисоблатган давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бўлимини айтаман.

Озодлик: Демак, бугун чиқарилган ҳукм ҳуқуқий ҳукм эмас сиëсий ҳукм деб ҳисоблайсиз эканда.

- Мен фақатгина журналистик нуқтаи назардан иш кўрганман. Биз ҳеч қанақа партиянинг тарафини олмаганмиз, олмаймиз ҳам. Журнлистлар доим, ўзингиз яхши биласиз буни, принципларимиз бўйича холис, бетараф бўлишимиз керак. Мен ҳеч қанақа партия билан, жумладан Ҳизбут-Таҳрир бўладими ëки қонуний Тожикистонда амал қилаëтган Ислом уйғониш партияси бўладими, улар билан биргаликда иш кўрмаганман, кўрмайман ҳам. Масалан битта нарсани ҳисобга оладиган бўлсак, гўëки мен билан учрашган Ҳизбут-Таҳрир аъзоларидан биттаси билан, биласизми мен унга нима деганмишман, Ҳизбут-Таҳрир мақсадлари тўғрисида гаплашганман, айтиб беринг. Кечирасиз, бизнинг Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир мақсадлари оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган эди. Жойларда, мактабларда, олий ўқув юртларида, маҳаллаларда, умуман турар жойларда учрашувлар бўлиб ўтрарди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўша пайтда Ҳизбут-Таҳрирнинг мақсади нималардан иборат эканлиги айтилган ва қанча-қанча такрорланган эди. Кечирасиз, мен ўзим биладиган нарсани сўраб оладиган даражада ахмоқ одам эмасман.

Озодлик: Ҳатто сўраган тақдирингизда ҳам сиоз журналистик вазифангизни бажаргансиз.

- Албатта.

Озодлик: Ўринбой ака, бундан кейинги қадамларингиз нимадан иборат бўлади?

- Мен албатта шикоят аризаси билан юқори суд ташкилотларига мурожаат этаман. Қанча бўлса ҳам ҳаракат қилиб, ўзимнинг айбсиз эканлигимни исбот қиламан. Чунки менинг айбсиз ëки айбдор эканлигим Тожикистондаги журналистиканинг қанчалик озод бўлишига, қанчалик эркин матбуот бўлишига албатта таъсир этади. Ë ижобий таъсир этади ëки салбий.

XS
SM
MD
LG