Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:30

Путин нега Кремлга қайтаётганини тушунтирди


17 октябр куни марказий телеканаллар намойиш этган суҳбатда Путин халққа ўз қарорини изоҳлаб берди.


Владимир Путиннинг Россиянинг уч йирик телеканали журналистлари билан ўтказган суҳбати нисбатан қисқа бўлганига қарамасдан, унда собиқ ва бўлажак президент кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб беришга улгурди.

Журналистлар томонидан берилган “Нега сиз Кремлга қайтаяпсиз?” саволига, Владимир Путин шахсий амбицияси эмас¸ балки ўз тарафдорларининг хоҳиши-истагидан келиб чиқиб шундай қарорга келганини таъкидлади.

- Мен ўз тарафдорларимдан -мамлакатимизнинг турли минтақаларида учратган оддий одамлардан - вазият айнан шундай ривожланишини хоҳлаётганликларини кўп маротаба эшитдим... Мен бу лавозимга ҳеч қачон интилмаганман. Лекин мен бирор ишни бошлаган бўлсам уни мантиқий интиҳосига етказиш ёки ишни энг олий натижасига олиб келишга ҳаракат қиламан, деди Россия Бош вазири.

Владимир Путин шунингдек мухолифат вакиллари ва бошқа танқидчиларнинг 2012 йилги президент сайловлари тақдири Россияда олдиндан ҳал этилгани ҳақидаги фикрларга ҳам жавоб берди.

- Менинг ва Дмитрий Анатольевич Медведевнинг танқидчилари камина сайловга борса, сайлов умуман бўлмаслиги ҳақида гапирмоқдалар. Балки улар учун сайлов бўлмас, оддий фуқаро учун эса доимо танлов имконияти мавжуд. Бундай гапларни гапираётганлар учун сайлов бўлмаслиги ҳам мумкин, аммо рақибларимиз ўз дастурларини тақдим этсин, уни амалий фаолиятда исботлаб берсин, деди Владимир Путин.

Бироқ таҳлилчилар орасида “тандем” деб ном олган Медведев-Путин қўшҳокимиятчилиги Брежневнинг “турғунлик” даврини ортга қайтаргани ҳақида мулоҳазалар янграмоқда.

Путинни Совет Иттифоқининг собиқ раҳбарларидан бири Леонид Брежнев билан таққослашга Бош вазир матбуот котиби Дмитрий Песков томонидан қилинган баёнот сабаб бўлди.

“Брежнев – давлатимиз тарихи учун минус эмас, балки улкан плюс. У мамлакатимиз иқтисоди, қишлоқ хўжалиги пойдевори ва ҳоказоларга асос солган шахс”, деди Путин матбуот котиби СССРдаги турғунлик даврининг рамзига айланган Брежнев ҳақида гапира туриб..

Шундай бўлса-да¸ ўз чиқишида Владимир Путин жамоатчиликни “турғунлик” даври қайтиб келмаслигига ишонтиришга уринди.

Сиёсий технологиялар бўйича москвалик мутахассис Станислав Белковский 2012 йилги сайловлар сиёсатчиларни барча ниқобларни олиб ташлашга мажбур қилганини гапиради.

- Путинни Брежнев билан таққослашнинг ўзи жамиятимизда бу одамнинг қиёфасини тушунишга бўлган силжишлар бўлганидан даракдир. Илгари уни Сталин билан солиштиришган, лекин менимча Путин бу ҳақиқий Брежнев, чунки у диктатор эмас, у яккаҳоким эмас. У ҳокимият эгаларининг бошқарувчиси. Лекин ҳозирги ўзгаришлар “турғунлик” даврининг бошланиши эмас, балки якунланишидан дарак. Шу боис Путиннинг учинчи муддатга сайланишини тизимнинг қўйган энг катта хатоларидан, деб биламан,- дейди сиёсий технологиялар бўйича эксперт Станислав Белковский.

“Қўшҳокимиятчилик” даврида “кашф” этилган алмашиб бошқариш тизими Медведев ва Путиннинг халқ орасидаги обрўсига жиддий путур етказди, дейди Озодлик билан суҳбатлашган “Сиёсий аналитика” маркази президенти Михаил Тульский.

- Айрим фаоллар Медведевнинг Путиндан фарқли томонларини кўрганини уларнинг сиёсий кўрлиги билангина изоҳлаш мумкин. Ўйлайманки¸ улар эндиликда Медведевнинг Путиндан ҳеч нарса билан фарқ қилмаслигини англаб етишди. Россияда танлов имконияти борлиги ҳақидаги баёнотлар оддий кўзбўямачилик, холос, дейди сиёсатшунос Михаил Тульский.

Владимир Путин эса Россияда ҳокимият “рокировкаси” бундан тўрт йил олдин Дмитрий Медведев билан бўлган учрашувлардан бирида муҳокама этилганини яшириб ҳам ўтирмади. У шунингдек, президентлик лавозимини эгалласа Дмитрий Медведев бошлаган ўзгаришларни давом эттиришини ҳам маълум қилди.

Айни пайтда у Медведев бошлаган ислоҳотларда “ҳеч қандай инқилобий ўзгаришларни кўрмаётганини” айтди.

Жорий йилнинг 24 сентябрида бўлиб ўтган “Единая Россия” партияси қурултойида Россия президенти Дмитрий Медведев 2012 йилги президент сайловларида президентликка ўзи эмас, балки Владимир Путин номзоди қўйилишини эълон қилди. Бош вазир лавозимини эгаллаб келаётган Владимир Путин 2000-2008 йилларда икки маротаба президентлик лавозимини эгаллаган.
XS
SM
MD
LG