Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:09

Тошкентда халқаро киноанжуман ўтказилмоқда


“Олтин гепард” кинофестивалининг очилиш маросими 19 октябр куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди.

Айни пайтда фестивал доирасидаги фильмлар намойиши ҳам асосан мазкур саройда ўтказилмоқда.

Фестивал ташкилотчиси ҳисобланган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси матбуот хизматининг билдиришича, Тошкентда биринчи марта ўтказилаётган “Олтин гепард” фестивалида иштирок этиш нияти билдирилган 300 та буюртма қабул қилинган.

- Европа, Америка ва Осиёдаги 45 та давлатдан фестивалда иштирок этиш ҳақида аризалар тушган. Фестивалга жами 300 та фильм жўнатилган. Улардан 139 таси тўлиқ метражли бадиий филм, 74 таси қисқа метражли бадиий филм, 87 таси анимацион филмлар. Уч юзта филм ичидан 42 таси фестивалда намойиш этиш учун танлаб олинган. Улардан 12 таси тўлиқ метражли, 15 таси қисқа метражли, 15 таси эса анимацион филмлар, - деди “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходими.

Фестивалда намойиш этилган филмлар Швейцария, Япония, Хитой, Россия, Литва, Германия ва Ўзбекистон санъат вакилларидан иборат ҳайъат томонидан баҳоланмоқда. Кинофестивалда намойиш этилаётган асарларнинг фақат иккитасигина ўзбек киночилари ижодига мансуб.

- Фестивални “Ўзбеккино” қўллови остида Фонд Форум ўтказмоқда. Бизнинг қўлловимиз фестивалда ўзбек киносини тақдим этиш билан чекланади. Танловга 2 та филм қўйилган. Булар режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Қўрғошин” ва Ёлқин Тўйчиевнинг “Илова” филмларидир, - деди “Ўзбеккино” миллий агентлиги расмийси Манноб Қўчқоров.

Кинофестивал филмларининг асосий намойиш ўтказилаётган Ёш ижодкорлар саройи расмийси Омонулло томошабинларнинг асосий қисми талабалар ва таклифнома билан келаётган одамлар эканини айтади:

- Томошабинлар кўп келаяпти. Кунига 4 тадан сеанс бўлаяпти. Талабаларни рўйхат асосида киритаяпмиз. Таклифнома билан келаётган одамлар ҳам кўп. Билет нархи 5 минг сўмдан бўлаяпти. Одамларда фестивалга қизиқиш яхши бўлаяпти, - дейди Омонулло.

Кинофестивал расмийларига кўра, тадбир доирасида 6 номнацияда ғолиблар аниқланади ва уларга “Олтин гепард” ҳайкалчалари топширилади.
XS
SM
MD
LG