Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Озодбек концерти чиптаси қиммат бўлдими?


Озодбек Назарбеков сентябр бошларида Швеция пойтахти Стокҳолмда ҳам концерт берган эди.
Озодбек Назарбеков сентябр бошларида Швеция пойтахти Стокҳолмда ҳам концерт берган эди.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг Россиядаги гастроли ниҳоясига етди. Ўзбек эстрадаси хонандасининг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларида берган концертларига асосан Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кирдилар.


Озодбек Назарбековнинг Россиядаги сўнгги концерти 1 ноябрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлди. Шаҳарнинг 800 ўринли "Кончи" концерт залига чипталар бир зумда сотиб бўлинди. Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари Алижон Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, шу куни концертга 2 мингга яқин томошабин кирган:

- Концерт яхши бўлди, жой қолмади, туриб ҳам, ўтириб ҳам кўришди. Одамлар соғиниб қолган экан,- дейди Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари Алижон Ҳайдаров.

Озодбек Назарбековнинг Москва шаҳрида ўтказилган концертига эса чипталар 20 доллардан 100 долларгача сотилди,- дейди Москвадаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Қурбон ака:

- Концерт бўлишини эшитдим мен. Бир танишим телефон қилди менга. Бориб кирдик. Концерт яхши бўлди. Сал кечроқ борганмиз. Билет ҳам қолмаган экан. Балконга зўрға етдикда. Нормалний эшитдик. Қўшиқларида дард борда, қандайдир. Лекин анча яхши гаплар бўлди. Озодбек ҳам “ўзларингга эҳтиëт бўлинглар” деди. Энди мусофирчиликдамиз. Яхши насиҳатли гаплар гапирди, Озодбек,- дейди Қурбон ака.

Санкт-Петербург шаҳридаги меҳнат муҳожири Муҳаммад Қодир учун ўзбекистонлик санъаткорлар тақдим қиладиган концертлардаги билетлар анча қимматлик қилади:

- Санъаткорлар биринчи ўринда пул ишлагиси келса бу ерга келади. 50 доллар бу ерда ҳам қиммат нарх. 50 доллар бу 1500 рубл бўлади. Киришга қийналади у пулга оддий меҳнат муҳожирлари. Асосан бу ерда концертлар 300 рублдан бошланади. Жойига қараб 300-500 рубл бўлади. Аслида эса, ўзбек санъаткорларининг келиши яхши. Чунки ўзбеклар соғиниб қолади,- дейди Муҳаммад Қодир.

Бироқ, таниқли кулгу устаси, Россиядаги “Кривое зеркало” театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов, "гастролга чиқаётган ўзбек санъаткорлари асосан пул ишлаш учун чиқади", деган фикрга қўшилмайди:

- Биринчидан, соғинч деган нарса бор. Соғинч ҳамма жойда бўлади. Масалан, мен айтайлик ҳатто Лондонга ҳам бориб концерт бердим. Лондонда ҳам ўзбекларимиз бор, ҳаммаси келди. У ерда фақат Обид Асомовнинг қизиқ гапини эшитиш учун эмас, умуман санъаткорнинг ўзини кўриш ҳам бир бахтда энди мухлис учун. Масалан, мен шунақа тушунаман. Билетлар қимматлигининг сабаби биринчидан, йўлкира. Иккинчидан, Озодбекнинг бир ўзи эмас. У ерда 10 киши келган камида. Уларнинг ҳаммасининг ëтоқхонаси бор, ош-овқати бор, самолëт, йўлкираси бор, шаҳардан шаҳарга кўчиши бор, булар ҳаммаси пул туради. Мен ўйламайман, Озодбек Тошкентдан Москвага келиб текинга концерт беради деб. Биз ҳам Юлдузхон билан бир “тур” қилдик, Россия бўйлаб. Бизларнинг концерт ҳам жуда арзон бўлгани йўқ, назаримда. Лекин зал тўлди. Одамлар соғинганда энди,- дейди Обид Асомов.

Унинг фикрича, ўзбек санъаткорлари Россияда ўзбек муҳожирлари гавжум яшаётган ҳудудларда, бироқ анча тор залларда концерт қўяди. Уларнинг гастроллари эса, мустақил тарзда ташкил қилинади. Афсуски, Ўзбекистондаги “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорлардан фақат пул йиғишни билади, холос, дейди Обид Асомов:

- Бизларда бу ишхоналар, мен илгари ҳам айтганманку, бу ишхоналар ҳеч нарсага аралашмайди. Улар фақат биздан пул йиғишни билади. Қани энди уларнинг ўзи ташкил қилиб берса шу нарсани. Бизларга умуман енгил бўладию. Бу шахсий ташаббус. Шу шахсий ташаббус орқали Москвада яшаëтган баъзи инсонлар шунақа нарсаларни ташкил қилади. Албатта улар бунинг орқасидан 5-10 сўм пул ишлайди. Буни бекитишнинг ҳожати йўқ. Текинга ташкил қилмайдию.

Санъаткорнинг ўзи келиб концертлар бериши бу катта воқеа, умуман олганда. Лекин афсус бу нарсалар фақат бизларда ëритилмайдиям, бошқаям қилинмайди. Фалон жойга бориб концерт берди, демайди. Россияда санъаткорнинг ҳар бир қадамини эртасига интернетда ҳам ўқийсиз, телевизорда ҳам гапиради. Бизда унақа нарсалар жуда афиша қилинмайди. Шунинг учун санъаткорнинг ўзи ички бир туйғу билан ватандошларни хурсанд қилай деб, келади. Албатта, Озодбекнинг концертига асосан ўзимизнинг ўзбекларимиз тушади. Чунки фақат ўзбекча қўшиқ айтади,- дейди Обид Асомов.

Санъаткор шу ўринда Россия ва Ўзбекистон санъаткорларининг даромадлари қайси манбалардан бўлишини бир-бирига таққослайди. Россиялик санъаткорларнинг асосий даромади, концертлардан эмас, балки концертлар ёзиладиган аудио-видео дисклар ҳисобидан бўлади, - дейди у:

- Масалан, мана Россияда дейлик Филип Киркоров катта залда бир кун концерт берди. Бир кунлик концертига 200 минг доллар харажат қилди, дейлик. Яна 100 минг доллар бериб уни суратга олдиради. Кейин Россиянинг марказий телеканалларида ўша концертни кўрсатади. Кейин концерт билан баробар янги диск чиқади. Ана шу дискдан демак Филип Киркоров фойда кўради. Фойда кўрганда ҳам жуда катта фойда кўради. Чунки лицензияли диск биласиз қиммат туради. Нархи 20 долларгача боради янги чиққан пайтида, масалан. Видео дисклар 30 долларга ҳам чиқиши мумкин. Туркияда ҳам худди шу аҳвол. Ана шу диск сотилишига қараб санъаткор бойийди. Агар ўша диск бир ойда сотилса тўхтамай, энди катта давлатку, ўшанинг ўзидан жуда катта сумма тушиб кетади. Бир ҳафтада ҳеч ким танимаган артист миллионер бўлиб қолиши мумкин,- дейди санъаткор.

Обид Асомовга кўра, ўзбекистонлик санъаткорларнинг асосий тирикчилиги тўйлар ҳисобидан бўлади:

- Бизнинг санъаткорлар “Халқлар дўстлиги” (ҳозирги “Истиқлол”) саройида концерт бериб пул топмайди. Жуда кўпчилик қарзга кириб кетади. Жуда кўп санъаткорлар қарз бўлиб чиқиб кетади. Мен уларни номма-ном айтмайман. Хафа бўлиб қолишади. Агар ютган бўлса, у ерда пул топган бўлса, фақат Озодбек топди. Чунки 30 кун концерт берди, барака топсин. 30 кунда қанчадир фойда қилиш мумкин, лекин бир-икки кун концерт бериб сиз у ердан фойда олмайсиз. Сиз фақат ўзингизни реклама қиласиз. “Мен яхши артистман. “Истиқлол” саройида концерт бердим” деб энди сизнинг обрўйингиз ошади. Кейин тўйларингиз кўпаяди. Бизнинг санъаткорлар асосан тўйдан пул топади. Бахтимизга тўй бўлиб турсин.

Бизларда чатоқ тарафи қароқчилик ривожланган. Диск ҳали сотувга чиқмасдан, уни бозорда 1000 сўмдан сотишади. 1000 сўм дегани нима пул. 50 центга ҳам бормаса керак. Шақиллатиб кўпайтириб сотиб ташлашади. Артист бечора қанча пул тўлаган студияга, қанча пул тўлаган композиторга, қанча пул тўлаган шоирга, ҳаммаси осмонга учиб кетади. Фойда қила олмайди. Бизларда қонун бор, лекин ишга тушмаган, - дейди таниқли кулгу устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов.

Қуйида Обид Асомов билан суҳбатни тўлиқ шаклда тинглашингиз мумкин.



Ўзбекистон ҳукуматида ишлайдиган мансабдорларга яқин бўлган санъаткорлар ОАВ орқали яхши реклама қилинади. Мавжуд тузумни шарафлаб қўшиқ айтган ва амалдорларнинг айтган чизиғидан чиқмайдиган санъаткорлар жуда тез кўтарилади.

Ўзбек халқ қўшиқчилигида муносиб ўрин эгаллаган санъаткорлар ҳали-ҳануз “хизмат кўрсатган артист” даражасида турган бўлсада, бир қанча ёш санъаткорлар аллақачон “халқ артисти” унвонига сазовор бўлганлар.

Ўзбекистон телевидениеси ва радиосида санъаткорларнинг қўшиқлари қанча кўп қўйилиши ҳам қўшиқ эгаларининг берган поралари қанчалиги билан боғлиқ экани айтилади.

Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Обид Асомов, Озода Нурсаидова, Абдулазиз Карим, Феруза Жуманиёзова клиплари ва қўшиқларининг намойиш этилиши ҳам Ўзбекистон телевидениесида тақиқланган.
XS
SM
MD
LG