Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Россия "Ўзбекистон ҳаво йўлларини" огоҳлантирди


Конвертация муаммоси Ўзбекистон ҳаво йўлларини "бўғиб" қўйиши мумкин.
Конвертация муаммоси Ўзбекистон ҳаво йўлларини "бўғиб" қўйиши мумкин.

Россия транспорт вазирлиги Ўзбекистонда сотилган билетлардан тушган пул конвертациясига имкон берилмаса, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг Россияга рейслари сонини қисқартириши мумкинлигидан огоҳлантирди.


Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистон миллий валютаси – сўмда сотилган билетлардан йиғилган пулни конвертация қилишда муаммоларга дуч келмоқда.

Вазирлик ўзбек сўми ҳисобида сотилган билетлардан йиғилган маблағни айирбошлаш имконини бериш талаби билан Ўзбекистон авиация раҳбарияти ва ҳукуматига бир неча маротаба мурожаат қилган, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Россия Транспорт вазирлигининг Жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Темур Ҳикматов.

- Ўзбекистонга самолётлари учадиган Россиянинг учта авиакомпаниясида йиғилиб қолган ва конвертация қилиш имкони бўлмаган маблағ бугунги кунда тахминан 54,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шу муносабат билан биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга, ҳукуматга қилган бир нечта мурожаатимизга ҳозирча жавоб ололганимиз йўқ,- дейди Россия траспорт вазирлиги расмийси.

Темур Ҳикматовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга Россиядан “Аэрофлот”, “Трансаэро” ва “Ютэйр” авиаширкатлар самолётлари учиш ҳуқуқига эга ва айнан шулар ўзбек сўмини валютага конвертация қилиш муаммолари билан тўқнашмоқда.

Озодлик Радиосининг юзага келган вазият масаласида уччала авиаширкатига қилган мурожаати жавобсиз қолди.

Бу компанияларга қарашли самолётлар Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига жами 14 рейс амалга оширади.

Россия авиаширкатларининг ўз маблағларини конвертация қила олмаётгани сабаблари ва Россия Транспорт вазирлигининг бу масала юзасидан қилган расмий мурожаатлари нима сабабдан жавобсиз қолмоқда, деган саволга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” изоҳ беришдан бош тортди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг ахборот бўлими раҳбари Феруза Қурбонова оммавий ахборот воситаларида Россия Транспорт вазирлигининг иддаолари ва талабларига оид тарқатилаётган маълумотларни ўйдирма, деб атади.

- Бу ёлғон маълумот. Умуман бу ҳақда сиздан биринчи марта эшитиб турибман. Бизда бундай хабар йўқлиги туфайли бирор изоҳ ҳам бера олмайман. Россияга билетлар шаҳарларимизнинг барча авиакассалрида бемалол сотиляпти,- деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати вакили.

Таъкидлаш жоиз, ўзбек сўми 2004 йилдан бери конвертация қилинади. Шунга қарамай, Ўзбекистонда доллар, евро ва бошқа валюталарни сотиб олиш катта муаммога айланган. Қора бозорда валюта қимматроқ нархда сотилади.

2011 йилнинг август ойидан бошлаб, ҳукумат томонидан Ўзбекистондаги авиабилетлар фақат хориж валютасига сотилиши ҳақида қарор чиқарилган. Шунингдек, хорижликларга маҳаллий сўмга билет сотилиши ман этилган. Учиб бораётган жойи Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўладиган бўлса, мамлакат аҳолисига ҳам ўзбек сўмига билет сотиш, қарорга биноан мумкин эмас.

Россия расмийларининг конвертация масаласида Тошкентга қилган мурожаатлари натижасиз қолаётганини таъкидлаган Россия Транспорт вазирлиги расмий вакили Темур Ҳикматов, бунга жавобан ўзбек авиаширкатига нисбатан муайян чоралар қўлланилиши мумкинлигини айтади.

- Конвертация қилинмаган пул миқдори тўпланиб қолмоқда. Шунинг учун, агар муаммо ҳал этилмаса, биз ҳаво алоқалари келишувларига биноан йўловчи ташувчи ширкатларимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон авиакомпаниясига нисбатан чеклов жорий қилишга мажбур бўламиз. Менимча, икки мамлакат ўртасида яхши алоқаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган конвертация муаммоси сабабларини Ўзбекистон қонунчилигида излаш зарур. Ахир пул конвертацияси муаммосидан Россиянинг нафақат авиаширкатлар, балки автоширкатлари, савдо ва ишлаб чиқарувчи компаниялари зарар кўрмоқда,- дейди Россия Транспорт вазирлигининг Жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Темур Ҳикматов.

1992 йилда ташкил топган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 1,06 миллион йўловчи ташиди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўтган 2010 йилда 23523 та рейсни амалга ошириб, икки миллиондан зиёд йўловчига хизмат кўрсатди, 50 минг тонна юк ташиди.

Республика бўйлаб Миллий авиакомпанияга қарашли 11 аэропортдан олтитасига - Тошкент, Самарқанд, Бухора, Урганч, Термиз, Навоий аэропортларига халқаро мақоми берилган.
XS
SM
MD
LG