Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:41

Екатеринбургда одам савдосида айбланаётган ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Россияда ҳибсга олинган "одам савдогари" Абдушукур Умурзоқов.
Россияда ҳибсга олинган "одам савдогари" Абдушукур Умурзоқов.

Екатеринбургда Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот хизматлари томонидан халқаро қидирувга берилган шахс ҳибсга олинди.


Урал Федерал округи Ички ишлар бошқармаси махсус бўлими ва Халқаро полиция ходимлари томонидан “Улан-Удэ - Москва” йўналишидаги поездда Новосибирскдан Екатеринбургга кетаётган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодлик Радиосига маълум қилган Свердловск вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот бўлими раҳбари Валерий Горелих, ҳибсга олинган шахс 1957 йилда туғилган ўзбекистонлик Абдушукур Умурзоқов эканлигини айтди.

- У нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро қидирувда ҳам бўлган. Қидирув унга нисбатан жиноий иш қўзғатган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан эълон қилинган. Свердловск вилояти полициячилари унинг поездда кетаётгани ҳақида хабар топгач, вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбари генерал Бородиннинг махсус буйруғи билан Умурзоқовни ҳибсга олишга Интерпол ходимлари ҳам жалб қилинди. Ўзбекистонда бу шахс маҳаллий Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисми бўйича, аниқроғи одам савдосида айбланмоқда,- дейди Валерий Горелих.

ИИБ расмийсининг сўзларига кўра, қўлга олинаётган пайтда “ўта хавфли жиноятчи” эканлиги айтилаётган Умурзоқов ОМОН гуруҳига қаршилик кўрсатмаган.

Сведловск Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарномада айтилишича, Абдушукур Умурзоқов Ўзбекистонда “текин ишчи кучини ёллаб, Россия шаҳарларига олиб келган. У Россияда, хусусан Екатеринбургда 100-150 доллар эвазига мардикорларга 300-500 доллар ҳақ тўланадиган иш жойини топиб бериш ваъдаси билан уларнинг паспортларини тортиб олган”.

Ўзбекистонда ишга ёлланганлар хужжатлари билан бирга Екатеринбургда бошқа шахсларга топширилган. Мардикорларга Умурзоқов ваъда қилган пул берилмаган, ўзбеклар фақат озиқ-овқати учун маҳаллий иш берувчилар қўлида ишлаган.

“Керак бўлмасдан қолган “гастарбайтерлар” поездда Ўзбекистонга бир тийинсиз қайтариб юборилган”, дейилади Сведловск Ички ишлар бошқармаси расмий сайтидаги хабарномада.

“Билишимча, қилган жиноятлари учун Ўзбекистонда бу шахсга нисбатан 8 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин”, дейди полиция расмийси Валерий Горелих.

- Ҳозирда у Екатеринбург тергов изоляторида сақланмоқда ва ўз юртига экстрадиция қилгунга қадар шу ерда бўлади. Бизда ҳозирча уни қидирувда бўлганлиги ҳақида Ўзбекистондан юборилган ҳужжатлар бор. Экстрадиция қилиниши учун зарур бўлган қоғозлар келганидан кейин у Ўзбекистонга юборилади. Бунга эса ярим йилдан кам бўлмаган вақт кетади,- деди Свердловск вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот бўлими раҳбари Валерий Горелих Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG