Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

"Нарва сузувчиси" Раҳим Собиров икки ойга қамалди


Нарва дарёсини сузиб ўтган ўзбек қочқини Раҳим Собиров.
Нарва дарёсини сузиб ўтган ўзбек қочқини Раҳим Собиров.

Ленинград вилояти Cланци шаҳар суди ўзбекистонлик диндор Раҳим Собировни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топди.


3 ноябр куни Сланци шаҳар суди бундан икки ой олдин Европадан бошпана олиш учун Нарва дарёсидан сузиб, Россиядан Эстония ҳудудига ўтган ва қайтиб Россияга қайтариб берилган Раҳим Собировни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топди. Ўзбекистонлик қочқин икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

"Бу Собировга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган энг юмшоқ жазо", дейди "Озодлик"ка Раҳим Собиров ҳимояси билан шуғулланаётган адвокат Юрий Серов.

- Унга икки ойлиқ қамоқ жазоси тайинланди ва жорий йилнинг 20 сентябрида ҳибсга олинганини ҳисобга олсак, у 20 ноябр куни озодликка чиқади, агарда прокуратура қаршилигига учрамаса. Биз судга 50 000 рубл жарима тўлашга рози эканлигимизни айтган эдик. Прокуратура 4 ой қамоқ жазосини сўраган эди. Менинг тахминларимга кўра, улар суднинг бу қарорига шикоят топширмайди, - дейди ҳимоячи Юрий Серов.

Адвокатнинг сўзларига кўра, суд Собировнинг оғир вазиятга тушиб қолгани, унинг оилали экани назарга олиб, энг кам жазо муҳлати тайинлади ва хатто жарима олишдан бош тортди.

Маълум бўлишича, мазкур жиноятлар учун Россия Жиноят Кодексида 2 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Адвокат Серов Раҳим Собировнинг аҳволини ҳатто прокурорлар ва терговчилар тушунган ва иложи борича ёрдам беришга ҳаракат қилган, дейди.

“Энди у Россиянинг Қизил Ҳоч жамиятига мурожаат қилиб, қайдга туриши керак. Биз, шунингдек, Раҳим турмада эканида Федерал миграция хизматига ҳам мақом берилиши талаби билан ариза жўнатганмиз”, дея давом этади “Мемориал” ташкилоти ҳимоячиси Юрий Серов.

- Расман бу мақом “Россия ҳудудида қочоқ сифатида тан олиниши”, деб аталади. Озодликка чиқиб, у вақтинча Россия ҳудудида яшашга мажбур бўлади. Қозоғистонга қайтиб бориши ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Энг асосийси, биз уни узоқ муддатли қамоқдан сақлаб қолдик. Мен адвокат сифатида суднинг бу қароридан мутлақо мамнунман, - деди адвокат.

Серов куни кеча Раҳим Собировни Ленинград вилоятидаги Горелово тергов изоляторида бориб кўргани ва маҳбус ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди.

Россия-Эстония чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган ўзбекистонлик 30 яшар Раҳим Собиров Ўзбекистондаги диний таъқиблар боис¸ 2009 йилда Қозоғистонга қочиб ўтган. Бир йил ўтиб Қозоғистон фуқароси Мўлдир Мўлдахоновага уйланган. Ҳозир Мўлдахонова тўққиз ойлик фарзанди Довудхон билан Қозоғистонда қолган.

Ўзбекистондаги диний таъқиблардан қочиб, Қозоғистонда бошпана сўраган 29 нафар қочқин июн ойи бошида ватанларига мажбуран қайтарилган эди.

Эстония чегарачиларининг гувоҳлигига кўра, Россиянинг Ивангород ва Эстониянинг Нарва шаҳрини ажратиб турувчи Нарва дарёсининг у соҳилидан бу соҳилигача бўлган 300 метрли масофани Раҳим резина баллонида сузиб ўтган.

Раҳим Собировга минимал жазо тайинланганини эшитган унинг рафиқаси Мўлдир Мўлдахонова Озодлик Радиоси билан суҳбатда ҳар қандай шароитда эри билан бирга бўлишга тайёр эканини гапиради.

- Ман ҳозир уйда ўтирибман. Хўжайиним, Худо хоҳласа, чиқса бир амалини қилар, деб ўйлаб ўтирибмиз. Унинг бу ерга келиши даргумон, чунки ким билади, Қозоғистон бериб юборадими, қочқинлик статусини берадими-бермайдими... Ўзбекларни қозоқлар бериб юбордику!

Озодлик: Шунинг учун сиз ўзингиз олдига борасизми?

- Ҳа, боришга тўғри келади. Ўртамизда боламиз бор, "Юринг" дейди, бораман-де. У “Сизларни қолдириб кетмайман, ўзим билан олиб кетаман”, деган, - деди Мўлдир Мўлдахонова.
XS
SM
MD
LG