Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Қодиржон Ботиров: Атамбаев Қирғизистонни қонун доирасига қайтариши шарт!


Қирғизистондаги ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботиров.
Қирғизистондаги ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботиров.

Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбек жамоаси етакчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда шундай дейди.


Швеция Қироллиги Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти, Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, йирик тадбиркор Қодиржон Ботировга сиёсий бошпана берди.

28 октябр куни Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров ва яна беш нафар "ўзбек лидерлари" деб аталаëтган шахслар устидан сиртдан ҳукм чиқариб¸ Ботировни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилгач¸ Украинада вақтинча бошпана топган Қодиржон Ботиров ҳаëти таҳдид остида қолган.

“Қирғизистон прокуратураси Украина ҳукуматига мени зудлик билан экстрадиция қилиш ҳақида сўров юборгани маълум бўлгач¸ сиëсий бошпана бериш масаласида Стокҳолм ҳукумати фавқулодда тезлик билан ҳаракат қилди”¸ деди 7 ноябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Қодиржон Ботиров.

- Мен учун ҳам бу кутилмаган иш бўлди. Мен Украина республикаси Миграцион службасига бошпана бериш бўйича ариза ëзган эдим. Ишимиз бирпасда Қирғизистон ИИВ, прокуратурасига етиб борибди. Улар мени Украина прокуратурасидан сўрашиб, тезда ҳибсга олиб мени Қирғизистонга жўнатиш бўйича қоғозлар келибди. Шундан кейин биз мажбур бўлдик халқаро институтларга мурожаат қилишга. Булар бизга ëрдам берди. Швеция қироллиги тарафидан уч кун мобайнида масаламизга ижобий қараб, ҳал қилиб берди. Қўлимизга керакли ҳужжатларни бериб, бугунги кунда шу ҳужжатлар орқали келиб Швецияга жойлашаяпмиз¸ деди Озодлик билан суҳбатда Қодиржон Ботиров.

Жалолобод шаҳар суди ҳукмига кўра ¸ Қирғизистон ўзбеклари етакчиларидан бўлган Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловлар 2010 йилдаги Ўш воқеаларининг уюштирувчилари сифатида айбдор деб топилиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Айни пайтда ҳукмга кўра¸ Қирғизистон жанубидаги бадавлат ўзбеклардан ҳисобланган бу судланганлар мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинадиган бўлди.

Озодлик билан суҳбат давомида Қодиржон Ботиров қирғиз судининг бу ҳукмига муносабат билдирди ва уни “сиëсий заказ ижроси”¸ дея баҳолади.

Қирғизистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Қодиржон Ботиров устидан чиқарилган ҳукмни мамлакатдаги юзлаб ўзбеклар устидан ўқилган шавқатсиз ҳукмлар каби адолатсиз ва сиëсий мотивларга асосланган¸ дея баҳоладилар.

Хусусан¸ “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова 29 октябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда “бу ҳукмни ҳатто уни ўқиган ҳакамнинг ўзи ҳам адолатли деб айта олмайди” дея фикр билдирган эди.

Қодиржон Ботировнинг Швециядан туриб берган илк интервюсини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG