Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

Вазирлар Маҳкамаси водийни ободонлаштириш дастурини қабул қилди


Президентнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда аҳоли зичлиги бўйича биринчи ўринда турадиган ва ижтимоий норозилик потенциали кучли ҳисобланадиган Фарғона водийсида ўтган ойда бўлиб қайтган эди.
Президентнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда аҳоли зичлиги бўйича биринчи ўринда турадиган ва ижтимоий норозилик потенциали кучли ҳисобланадиган Фарғона водийсида ўтган ойда бўлиб қайтган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. Ўтган ой охири ва жорий ой бошида республика ҳукумати қабул қилган 287-, 288- ва 293-қарорлари мамлакат раҳбарининг Фарғона водийси вилоятларига қилган сўнгги сафарлари чоғида берган топшириқларини бажаришга қаратилгани айтилади хабарларда.


Вазирлар Маҳкамаси водийдаги уч вилоят бўйича алоҳида-алоҳида қарор қабул қилган.

Хабарларда айтилишича, ҳукумат қабул қилган режада Наманган вилоятида давлат бюджети ва ҳомийлар маблағига Дизайн ва мода маркази яратиш, Осиё тараққиёт банкидан олинадиган қарзга Пунгон-Наманган автойўлини таъмирлаш, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда ипакчилик саноати мажмуини яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш, ҳамда Наманган шаҳрини ободонлаштириш назарда тутилган.

Қарорда вилоят марказини ободонлаштириш тафсилотлари ҳам келтирилган. Айтилишича, Дўстлик шоҳкўчаси ва Бобур кўчасидаги кўпқаватли уйлар ва маъмурий биноларнинг пойдеворларини гранит билан пардозлаш, “Навбаҳор” стадиони таъмирини якунига етказиш, марказий кўчалар четларидаги бинолар ташқи деворларини бўяш, йўл четидаги панжараларни чиройлироғига алмаштириш лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг Андижон вилоятига оид қарорида ҳам ободонлаштириш масаласи тилга олинган.

Намангандан фарқли ўлароқ, Андижонда Форумлар саройи қуриш назарда тутилган.

Режага биноан Андижон шаҳрининг 2500 йиллигини нишонлашга қаратилган ишлар ҳам бошлаб юборилади.

Асака шаҳрининг бош планини ишлаб чиқиш назарда тутилган ҳужжатда.

Қарорда, шунингдек, уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш режасини ишлаб чиқиш тўғрисида ҳам айтилган.

Фарғона вилояти бўйича қабул қилинган режанинг Наманган ва Андижон бўйича режалардан фарқи шундаки, бу вилоятда аҳоли бандлиги, айниқса, қишлоқ жойлардаги бандлик масаласини кардинал ҳал қилиш мақсадида янги иш ўринлари яратиш дастурини ишлаб чиқиш белгилаб қўйилган.

Фарғона вилояти бўйича режанинг яна бир диққатга сазовор жойи бор. Ундан маълум бўладики, президент Каримов Фарғона сафари чоғида ишлаб чиқариш цехларида ҳавони тозалашнинг вентиляция тизимини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш тўғрисида ҳам топшириқ берган.

Ободонлаштириш масаласи Фарғона бўйича режада ҳам мавжуд. Маълум бўлишича, президент Қўқон шаҳрини ободонлаштириш юзасидан топшириқ берар экан, барпо этилажак хиёбонда қандай гуллар экишни ҳам уқтирган.

Умуман, ободонлаштириш масаласи уччала вилоят бўйича қабул қилинган уч режанинг характерли жиҳатидир.

Биз Вазирлар Маҳкамасининг бу режаларига муносабат билдиришини сўраб наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидовга мурожаат қилдик.

У кишидан, водийни ривожлантиришнинг режасини сиз тузганингизда биринчи навбатда нималарга эътибор берган бўлардингиз, деб сўрадик.

- Биринчи навбатда ҳозир ҳамма област учун газ омбори керак. Ҳар қандай қийинчиликни бўйинга олиб Фарғона водийсида энергия ресурсини тўғирлаш керак. Бўлмаса завод, фабрика қура олмайди. Биринчидан, энергия ресурс йўқ. Шунинг учун завод, фабрикани йўқотаяпти, деди наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов.

Энергия ресурсларини кафолатли қилиш учун эса, деб давом этди иқтисодчи,

- Электр станция қуриш керак Фарғона водийси учун. Энг биринчи зарур нарса бу. Борган сари жуда катта проблема Ўзбекистон учун бўлиб турибди. Ҳадеб Роғун, қирғизнинг Қамбаротасига ëпишавергандан кўра ўзимизнинг бу ëғимизни қарашимиз керак, деди наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари бўйича чора-тадбирлар режасида иқтисодчи олим айтаётган масала тилга олинмаган.
XS
SM
MD
LG