Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:05

Андижонда бир киши совуқдан музлаб ўлди


Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бугун тезак ёқиб уйини иситиш имкони бўлганлар омади чопганлар сирасига кирган.
Ўзбекистонликларнинг айтишларича, бугун тезак ёқиб уйини иситиш имкони бўлганлар омади чопганлар сирасига кирган.

Андижон вилоятининг Андижон туманида истиқомат қилувчи Козим исмли шахс совуқда музлаб ўлди. Вилоят туманлари тўрт кундан буён зулматга чўккан.


“Андижон вилояти туманларига электр энергияси берилиши тўхтатилганига тўрт кун бўлди. Андижон шаҳарида эса икки кун чироқ бўлмади. Газ таъминотининг узиб қўйилганига бир ой бўлди.”

Озодлик радиосига келган бу мактуб тафсилотларини аниқлаш жараёнида чироқ йўқлиги оқибатида рўй берган яна бир воқеа ошкор бўлди.

Андижонлик Жаҳонгир Қосимовнинг Озодликка айтишича, водийда қалин қор ёққан кун, 9 ноябрда бир киши совуқдан музлаб ўлиб қолган:

- Андижон шаҳрида икки кун чироқ бўлмади, туманлар эса тўрт кундан буён зулматга чўккан. Андижон туманининг Зорак қишлоғи бор, шаҳар четида. Икки кун олдин ўша қишлоқдаги Исломобод маҳалласининг Истиқлол кўчасидаги 9-уйда яшайдиган 45 ёшли Козим исмли шахс совуқдан музлаб жон таслим қилган. У ўша куни 45 ёшга тўлиши муносабати билан паспортини алмаштириш учун паспорт столига борган. Уйга кеч қайтган. Қечқурун уйига қайтаётган пайтда қоронғуда бир чуқурга тушиб кетиб, ҳушидан кетиб қолган. Қоронғу бўлгани учун уни ҳеч ким пайқамаган. Тонггача ўша ерда қолиб совуқда музлаб қотиб қолган. Агар кўча ёруғ бўлганда эди, балки уни кимдир кўриб қолган бўлармиди?- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Зорак қишлоғидаги бошқа кишилар ҳам кўнгилсиз воқеа рўй берганини тасдиқлашди. Қўшни Боғишамол қишлоғида яшовчи Муҳаммаджон ака ҳам бу воқеа ҳақида эшитгани ва бутун вилоят бўйлаб вазият кескинлашаётганини айтади:

- Ҳа, икки кун бўлди, совуқда музлаб ўлиб қолибди. Ўзи совуқда ўладиган замон бўлди шекилли, на газ, на чироқ бор. Бир тонна кўмир 400 минг сўмга чиқиб кетди. Халқ жуда қийналиб қолди, - деди Муҳаммаджон ака.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Пайтук шаҳарчасида яшовчи Тўлқин Мирҳайдаров ҳам аҳолининг совуқдан жуда ҳам қийналаётганини айтди:

- Тўрт суткадан бери умуман свет йўқ. Илгари ҳар қалай бир суткада 4 соат бериб турарди. Шу ҳам ўлди. Аҳоли қийналиб қолди, эплагани кўмир ёқяпти, эпламагани сандал қуриб олган. Свет бўлмагани учун сув ҳам йўқ,- дейди Тўлқин Мирҳайдаров.

Ж. Қосимовнинг айтишича, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти раҳбарияти билан ўтказган селектор мажлисида водий вилоятлари бу йил газсиз қолиши ҳақида огоҳлантирган:

- Шавкат Мирзиёев селектор мажлисида “бу йил водий вилоятлари ўтган йилги газнинг ўндан бирини ҳам олмайди”, деб шахсан ўз оғзи билан айтди,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Унинг айтишича, айни пайтда газнинг йўқлиги нарх-наволарнинг кўтарилишига сабаб бўлмоқда:

- Биздаги автомобилларнинг 80 фоизи газга ўтиб кетган. Газ йўқлиги сабаб, бензинда юрадиган автомобилларнинг кира нархи 500 сўмдан 1000 сўмга чиқиб кетди. Бензин ҳам йўқ, энг паст нархи бир литри 2,5 минг сўм. Кўмирнинг бир тоннаси олиб бориб бериш нархи билан 86 минг сўм қилиб белгиланган эди. Бироқ ундай нархда ҳозир кўмир йўқ. Қўлда сотилаётган ҳар тонна кўмирнинг нархи 400 минг сўмдан 600 минг сўмгача чиқиб кетди,- дейди Жаҳонгир Қосимов.

Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилган эдилар.
XS
SM
MD
LG