Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:44

Россия Тожикистонга қарши босимни кучайтиряпти


Москва билан Душанбе ўртасидаги можарога Россия фуқароси Владимир Садовничий ва шериги Эстония фуқароси Алексей Руденконинг қамалиши сабаб бўлди.
Москва билан Душанбе ўртасидаги можарога Россия фуқароси Владимир Садовничий ва шериги Эстония фуқароси Алексей Руденконинг қамалиши сабаб бўлди.

Россия 100 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожирини мамлакатдан депортация қилаётганини маълум қилди. Бу Тожикистон расмийларининг Россия фуқароси, учувчи Владимир Садовничийнинг 8,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этганига жавоб тариқасида баҳоланмоқда.


Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский 11 ноябр куни эрталаб журналистлар олдида қилган чиқишида Россиядан фақатгина тожикистонлик ноқонуний меҳнат муҳожирлари депортация қилинаётгани ва бу суд қарори асосида амалга оширилаётганини алоҳида урғулади.

- Россияда қонунбузарликлар нуқтаи назаридан умумий рақамлар бўйича биринчилик Ўзбекистонга тегишли. Аммо Тожикистон фуқаролари бир неча баробар кам эканини ҳисобга олсак, Россияда муҳожирлар содир этаётган жиноятлар умумий миқдорига нисбатан тожикистонликлар биринчи ўринга чиқиб қолмоқда,- деди Константин Ромодановский.

Россиянинг "ассиметрик жавоби" туфайли юзлаб тожикистонликлар депортация қилинмоқда.
Россиянинг "ассиметрик жавоби" туфайли юзлаб тожикистонликлар депортация қилинмоқда.
ФМС бошлиғи Россиядан чиқариб юборилаётган 100 нафар Тожикистон фуқароси ортидан кеча тунда ушланган яна 134 киши депортация қилиниши мумкинлиги ва 5 йил давомида Россияга қайтиб киришга рухсат берилмаслигини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Москва Тожикистонда Россия фуқароси Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденкони 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилишига жавобан сиёсий босимни кучайтиришга киришди.

10 ноябр куни Россиянинг Тожикистондаги элчиси Юрий Попов “учувчилар иши” масаласи бўйича мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашди. Жума куни эрталаб эса элчи Юрий Попов Москвага чақиртириб олинди.

Россия Давлат Думасида Тожикистонга нисбатан виза жорий этиш билан бирга бошқа кескинроқ чоралар қўлланилиши зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Ўзининг миллатчилик кайфиятидаги чиқишлари билан ном қозонган ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский парламентда қилган чиқишида Россияда тожик муҳожирларини ишга қабул қилмаслик, Тожикистонга пул ўтказмаларини тўхтатиш, Москва-Душанбе йўналишидаги поездлар қатновини бекор қилиш каби кескин чораларни қўллашга чақирди.

“Тожикистон яна бир Марказий Осиё Сомалисига ўхшаб қолмоқда: улар пул ишлашнинг бошқа йўлини топган кўринади”, деди Владимир Жириновский.

ЛДПР етакчиси Rolkan Investmens Ltd. авиакомпанияси директори Сергей Полуяновнинг Тожикистон расмийлари учувчилар ихтиёридаги самолётларни бериш билан шантаж қилгани ҳақидаги иддаоларига ишора қилиб гапирди. Таниқли адвокат Анатолий Кучерена билан учрашув чоғида авиширкат директори тожикистонлик терговчи Владимир Хусаинов Садовничий ва Руденко учиб келган АН-72 русумли иккита самолётни Тожикистонга “ихтиёрий тарзда” топширишни таклиф қилганинин таъкидлади.

“Акс ҳолда учувчилар ўн йил қамоққа ҳукм қилинишини кафолатлашини айтди”, деди Сергей Полуянов. Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси адвокат Анатолий Кучерена Россия ва Эстония фуқароларининг ҳимоясига тез кунларда Душанбега учишини маълум қилди.

Сиёсий босим билан бирга Москва Душанбега иқтисодий чораларни ҳам қўллаётгани айтилмоқда.

Россиядаги “Тожиклар миллий лигаси” ташкилоти раиси Каромат Шарипов Озодлик билан суҳбатда Москвада икки кундан буён Миграция хизмати ва полиция томонидан фақат тожикистонлик мигрантларга "ов" уюштирилаётганини айтди.

- Бу облавалар ҳозир ҳам давом этмоқда. Давом этганда ҳам миқёси кенгайиб бормоқда. Куни кеча Сочига бортида тожикистонлик 200 та меҳнат муҳожири бор самолётга учишга руҳсат берилмади. Яъни бу можаро Краснодардаги юртдошларимизга ҳам таъсир қилмоқда. Мен Россия ҳукуматидан оддий меҳнаткашларга нисбатан эмас, балки Раҳмонов ҳукуматига қарши бундай кескин иқтисодий чоралар билан жавоб беришга чақираман,- дейди Каромат Шарипов.

У юзага келган вазиятда Раҳмон ҳукумати мулозимларини айблади. “Тожиклар миллий лигаси” раиси Имомали Раҳмон Тожикистон Бош прокурори, Қўрғонтепа прокурори ва қатор амалдорларни истеъфога чиқариб юбориши кераклигини айтди.

“Раҳмон бошқараётган ҳукумат вакилларининг бир нечта фарзандлари Россияда наркотик савдоси учун ўтирганини ҳисобга олсак, учувчиларни ҳибсга олишни оддий шантаж деб изоҳлаш ҳам мумкин”, дейди Каромат Шарипов.

“Известия” хабарига кўра, 2009 йилда Подмосковенинг Шчёлково шаҳарчасида Тожикистон Темир йўллари бошлиғи Омонулло Ҳукумовнинг ўғли Рустам наркотик савдоси учун 9 йилга қамалган. Қайд этиш керакки, Хукумовнинг яна бир ўғли - Зубайд Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг қизларидан бирига уйланган.

Тасодифга кўра, 2008 йилда темир йўл орқали келган 9 килограмм афғон героини билан қўлга олинган Рустам Ҳукумов Россия фуқаролигини олмасдан олдин айнан Қўрғонтепа шаҳрида яшаган. Россия фуқароси Владимир Садовничий эса, Шчёлковода истиқомат қилади.

Россия Мигрантлари федерацияси президенти Муҳаммад Амин Маъжумдор Россия ҳукумати зарбани оддий тожик муҳожирларига қаратаётганини “инсон ҳуқуқлари доирасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол бузилиши”, деб таърифлади.

Озодлик билан суҳбатда Маъжумдор Федерал миграция хизмати фақат тожикистонлик мигрантларга ишлаш рухсатномалари беришни тўхтатганини маълум қилди.

- Улар рухсатномалар нега берилмаётганини расман очиқламаяпти. Кеча ва бугун ҳам рухсатномалар фақат тожикларга берилмади. “Квота йўқ”, деган баҳона қилишяпти. Қолган миллат вакиллари ҳам рухсатнома ололмаётгани ҳақида хабарлар бор. Мигрантлар сиёсат билан шуғулланмайди, улар Россия иқтисодини кўтаришга хизмат қилаяпти!

Ташкилотимиз Ромодановский бошқараётган хизматни сиёсий босим учун қурол сифатида ишлатилишига қарши. Ахир бу биринчи марта кузатилаётгани йўқ: 2008 йилда Грузия билан муносабатлар ёмонлашганида грузин меҳнаткашларига нисбатан ҳам айнан чора қўлланилган эди,- деди Россия Мигрантлари федерацияси президенти Муҳаммад Амин Маъжумдор.
XS
SM
MD
LG