Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Ўзбекистон Ўшга бериладиган газ миқдорини қисқартирди


Айни пайтда Қозоғистон ҳам Бишкекка бериладиган газ миқдорини камайтирганини билдирди.

Расмий Тошкент 2011 йилнинг сентябрида Қирғизистонга бериладиган газ нархини 220 доллардан 278 долларга кўтариб юборгач, қирғиз ҳукумати Ўзбекистондан олинадиган газ миқдорини ҳам камайтирган ва Қозоғистон билан 195 доллардан газ сотиб олишга келишган эди.

Қозоғистондан олинадиган газ билан Қирғизистон шимолидаги Бишкек шаҳри ва 4 та вилоят таъминланган. Қозоқ газини Қирғизистон жанубидаги вилоятларга етказиб бериш учун техник имконият йўқлиги сабаб Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларига қиммат нархдаги Ўзбекистон гази сотиб олинган.

Аммо 11 ноябрда “Қирғизгаз” ширкати Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бир вақтнинг ўзида Қирғизистонга газ берилиши қисқартирилганини эълон қилган.

- Газ етишмаслиги сабабли Бишкек иссиқлик маркази тўла қувватда ишлай олмай, пойтахт иссиқ сувсиз қолди. Аммо ҳукумат шаҳарни иссик сувсиз қолдирмаслик учун иссиқлик марказини шошилинч равишда заҳирадаги мазут билан таъминлади. Ўзбекистон ва Қозоғистон томони эса, газ берилиши қисқартирилганини техник сабаблар билан изоҳламоқда, -деди “Қирғизгаз” ширкати расмийси Жайнагул Максимова.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга соатига 51 минг куб метр газ беришга шартлашган. Айни пайтда эса фақат 41 минг куб метр газ берилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг жанубий ҳудудлари учун ўзбек гази бугунги кунда 304 доллардан, республиканинг шимолий ҳудудлари учун қозоқ гази 195 доллардан сотиб олинмоқда. Айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистон Қирғизистонга 195 доллардан ўз газини эмас, Ўзбекистондан сотиб олаётган газининг бир қисмини сотаяпти. Таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон Ўзбекистондан олаётган газини Қирғизистонга арзон нархда сотиши Тошкент манфаатларига зид келади. Иккинчидан эса, Қозоғистон ҳам газни арзон баҳода Қирғизистонга сотиб иқтисодий зарар тортмоқда. Таҳлилчилар газ берилишининг қисқартирилиши мана шу сабабларга боғлиқ, деб ҳисоблайдилар.

- Гапнинг индаллосини айтганда, “Казтрансгаз” газни 195 доллардан бериб, катта зиён тортди. Энди қирғиз ҳукумати яна қайта газни тўғридан –тўғри Ўзбекистондан сотиб олиш бўйича шартнома имзолашга мажбур бўлади. Аслида Қозоғистон томони Қирғизистонда 30 октябрда ўтган президентлик сайловида президентликка номзод Алмазбек Атамбаевни сиёсий жиҳатдан қўллаш мақсадидагина газни арзон нархда сотишга рози бўлгани сезилиб қолди, -дейди энергетика соҳаси бўйича эксперт Расул Умбеталиев.

Айни пайтда “Қирғизгаз” ширкати расмийлари ҳам Қозоғистон газ беришни кўпайтиришидан умид қилмаслигини ва шунинг учун Ўзбекистондан 4 миллион кубометр қўшимча газ сотиб олинишини маълум қилди. Қозоғистон Қирғизистонга бериладиган газни озайтириш билан бир қаторда, Марказий Осиё ягона электр тармоғидан чиқши мумкинлигини ҳам билдирмоқда. Бу эса қиш мавсумида Қирғизистонда электр таъминотида узилишлар содир этилишига сабаб бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG