Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:44

Тожикистонда худойбердиевчилар авф қилинди


Амнистияга мувофиқ озод қилинган еттовлон.
Амнистияга мувофиқ озод қилинган еттовлон.

Тожикистонда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев тарафдорларидан етти нафари озод этилди.

Худойбердиев тарафдорларининг озод этилиши борасида ўқиб эшиттирилган суд ҳукми давомли қарсаклар билан қарши олинди.

- “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 10-моддасига мувофиқ, Саидқул Эшонқулов, Қудратулло Қодиров, Шамсиддин Ғуломов, Ражабали Ғафуров, Икром Тўрахонов, Ҳокимжон Донаев ва Умарали Қурбонзодага нисбатан илгари чиқарилган ҳукм ўзгартирилиб, улар суд залидан озод этилсин, - деди ҳукмни ўқиб эшиттирган Тожикистон Олий маҳкамаси судяси Ўроқов.

Жорий йил 1 сентябрида Хатлон вилоят суди бу еттовлонни исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолик айби билан ҳар бирини 14 йилданга озодликдан маҳрум этган эди.

Улар республика Жиноят кодексининг ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик, бандитизм, жиноий гуруҳ тузганлик, зўравонлик йили билан давлат тўнтаришга уриниш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик каби бешта моддаси билан айбдор, деб топилган эди.

Аммо Хатлон вилоят прокуратураси вакили Шоҳруҳ Ражабов ўз идораси маҳкама ҳукми устидан эътироз билдириб, Олий маҳкамадан ишни қайта кўриб чиқишни сўраганини маълум қилди. Вилоят прокуратураси, гарчи бу шахсларнинг Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолиги маҳкама жараёнида ўз исботини топган бўлса ҳам, “оғир” ва “ўта оғир” жиноят содир этган шахслар авф қонунининг 10-моддасига мувофиқ озод этилиши лозимлигини таъкидлаган.

- Хатлон вилояти судининг бу етти нафар шахс устидан чиқарган ҳукми аввал- бошдан нотўғри эди. Яъни суд ҳайъати ҳукм чиқаришда “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 10-моддаси 2-қисмини татбиқ қилиб, делони ёпиш ўрнига, шу қонуннинг 13-моддасига мувофиқ уларга 14 йилданга қамоқ жазоси тайинлади. Шуни назарга олган ҳолда, биз вилоят суди ҳукмини ўзгартиришни талаб қилиб, коллегия судига ариза ёздик, - деди вилоят прокуратураси вакили Ражабов.

Шу ўринда айтиш лозимки, Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб, жорий йил январ ойида ҳибсга олинган бу фуқаролар устидан суд август ойида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилганди.

Хатлон вилоят маҳкамасида мазкур иш бўйича суд жараёни давом этиб турган бир пайтда, яъни 19 август куни Тожикистонда “Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳаси тожик парламенти тасдиғидан ўтди.

Бундан бир кун аввал Хатлон вилоят прокуратураси вакили судланувчиларга 16 йил қамоқ жазоси сўраган эди.

Аснода 10 ойлик қамоқдан сўнг яқинлари ёнига қайтган собиқ маҳбуслар ўзларининг айбсизлигига ишонганларини, аммо суд адолатли ҳукм чиқариши эса умуман хаёлига келмаганини айтмоқдалар.

- Худо хоҳласа, давлат ва ҳукумат кўмагида янги ҳаётга қайтдим. Энди ишга ҳам жойлашаман. Мен Румий туманидаги пахтани қайта ишлаш корхонасини бошқарганман. Ишни қайтадан бошлаб, оилам, болаларим ва ватаним келажаги учун бор кучимни ишга соламан, - дейди улардан бири Икром Тўрахонов.

Ҳибсга олингунга қадар Тожикистон Ички ишлар вазирлигида фаолият қилган Саидқул Эшонқулов 10 ойлик қамоқ ўзи учун бир асрдек ўтганини айтади.

- Биз йўлдан адашган гумроҳларни авф этганлари учун миннатдорман. Ҳозирча фақат фарзандларим билан бўлишни ва кекса отам ҳолидан хабар олиб, дуосини олишни истайман. Мен ўтмишда ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият қилганман. Агар яна қайта ишга олишса, албатта фаолиятимни давом эттирган бўлардим, - дейди Эшонқулов.

Адвокатлар Тожикистонда Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзолари ва унга эргашган кишилар илк бор амнистия қилаётганларини айтади.

Тожикистонда шу йил қабул қилинган “Авф тўғрисидаги қонун”нинг 10-моддасида 1997 ва 1998 йиллар Душанбе ва Хўжанд шаҳарлари ҳамда Рудакий, Шаҳринав, Ҳисор ва Варзобдаги қуролли тўқнашувларда қўли бўлган шахсларга нисбатан тергов иши тўхтатилиши ва қамоқдагиларнинг эса озодликка чиқарилиши белгиланган.

Мустақил таҳлилчилар ҳукуматнинг бу қарори “худойбердиевчилар”ни тўғри ҳаётга қайтариш ва шу йўл билан мамлакат миллий хавфсизлиги учун хавф туғдираётган яна бир манбани бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётганини урғулайди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда шу кунгача Худойбердиев тарафдорларининг қарийб 100 нафари амнистия қилинган.
XS
SM
MD
LG