Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:03

Ўзбек-тожик чегарачилари ўртасида отишма рўй берди


Икки мамлакат чегарачилари ўртасидаги отишма Бекобод шаҳри яқинидаги ўзбек-тожик чегарасида содир бўлгани айтилмоқда.
Икки мамлакат чегарачилари ўртасидаги отишма Бекобод шаҳри яқинидаги ўзбек-тожик чегарасида содир бўлгани айтилмоқда.

Бу борада маълум қилган Ўзбекистон хавфсизлик хизмати масъуллари бунга республика ҳудудига ноқонуний равишда ўтмоқчи бўлган наркогуруҳни қўлга олишга уриниш сабаб бўлганини таъкидламоқдалар.

“Регнум” ахборот агентлиги хабарига кўра, 13 ноябр куни маҳаллий вақт билан кечки соат тўққизларда Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри яқинидаги ўзбек-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма рўй берган.

Агентликнинг ёзишича, ўзбек чегарачилари тожикистонлик фуқаролардан иборат наркогуруҳ мамлакат ҳудудига ўтаётганини пайқаган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, “наркогуруҳ аъзоларини қўлга олишга уриниш чоғида ўзбек ҳарбийлари Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳомийлик қилган жиноятчилар томонидан ўққа тутилган”.

“Қуролли ҳужум оқибатида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қилган аскари М. Тожиев ҳалок бўлди”, дея иқтибос келтиради Регнум Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати ходими сўзларидан.

Ўзбекистон томонининг маълум қилишича, сўнгги бир неча вақт ичида хавфсизлик хизмати ҳарбийлари ва тожикистонлик бангфурушлар ўртасида шунинг билан иккинчи марта қуролли тўқнашув рўй берган.

Шу каби ҳодиса жорий йилнинг 23 июнида Самарқанд йўналишидаги чегара ҳудудидан ўтаётган тожикистонлик наркогуруҳ аъзолари ва ўзбек чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган.

Ўзбек расмийлари даъвосига кўра, республика ҳудудига ўтмоқчи бўлган наркогуруҳ аъзоларига тожик чегарачилари ҳомийлик қилган.

“Шуни назарга олган ҳолда, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси чегара ҳудудларида тожик чегарачиларига жиноятчиларни дастаклашга изн бераётган Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларига қатъий эътироз билдиради ва мазкур ҳодиса юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказишга чақиради”, дейилади Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Аснода Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари ўзбекистонлик ҳамкасбларининг тожик чегарачилари наркогуруҳ аъзолари билан ҳамкорлик қилаётганига оид иддаоларини рад этмоқда.

- Уларнинг айтганлари ҳаммаси ёлғон. Улар бу маълумотларни шошилиб бериб юборди, лекин ҳамма гаплари ёлғон. Ҳозир биз ана шу масалада бошлиқларимиз билан ишлаяпмиз, - деди 15 ноябр куни эрталаб Озодликка гапирган Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизмати бошлиғи Хушнуд Раҳматуллоев.

Тушдан кейин эса Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари бошқармаси Ўзбекистон томонининг баёнотига жавоб қайтарди.

- Улар баёнотига асосланган мақолаларда юз берган ҳодиса нотўғри талқин қилинган. Биринчидан, ҳодиса жойида бирор-бир наркотик модда топилмаган, аксинча, тожикистонлик фуқаролар маиший техникани Тожикистондан Ўзбекистонга ноқонуний ўтказишга уринганлар. Иккинчидан, бу контрабандистлар ўзбек чегарачилари билан келишган ҳолда иш тутишган бўлган. Учинчидан, 13 ноябр тунида ўзбек чегарачилари Тожикистон чегарачиларининг ўқ узиб огоҳлантиришларига қарамай, “Ҳаштияк” назорат ўтказиш пости томондан чегарани қўпол тарзда бузиб, бу томонга ўтган ва наркогуруҳлар билан келишиб олмоқчи бўлган. Шундан сўнг тожик чегарачилари қуролни ишга солишга мажбур бўлганлар. Бу ўринда тожикистонлик чегарачилар ҳатти-ҳаракатлари чегара қўшинлари низомига уставига мувофиқдир, - деди Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари бошқармаси баёнотини ўқиб эшиттирган матбуот бошлиғи Хушнуд Раҳматуллоев.

Айни пайтда, Россиядаги Интерфакс агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон томони чегарани бузган Тожикистон фуқаросини ўзбек чегарачилари қўлга олгани ва воқеа жойидан катта миқдордаги контрабанда моли ва оғирлиги 3,8 килони ташкил қиладиган героин топилганини билдирган.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон ва Тожикистон чегара хизматлари ўртасида содир бўлган сўнгги воқеани “наркогуруҳлар уруши”, дея изоҳламоқдалар.

Таҳлилчи Искандари Фируз мулоҳазасича, асосий манбаи Афғонистон бўлган гиёҳванд моддаларни Марказий Осиё йўлаги орқали хорижга ташиш жараёнида минтақа айрим чегарачиларининг ҳам улуши бор.

- Ўзбекистон ва Тожикистон гиёҳванд моддалар контрабандаси йўлагида жойлашганини назарга олган ҳолда, қўшни республикалар чегарачиларининг бир-бирларига қарши бу каби даъволардан “Ўзбекистон томони айбдор ёки аксинча, Тожикистон айбдор” деган маънони уқмаслик лозим. Афғонистонда етиштирилаётган наркотик моддаларни минтақа чегара хизматлари ва бошқа куч тизимлари ҳамкорлигисиз ташқарига олиб чиқиш имконсиздир. Жиноий гуруҳлар ва ана шу куч тизим вакиллари ўртасида ҳамкорлик кўплаб марта исботлаб берилган. Ўтмишда Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари ҳам ана шу йўналишда ҳамкорлик қилган. Лекин ҳозирда икки қўшни мамлакат ўртасидаги сиёсий вазият ёмонлашиши билан чегарачилар ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорликка чек қўйилди. Тожикистон томон билан ҳамкорлик қилган ўзбек чегарачисига “ватан хоини”, “жосус” каби тамға босилиши уларни чўчитиб қўйди, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Искандари Фируз.

Бошқа томондан, таҳлилчи фикрича, гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланаётган гуруҳ аъзолари баъзи ҳолларда ўз ҳомийлари билан келиша олмай қолиши ортидан ана шундай можароли ҳолатлар қасддан ташкил қилинади.
XS
SM
MD
LG