Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Зарифа Юсупова озодликка чиқарилди, аммо озод бўлмади


Кейинги йилларда Ўзбекистонни тарк этаётганларнинг аксари Скандинавия давлатларидан бошпана сўрамоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонни тарк этаётганларнинг аксари Скандинавия давлатларидан бошпана сўрамоқда.

Норвегиядан депортация қилинган Юсуповага нисбатан тергов-суриштирув жараёни тўхтамагани айтилмоқда.


Асли сирдарёлик, 1971 йилда туғилган Зарифа Юсупова 10 ноябр куни икки фарзанди — Муяссар ва Фирдавс Жўраевлар билан Тошкент аэропортига келгач қўлга олинган ва беш соат давомида ушлаб турилган эди.

Норвегиядан депортация қилинган аёлнинг болалари 5 соатдан сўнг қариндошларига топиширилган, аёлнинг ўзи эса ҳибсга олинган эди.

Орадан 12 кун ўтиб, Зарифа Юсупованинг озод қилинганини хабар қилаётган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева бу билан аёл тўла озод бўлди, дейишга эрта эканини айтмоқда.

- Биласизми, ҳалиям унга нисбатан айблов ҳозирланмоқда ва ҳозир бу аёлга нисбатан таъқиблар тўхтади, дейиш мумкин эмас. Унинг мусодара қилинган компютери ҳам қайтарилгани йўқ. Болалари ҳануз ўқишга қўйилмаган. Хуллас, ҳозир бу аёл ҳибсда эмас, аммо озод ҳам эмас,- дейди Надежда Отаева.

Диний эътиқоди боис, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқибига учраганини айтган Зарифа Юсупова ҳамда унинг турмуш ўртоғи 2009 йилда Ўзбекистонни тарк этиб, Норвегияга борган.

Норвегия Миграция хизмати бу оиланинг қочқинлик мақоми сўраб, қилган мурожаатини етарли даллилар тақдим этилмагани боис рад этган ва 2010 йилнинг сентябрида бу оилани Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

2011 йилнинг ноябрида қарор ижросига киришилган ва ўша кезда оиласи билан бирга бўлмаган Музаффар Тафаров Норвегияда қолган, унинг оиласи эса ҳеч бир ҳужжатсиз Ўзбекистонга жўнатилган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Отаева Норвегия полициясининг қарори хато бўлган, деб ҳисоблайди. Унга кўра, бу оила ҳақиқатдан ҳам диний эътиқоди учун Ўзбекистонда тазйиққа учраган.

- Биз бу аёлнинг миграция хизматига ёзган аризасини ўқиганимизда унинг аҳволи тўлиқ ёзилмаганини кўрдик. Гап шундаки, кўпчилик ўзбекистонликлар юртида қолган яқинларидан хавотир қилиб, бундан ташқари, хориж махсус хизматларининг бу маълумотларни Ўзбекистонга бермаслигига ишонмагани боис аҳволини очиқ ёзмайди, - дейди Надежда Отаева.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Норвегиядаги ўзбек жамоалари етакчиларидан олинган маълумотларга кўра, бу мамлакатнинг Миграция хизмати кейинги йилларда бошпана сўраб, мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликнинг сўровини қондирмаган.

Норасмий маълумотларга кўра, 2011 йилнинг бошида Норвегияда қочқинлик сўраган 400 нафар ўзбекистонликка рад жавоби берилган.

Ўзбекистонда диний ва сиёсий қарашлари учун тазйиқ қилинаётганини айтиб, Европа давлатлари, хусусан, Норвегиядан бошпана сўраётган ўзбекистонликларга рад жавоби берилиши ҳоллари кўпайгани сабаби сифатида кўпинча даъволарнинг ёлғон экани расман сабаб қилиб келтирилади.

Ўз вақтида бу ҳақда Озодликка сўзлаган Норвегия Миграция хизмати мулозими Кирстн Муйре (Kirstn Myhre) бунга оид кўплаб фактлар аниқланганини айтган эди.

- Бошпана сўровчиларнинг баъзилари масжидда намоз ўқиëтганда хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таъқиб этилганини, баъзилари ҳукумат ўзини Ҳизб ут-Таҳрир гуруҳига аъзоликда айблаëтганини, ҳибсга олинганини даъво қилади. Айнан қачон, қаерда, қайси айб бўйича, деб сўрасангиз, бирор аниқ маълумот бера олмайди ёки бир гапи иккинчисини инкор қилади,- деган эди Миграция бўйича Норвегия бошқармаси расмийси Озодликка.

Ҳуқуқ фаоли Надежда Отаева ҳам бундай ҳолатлар мавжудлигини эътироф этар экан, сохта қочқинлар ҳақиқатда кўпайгани ва бу иш билан шуғулланиб, пул топиш йўлига ўтган жиноий гуруҳлар шаклланиб улгургани ҳақида сўзлади.

- Биласизми, одамларни қочқин сифатида Норвегияга олиб келган ва кейинчалик уларни турли ишларга жойлаштириб, меҳнат муҳожирларига айлантириш билан шуғулланган ўзбекистонлик жиноий гуруҳлар аниқланган. Афсуски, шу каби ҳолатлар Зарифа Юсупова каби ҳақиқатда бошпанага муҳтож, ҳақиқатда репрессив режимдан қочган қочқинларнинг ҳаётига катта хавф солмоқда. Шу боис, бу борада масъулият кўпроқ мурожаат қилган қочқинлар устидан кўпроқ ишлашга мажбур бўлган миграция хизматлари зиммасида қолмоқда, - дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Озодлик билан суҳбатда сохта қочқинлар орасида мурожаати ноҳақ инкор қилинган ва Ўзбекистонга депортация қилинаётган қочқинлар, одатан, ҳеч бир ҳужжатсиз қайтарилиши ҳамда Ўзбекистонда уларнинг деярли ҳаммасига жиноят иши очилиши, уларнинг аксарияти мамлакатни тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини айтади.

Хусусан, 22 ноябр куни озод этилган Зарифа Юсупова ҳам айни кезда мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмас. Шу боис, унинг ўзи ва оила-аъзолари хориж матбуотига сўзлашдан тийилишга мажбур эканини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG