Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:20

Қарши туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи ҳибсга олинди



Қарши тумани ички ишлар бўлимининг тергов бўлими бошлиғи, полковник Воҳид Абдуллаевнинг 19 ноябр куни ўз иш кабинетида ҳибсга олингани тўғрисида “Ҳаракат” Интернет нашри хабар қилди.

Воқеадан хабардор “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, айни пайтда Воҳид Абдуллаев миллий хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўлимида тергов қилинмоқда:

- Қашқадарë вилояти, Қарши тумани ИИБ тергов бўлимининг бошлиғи полковник Воҳид Абдуллаевни шанба куни хизматхонасида ҳибсга олинган. Ўша жойдаги милиция ходимларининг айтишларича, иккита фуқаро кийимида келган хавфсизлик идорасининг одамлари уни олиб чиқиб кетишган. Бошида унга кишан солишқмоқчи бўлишибди. Ўзим бораман, дегандан кейин бирга етаклаб олиб чиқиб кетишган. Шундан бери шу пайтгача у одамнинг тақдири борасида маълумотлар йўқ. Фақат шу маълумки, ҳозирда хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида у одам сақланмоқда,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, полковник Абдуллаев Қашқадарё вилоятида кўзга кўринган шахслардан бири бўлган. У илгари вилоят ички ишлар бошқармасининг тергов бўлимини бошқарган, Нишон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.

Қарши туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан ўзаро суҳбатда В. Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-моддаси билан ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Бу модда “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказиш” билан боғлик қонунбузарлик учун жазони назарда тутади.

В. Абдуллаевнинг коррупцияга боғлиқ жиноятларда ҳам айбланаётгани айтилади.

Ўзбекистонда кейинги бир ҳафта ичида ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлаган мансабдорларнинг ҳибсга олиниши ҳақида хабар қилинмоқда.

Жумладан, Uzmetronom.com сайтининг 21 ноябрдаги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича собиқ давлат маслаҳатчилари Равшан Муҳиддинов ва Фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойбергенов ҳибсга олинган ёки тергов остида қолмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Муҳиддин Қиёмовнинг истеъфога чиққани ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG