Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:51

Телевизор: Бўлўвради?


телевизор
телевизор

Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради. Бировлар ҳафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу! Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни. Шундай қилиб, навбат “Телевизор” рукни остидаги навбатдаги эшиттиришга.


“Бўлўвради!”

Бу сўз ўзбек усталарининг тилидан “ғишт”, ”лой” сўзларидан кейин энг кўп учадиган сўз.

Уста деворга беш-олти қатор ғиштни қўйиб бўлгач, қўлидаги қотган лойни уқалаб туширадида, “Саратон”дан биттани тутатиб, деворга бир четдан қарайди.

Шу пайт бир машина ғишт билан уйнинг эгасиям келиб қолади. Деворни кўрибоқ фиғони фалакка ўрлайди.

- Қийшиғу, уста?!

Уста дарҳол жавоб бермайди. “Саратон”ни чуқур тортади. Бир деворга, бир уйнинг эгасига қарайди. Тишининг орасидан “чирт” этиб тупурадида, “Бўлўвради”, деб қўяди.

Уйнинг эгаси “бақа бўпқолган” – устанинг бетаъсирлигига нима деб жавоб беришни билмай, тили каловланган.

Шу пайт муаммони яна устанинг ўзи ечади: “Сувоқ билан тўғриланади, бўлўвради”.

Уйнинг эгаси қурилишни бошлаганидан бери бунақа “бўлўвради”ларни кўп эшитди. Биладики, уй битгунча яна кўп эшитади. Шунинг учун дами ичида, қўлини бир силтайдида, бурилиб кетаверади.

Лекин Катта Уйнинг Катта Эгаси индамай бурилиб кетаверадиганлардан эмас - жудаям инжиқ одам.

Имкониятлари чексиз бўлгани учун устанинг “гули”ни ишлатади. “Мальборо” чекадиганини ишлатади.

Ана, кеча телевизорда Катта Эга бир янги уйни – Маърифат марказини қабул қилволди.

Ана сизга маҳобат, ана сизга маҳорат, ана сизга сифат!

Телевизорнинг ичига кириб кетгим, бинонинг мармар устунларини ушлагим кепкетди.

Чиндан ҳам зўр! Чиндан ҳам тан берадиган!

Э, раҳмате, усталар! Э раҳмате, Катта Эга!

Кўнглим эриб, қитмирлигим қаёқларгадир учди-кетди. Мухбирнинг мана бу тагдор гапиниям ғилт этиб ютдим.

“Бугун юртбошимиз Ислом Каримов фақатгина соҳибқирон Амир Темур даври ëдгорликлари билан солиштириш мумкин бўлган мажмуанинг имкониятлари, меъморий ечимлари, бу ердаги қулайликлар билан бевосита танишди”.

Маърифат марказининг гўзаллигига маҳлиё бўлиб қолиб, мухбир ўқиётган матндаги “ўзига хос, ўзига мос” клише ибораларга бу гал эътибор бермадим.

Аксинча, мухбирнинг “Терма нақш услубида ишланган деворий безаклар ҳам ички интерьер манзарасини янада жонлантириб юборган” жумласидаги “терма нақш” иборасини эшитиб мазза қилдим.

Тилимда советча-ўрисча унсурлар ҳалиям кучли - мен “мозаика” деган бўлардим.

ЎзТВ мухбири “терма нақш”, деб ишлатди. Яхши!

Фақат “ички интерьер” иборасидан “ички” сўзини чиқариб юборгандайди, жумласи Маърифат марказига янада мос ясалган бўларди.

Чунки, ҳамкасбим биладики, “Интерьер” сўзининг ичида “ички”, деган маъно ётади.

Маърифат марказига Миллий кутубхона илова қилинибди. Катта Эга униям бориб кўрди.








Яна ўша маҳобат, яна ўша маҳорат, яна ўша сифат!

Келинг, азиз тингловчи, бугунча, Миллий кутубхона байрамини бузмай – вилоятлардаги кутубхоналар аҳволидан сўз очиб кўнгилларни вайрон қилмай. Каттасини қурган Катта кичиклариниям қурар, деб умид қилайлик.

Лекин Катта кичиклари тўғрисида бирон нима дегани тўғрисида “Ахборот” бир нарса демади.

Бироқ индамай дейману индамай бўлмас!

Масалан, мавзудан келиб чиқиб, ўзбекнинг китоб ўқимай қўйгани тўғрисида индамай бўлмас.

Тунов куни шоир Ёқубжон ака Хўжамбердиев мана бу гапни айтиб қолди.

- Ëзувчи Эркинжонни биласиз. Эркин Аъзамнинг янги “Шовқин” деган роман, ҳикоя, қиссалари босилган китоби чиқди. Тиражи 5000 дона.

Озодлик: Холос.

- Ҳа. Эркин Аъзам 5000 тиражлик авторми? Ҳеч қачонда. Эркин Аъзам жуда катта тиражга муносиб автор. Лекин афсуски ҳозир мана шу ҳолатда турибмиз, деди Ëқубжон ака.

Нега шундоқ, деди Ёқубжон ака.

Нега шундоқ, дедим Ёқубжон акага.

Бошимиз қотди.

Ўзбекча китоб яқиндагина ҳам 100 минг тираж билан чиқардику?! Сотилиб кетардику?!

Ё бўлўврадими?

Китоб ўқимасак ҳам бўлўврадими?

Бу саволлар устида Катта Эга ва унинг вазирлари қачон бош қотираркин, деб ўйлаб турсам, “Ахборот” мухбири “Бу ерда ишлайдиган мутахассислар билан мулоқотда бўлар экан Ислом Каримов мажмуага ташриф буюрган меҳмон Ўзбекистоннинг имкониятлари ҳақида тасаввурга эга бўлишини, шу боис ушбу саройда ўтказиладиган тадбирлар техник жиҳатдан мукаммал ташкил этилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади” деб қолди.

Ҳа, демак, энг муҳими - чет эллик меҳмонлар бу бинони кўриб, Ўзбекистоннинг имкониятлари ҳақида тасаввур пайдо қилиши экан.

Оддий ўзбек эса, китоб ўқимасаям бўлўвради!
XS
SM
MD
LG