Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:19

Ўзбекистон электр энергиясини сотиб олмоқчи


Қирғизистондаги Тўқтўғул ГЭСида ишлаб чиқарилган электр энергияси энди Ўзбекистонга ҳам сотилади.
Қирғизистондаги Тўқтўғул ГЭСида ишлаб чиқарилган электр энергияси энди Ўзбекистонга ҳам сотилади.

Беш йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон яна Қирғизистондан электр энергияси сотиб оладиган бўлди.

Қирғиз расмийлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистонга электр энергияси 3,5 центдан сотилади. "Ўзбекэнерго" ва "Ўзинформэнерго" ширкати масъуллари эса Озодлик радиосига бу маълумотни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

Ўзбекистон билан тузилган шартнома деталлари очиқланмади

Қирғизистон Бош вазири лавозимини бажарувчи Ўмурбек Бабанов 23 ноябрда ўтган ҳукумат йиғилишида жорий йил қиш мавсумида Ўзбекистонга 500 миллион киловатт соат электр энергияси экспорт қилинишини билдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, Ўзбекистон 2006 йилдан бери Қирғизистондан электр энергиясини сотиб олишни тўхтатган эди. Ўша пайтда Қирғизистон электр энергиясини Ўзбекистонга 1 центдан сотган, жорий йилдан эса электр энергияси Ўзбекистонга қарийиб 3,5 центдан берилади.

Бишкекдаги “Электр станциялари” расмийларининг билдиришича, Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш тўғрисидаги шартнома имзоланган.

- Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилиниши ҳақида шартнома бор. Бироқ бу шартнома деталлари борасида тўлиқ маълумот бера олмаймиз, -деди “Электр станциялари” ширкати расмийси Нурия Искандерова.

Бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган “Ўзбекэнерго” ва “Ўзинформэнерго” ширкатининг расмийлари бу маълумотга очиқлик киритишни исташмади. Мазкур ширкатларнинг 8 нафардан ортиқ расмийси телефон орқали саволларимизга жавоб беришни исташмади.

Қирғизистонлик мутахасислар эса Ўзбекистоннинг беш йиллик танаффусдан сўнг яна Қирғизистондан электр энергияси сотиб олиш ҳаракатини мазкур мамлакатда электр энергияси етишмовчилиги билан боғламоқдалар.

- Ўзбекистонда электр таъминотидаги қийинчилик бу мамлакат ҳукуматини Қирғизистондан электр энергияси сотиб олишга мажбур қилаяпти. Ўзбекистонда электр энергияси асосан иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун эса кўп миқдорда газ керак бўлади. Аммо қишда газнинг озайиб кетиши муносабати билан, Ўзбекистон аҳолисини газ ва электр энергияси билан таъминлай олмай қолди, -деди энергетика бўйича эксперт Райимбек Мамиров.

Ўзбекистон энергетика борасида Қирғизистоннинг стратегик ҳамкорига айланиши мумкин

Энергетика бўйича қозоғистонлик эксперт Канат Берентаевнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистондан электр энергия сотиб олса, у ҳолда Марказий Осиё ягона электр тармоғи ҳам сақланиб қолинади.

- Мен ўйлайманки, электр энергия сотиб олиниши билан ягона электр тармоғи қайта тикланади ва унинг аҳамияти кучаяди. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ягона электр тармоқдан чиқиш тўғрисидаги баёнотлари ўз кучини йўқотади. Чунки бу тармоқ минтақа давлатларига фойда келтирувчи тизимга айланади, -деди Канат Берентаев.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистонда ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг асосий харидори Қозоғистон ҳисобланади. Жорий йилда Қозоғистонга 2 миллиард 154 миллион киловатт соат электр энергияси сотилган. Қиш мавсумида бу мамлакат яна 1 миллард киловатт соат электр энергияси сотиб олмоқчи.

Бироқ шунга қарамай, қирғизистонлик мутахасислар электр энергияси борасида Ўзбекистонни Қирғизистоннинг стратегик ҳамкори сифатида талқин этадилар. Экспертлар фикрича, Қирғизистон Ўзбекистон орқали Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилиш имкониятини қўлга киритиши мумкин. Чунки бунинг учун Ўзбекистонда тайёр инфрастурктура мавжуд. Қирғиз электр энергиясини айни пайтда режалаштирилаётгани каби Тожикистон орқали Покистон ва Афғонистонга сотиш учун эса катта миқдорда сармоя жалб қилиш керак бўлади.
XS
SM
MD
LG