Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

Россия ҳукумати ўзбек муҳожирига жарима тўлайди


Воронеж суди милиционерлар томонидан қийноққа солинган хонқалик Рашид Раззоқовга 840 минг рубл товон пули тўлаш ҳақида ажрим чиқарди.


Воронеж шаҳар Ленин туман суди Железнодорожний туманига қарашли Ички ишлар бўлимида қийноқлардан жабрланган ўзбекистонлик Рашид Раззақовнинг даъво аризасини қондирди. Суд ҳукмига кўра, хоразмлик Рашид Раззоқов ҳисобига Россия ғазнасидан моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун 840 минг рубл товон пули ундирилади.

Рашид Раззоқов
Рашид Раззоқов
29 ноябр куни ҳукм чиққан мазкур жараëнда “Воронеж/Черноземье” Минтақалараро ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи маслаҳатчиси Ольга Гнездилова Раззоқовга адвокатлик қилди. Гнездиловага кўра¸ Раззоқов 2009 йилда район Ички ишлар бўлимида уч кун давомида ноқонуний тарзда ҳибсда сақлангани ва беаёв қийноқларга солингани учун судга маънавий зарарни қоплаш бўйича ариза билан мурожаат қилган.

- Рашид Раззоқовни “Мемориал” жамиятига ижарада турган уй эгасининг таниши етаклаб келган. “Мемориал” мен ишлаётган ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти билан бир бинода жойлашган. Улар менга вазиятни тушунтириб беришганидан кейин Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинага мурожаат қилдик. Шу тариқа мени адвокат қилиб тайинлашди ва маҳаллий полиция ҳамда бошқа расмий тузилмалар билан 2,5 йиллик кураш бошланди. Менгача ҳам Раззоқов уни калтаклаган Железнодорожний туман милициясига мурожаат қилган, лекин аризаси қабул қилинмаган, дейди адвокат Ольга Гнездилова.

Маълум бўлишича, 2009 йилнинг апрелида 38 ёшли Рашид Раззоқов Воронежнинг Железнодорожний тумани милиция бўлимига олиб келинган. Милиция ходимлари уни туманда содир этилган қотилликни бўйнига олишга мажбурламоқчи бўлган ва уч кун давомида ўта даҳшатли қийноқларга солган.

Рашид Раззоқов Озодлик билан суҳбатда ўзини қийноққа солган милиция ходимлари маска ва қўлқопларда эканини эслади.

- Қўлни синдирганлар, пиво бутилкаси билан калладан зарба бўлган, кўкракларим кўкариб кетган, оёқларимнинг таги, тиззаларим... Ҳаммаси бўлиб 13 травма олганман-да. Юзларим кўкарган, кўзим қўкарган, каллам тешилиб кетган бутилка билан урганда. Даволанишга узоқ вақт кетди, узоқ чўзилди. Айниқса¸ синган қўл жуда азоб берди. Ҳозир ҳам синган тарафимга қараб ётганимда оғрийди, кўп ёта олмайман ёнбошлаб...

Озодлик: Бу полициячилар маст ҳолатда эдими?

- Йўқ, маст эмас эди. Ўлган одамни бўйнинга оласан, деди-да. Ўлган одам билан илгари таниш бўлмаганман. Эрмак учун қийнадилар. Шу участковой ўзбекни бўйнига олади, деб олиб келганда. Шу ўликни бўйнингга оласан, деб азоб беришди.

Озодлик: Россияда нима иш қиласиз?

- Плитка қўяман, 5-6 йил бўлди. Бир ўзимман бу ерда. Бир маротаба уйланиб ажрашиб кетганман. Ҳозир бир танишимнинг уйида яшайман. Ўзбекистонда ҳам қурилишда ишлардим.

Озодлик: Ҳозир кайфиятингиз қандай? Адвокатингиз Ольга “балким яна бир неча йил курашишга тўғри келади”, деяпти. Шунга тайёрмисиз?

- Ҳозир ёмон эмас. Бошлагандан кейин энди охирига етказиш керак, деди Воронежда 2,5 йилдан бери судма-суд юриб, ниҳоят ҳақиқат топган хонқалик Рашид Раззоқов.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиси Ольга Гнездиловага кўра¸ экспертлар ҳақиқатан Раззоқовнинг танасида 13 та жароҳат борлигини қайд этганини маълум қилди. Адвокат Гнездилова полициячилар қовурға, бош ва қўлини синдиришдан ташқари Рашидни электр токи билан қийнашгани ва ломга илишганини ҳам айтади.

Тергов идоралари бир неча бор жиноят ишини қўзғатишдан бош тортганларидан сўнг “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раиси, Россия президенти қошидаги Фуқаролик жамиятлари ва инсон ҳуқуқлари тизимларини ривожлантириш бўйича кенгаш аъзоси Светлана Ганнушкина Бош прокуратурага мурожаат қилган.

“Жами биз 10 маротаба жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилганмиз ва 10 маротаба рад жавобини олганмиз. 6 ой давомида милициячилар ўз изларини йўқотишга, машинани ёқиб юборишга эришди”, дея давом этади Раззоқовнинг адвокати Ольга Гнездилова.

- 6 ойдан кейин жиноий иш қўзғатилди, тергов бошланди. Ишга алоқадор икки нафар милиция ходими аниқланди, бироқ бир йилдан сўнг “шахси аниқланмаган милиция ходимларига” қарши жиноят иши яна тўхтаб қолди. Биз суд қарори билан олган 840 минг рублли компенсация пулини фуқаровий суд орқали олишга эришдик, чунки барча ҳужжатлар бўйича Раззоқов жарбдийдадир. Унга жароҳат етказган милиция ходимлари аниқланмагани – бу милициянинг муаммоси. Ҳар ҳолда давлат ўз ходимлари ваҳшийлиги учун жавобгардир, деди Гнездилова.

“Воронеж/Черноземье” Минтақалараро ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи маслаҳатчиси Ольга Гнездилова Рашид Раззоқов иши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ҳам даъво аризаси топширганини қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик Рашид Раззоқовга компенсация тўлаши керак бўлган Россия Молия вазирлиги Ленин туман суди қарори устидан шикоят аризаси топширишини маълум қилди.

“Биз жавобгарликка Россия давлат бюджети эмас, балки бу жиноятга йўл қўйган муассаса ва жиноятни содир қилган шахслар тортилишини талаб қиламиз”, дейди воронежлик адвокат Ольга Гнездилова.
XS
SM
MD
LG