Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:59

Чироқчилик фаоллар судланди


Газ¸чироқ ва сув йўқлигига қарши халқ норозилигини уюштирмоқчи бўлган беш фаол 7 декабр куни ҳибсга олинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди 9 декабрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Чироқчи тумани фаоли Нурали Кўлобовни 15 суткага, Эзгулик жамиятининг Чироқчидаги фаоли Абдумурод Норбоевни 10 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораеванинг Нурали Кўлобовнинг ўғли Ҳошимнинг гапларига таяниб айтишича, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари безориликда айбланган:

- Нурали Кўлобов ўғлининг айтишича, суд ёпиқ ҳолатда ўтган, ҳеч ким қўйилмаган. Нурали Кўлобов адвокат олишдан воз кечган, чунки уни "сизни жаримага тортиб, кейин қўйиб юборамиз", деб алдашган экан. Улар билан бирга ҳибсга олинган яна уч киши бир кун олдин қўйиб юборилган,- дейди Гулшан Қораева.

Нурали Кўлобов ва Абдумурод Норбоев 7 декабр куни туман ҳокимияти биносида милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Чироқчи туманидаги 20 та қишлоқ аҳли 8 декабрдан бошлаб газ ва электр энергияси берилмаётгани сабаб, ҳокимият биноси олдида норозилик намойиш ўтказишни режалаштирган эди.

Фаоллар 7 декабр куни Чироқчи туман ҳокимиятига боришган ва у ерда уларни 30-40 га яқин милиция ходими ҳамда номаълум аёллар кутиб олган.

Гулшан Қораевага кўра, аёллар провокация уюштирган ва ўртада жанжал чиққанидан сўнг намойишчилардан беш нафари ҳибсга олинган ва бу ҳибс норозилик намойишини олдини олиш мақсадида махсус уюштирилган:

- Ноябр ойидан бери булар прокуратурага, республика аппаратларига ҳамма ëққа чироқ йўқ, газ йўқ деб шикоят аризаси билан мурожаат қилишган. Кейин билдириш хатлари тарқатишган. Айнан чироқ, газ йўқлиги учун норозилик акцияси ўтказамиз¸ деб билдириш хати тарқатишган эди. Айнан шу масалага бориб тақалаяпти ҳозир. Ҳукумат норозилик акцияси уюштирилмаслигига қарши чора кўраяпти, деди Гулшан Қораева.

Ҳуқуқ фаоли Нурали Кўлобов 6 декабр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда намойиш режаси ҳақида гапира туриб, ташаббусчиларнинг ҳибсга олиниш хавфи мавжудлигини айтган эди.

- Бизнинг ўрганишимиз бўйича хотин-қизлар, қариялар жуда қийналишган. Ҳаммаси борамиз, намойиш қиламиз¸ дейишаяпти. Энди давлатда кимлардир иғво қилиши мумкин, балки бизларни қамашга ҳаракат қилиши мумкин, балки ваҳҳобий дейиши мумкин, шундай ҳаракатлар ҳам бўлган. Устимиздан маҳалла раислари ëзиб берган. “Бу ваҳҳобий, Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзо” деган хатларни берган. Шахсан менинг устимдан берилган. Худди шундай ҳаракатлар яна бўлиши мумкин. Худодан¸ пешонада борини кўрсатади. Ҳаракат қиламиз охиригача бориб курашишга, деган эди ҳибсга олинишидан бир кун аввал Озодлик билан суҳбатда Нурали Кўлобов.

Кўлобовнинг яқинларига кўра, ҳибсга олинган чироқчилик беш киши Чироқчи туман Ички ишлар бўлимида ушлаб турилибди.

Озодлик бу борада Чироқчи ИИБдан бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.

Чироқчи туман газ ва электр тармоқлари идораларининг раҳбарлари Озодлик билан суҳбатда туманда газ ва чироқ муаммоси борлигини тан олиб, айни пайтни ушбу муаммони бартараф этиш имконсизлигини айтишган эди.
XS
SM
MD
LG