Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Низомий номли университет талабаларга форма жорий қилди


Талабалардан ҳам мактаб ўқувчилари каби айни оқ-қора форма талаб қилинмоқда.
Талабалардан ҳам мактаб ўқувчилари каби айни оқ-қора форма талаб қилинмоқда.

Оқ-қора бўлиши шарт қилиб белгиланган бу форма тоталитар тузумнинг яна бир маҳсули сифатида кўрилмоқда.


“Биз Низомий педуниверститетининг юқори курс талабаларимиз. Бизга янги ректор келгандан сўнг янги талаблар қўя бошлади. Ўғил болалар оқ кўйлак ва қора шимда, қизлар қора юбка ва оқ кўйлакда келишлари шарт. Биз мактаб ёки коллеж ўқувчилари эмасмизки, ҳаммамиз инкубатордан чиққан жўжалардай бўлсак. Қолаверса, костюмда ўтиришнинг ўзи ноқулай. Бизнинг эркинлигимиз қаерда қолди.”

Бу бир гуруҳ олийгоҳ талабаларининг Озодликка йўллаган мактубидан парча.

Талабалардан олган мактубимиздан сўнг, биз дарҳол Низомий номидаги университет раҳбарияти билан боғландик. Университетнинг Маърифий ва маданий ишлар бўлими мудири Иброҳим Рўзиевнинг айтишича, ҳеч ким талабаларга бир хил кийимда дарсга келиш талабини қўймаган, фақат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан келган қўлланмага биноан талабалар орасида тушунтириш ишлари олиб борилаяпти:

- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан одоб-ахлоқ қоидалари¸ деган қўлланма келган. Шу қўлланмада кийиниш маданияти, муомала маданияти, овқат ейиш маданияти, талабалар ҳуқуқлари, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари, бурчлари бор. Катта даргоҳмиз¸ 10 минг талабадан иборат. Мана бир хил коллежларда бўлади¸ масалан. Медколлежларда бир хил оқ кийинишади, халат кийишади. Ўзининг ички тартиб-қоидалари. Мана бизларнинг ўзларимизнинг ички тартиб-қоидаларимизга риоя қилишни талаб қиламиз. Ҳеч қачон маъмурият ички тартиб-қоидани талабанинг жиғига тегадиган қилиб тузмайдику ахир,- дейди университетнинг Маърифий ва маданий ишлар бўлими мудири Иброҳим Рўзиев.

Бироқ исми очиқланишини истамаган юқори курс талабаларидан бирининг айтишича, Низомий университетида фақат оқ-қора кийимда ўқишга келиши ҳақидаги талабнинг жорий қилинганига тўрт ой бўлган:

- Ўқиш учун, институтга кириш учун дарс бошлангунга қадар оқ кўйлак, қора шим формада келиш керак. Агар шунақа талаб қилганларидек бўлмаса, дарсга киргизмайди. Аслида, олий даргоҳ талабаларига жуда унақа форма талаб қилиш шарт эмас эдику. Ҳозир универститетга кирсангиз фақат оқ-қора рангни кўрасиз, дейди университет талабаси.

Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирини тугатган, айни пайтда Европа давлатларининг бирида ўқишни давом эттираётган Темурбек Ҳакимовнинг айтишича, талабаларга махсус формалар жорий қилиш, бу улар эркинлигига қўйилган янги бир тўсиқдир:

- Талабаларга мажбурий шарт қўйиш, бир нарсага мажбурлаш¸ бу аслида 21 асрга мос келмайдиган сиëсат деб тушунаман. Масалан¸ бу яна совет даврини эслатади. Ҳаммани бир хил формага киритиб, ҳаммани бир хил фикрлаш, бир хил кўриниш, бир хил услуб, бир хил модага киритишнинг бир кўриниши ва инсонларнинг, ëшларнинг эркинлигининг бузилишининг бир кўриниши деб ўйлайман.

Тўғри балки жамиятда ахлоқий меъëрларга мос кийинишни тарғиб қилишни кўзлаган бўлишлари мумкин, лекин мажбурлаш орқали иш олиб бориши ëшларни бездиради деб ўйлайман, дейди Темурбек Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG