Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

Гулсумой Абдужалиловани КЎРГАН борми?


Гулсумой Абдужалилова деган қизни танийман деганлар¸ у билан фақат Skype орқали гаплашганларини эътироф этмоқдалар.
Гулсумой Абдужалилова деган қизни танийман деганлар¸ у билан фақат Skype орқали гаплашганларини эътироф этмоқдалар.

ЎХҲ¸ Ўзбекистон махсус хизматлари тазйиқидан ўз жонига қасд қилганини айтаëтган Гулсумойни тошкентдагилар умуман бўлмаганга чиқарди.



Сирли қўнғироқ

Ўзини Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг аъзоси, деб ҳисоблагани ва шу йилнинг 4 декабр куни Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманининг Ички ишлар бўлими ходимлари тазйиқи боис ўз жонига қасд қилгани айтилган Гулсумой Абдужалилова ҳақидаги хабарга нисбатан илк шубҳа унинг сурати устида пайдо бўлди.

"Гулсумой Абдужалиловага тегишли деб Озодликка тақдим қилинган суратдаги қиз менман", деган иддао билан таҳририятга Германиядан бир аëл таҳририятга сим қоқди.

“Суратдаги қизлардан бири менман, у сизнинг қўлингизга қандай қилиб тушибди қолди”, деб мурожаат қилди бу аëл Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда.

Гулсумой Абдужалилова деган аёлни танимаслиги, суратдаги икки қиздан бири ўзи, яна бири эса унинг дугонаси эканини таъкидлаган аëл¸ ëнидаги қиз - ЎХҲ томонидан Гулсумой Абдужалилова деб таништирилган дугонаси шахсиятини очиқлашни истамади.

“Суратдаги қиз сиз бўлсангиз, марҳамат, биз билан видеомулоқотга чиқинг¸ бу гапга ўз кўзимиз билан ишонч ҳосил қилайлик”, деган таклиф Германия рақамидан сим қоққан аëл томонидан қабул қилиндию аммо ижро этилмади.

Шу кунга қадар ушбу суратни Гулсумой Абдужалиловага тегишли, деб таъкидлаётган Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов¸ ўзини Германияда таҳсил олаётган талаба деб таништирган аëл унга ҳам боғланганини айтиб, бу даъвога ишонмаслигини билдирди.

- Шу суратда ўнг тарафдаги Гулсумой бўлади, андижонлик. Анави телефон қилган аëл ëлғон айтаяпти. Нимага ундай қилаяпти билмайман. Балки унга қандайдир босимлар бўлаëтгандир. Кимнидир гапиртираяптилар у ëқдан Ирода, бошқа деб. Аслида алоҳида суратдаги аёл ҳам, иккаласи бир тушган суратдаги ҳам ўша Гулсумой. Бундан ташқари ҳам менда қанча суратлари бор. Мен шуни тасдиқлай оламан, бу сурат Гулсумой Абдужалилованинг сурати. Буни тасдиқлайдиган мендан бошқа одамлар ҳам бор. Тез кунда гаплашасиз улар билан ҳам, дейди Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов эди.

Гулсумой йўққа чиқарилди

Гулсумой Абдужалилованинг шахси теграсидаги иккинчи баҳс¸ таҳририяти Тошкентда жойлашган Uzmetronom Интернет газетасида бундай аёлнинг бўлгани бутунлай инкор этилган мақола чоп этилганидан сўнг янада кучайиб кетди.

Шундан сўнг бу воқеа халқаро матбуот диққатига ҳам чиқиб, айрим инглиз тилли нашрларда ҳам чоп этилди.

Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадорлиги тахмин қилинадиган Uzmetronom газетасида таҳририят номидан эълон қилинган мақолада бу воқеа ортидан журналистик суриштирув ўктазилгани ва унинг натижасида Гулсумой Абдужалилова, деган шахснинг Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманида умуман яшамагани айтилади.

Таҳририят бу хулосага келгунча Қўрғонтепа туманида Фуқаролик ҳуқуқий далолатномаларини ёзиш – ЗАГСга мурожаат қилиб¸ кейинги кунлар ичи бу туманда Гулсумой Абдужалилова деган шахснинг ўлгани қайд этилмаганини¸ Республика Божхона қўмитасининг фуқароларнинг мамлакатга кириш-чиқиши қайд этиладиган жамоатчилик учун ёпиқ бўлимидан бундай шахснинг Ўзбекистон ҳудудига қуруқлик ва ҳаво орқали кирмаганини даъво қилади.

Боз устига¸ Тошкентда ўтирган таҳририят уч кун ичида ўз каналлари орқали Германия Чегара хизматига боғланиб¸ Гулсумой Абдужалилова деган шахс ўтган ойлар ичи Берлин, Франкфурт, Мюнхен аэропортларидан кириб-чиқмаганини аниқлашга муваффақ бўлганини ёзди.

"Ўз каналларимиз" деганда Uzmetronom бош муҳаррири қандай каналларни назарда тутгани бизга қоронғу. Аммо Гулсумой тақдирини кузатаётган немис журналисти Маркус Бенсман бундай маълумот Германияда мутлақо сир экани, ҳатто ўта кучли каналлари бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким¸ айниқса уч кун ичида¸ бундай маълумотни олиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлайди.

Маркус Бенсманга кўра, фақат бир ҳолатда: “Германия суди қарори билан рухсат берилган тақдирдагина қайсидир шахснинг эркин ҳаракатланишига оид маълумотни олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши мумкин”.

Агар шундай қарорга эришган бўлса, демак Uzmetronom сайти фавқулодда кучли каналларига эга, деб тахмин қилиш ва бу даъвони илгари сураётганлар бундай “каналлар” фақатгина махсус хизматлар бўлиши мумкин, деб ҳисоблаётганини ҳам қўшимча қилиш мумкин.

Шу даъвони таъкидлаётган Ўзбекистон Халқ ҳаракати Uzmetronom сайтининг иддаоларини мутлақо инкор қилмоқда.

Ҳаракат фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов гарчи Гулсумой Абдужалилова бу ҳаракатга расман аъзо бўлмаган бўлса-да, тириклигида у аёл билан Интернет орқали мунтазам алоқада бўлгани, вафотидан сўнг бу аёлнинг оиласи тақдирини ҳам кузатаётганини айтади.

- 4 дан 5 декабрга ўтар кечасида вафот этган ва ўша куни дафн этилган. Онаси касалхонада. Юраги слабий экан, ҳушидан кетиб касалхонага олиб кетилган. Реанимацияда ëтган. Ҳозир энди чиқди касалхонадан. Бу маълумотлар ҳам бизнинг вилоятдаги бошқа манбаларимиздан олинган. У оила билан эса алоқа тамомила узилган, дейди ЎХҲ фаоли Обутов.


Skypeдош дўстлар кўп¸ аммо

Uzmetronom сайтидаги мақола чоп этилганидан сўнг Озодликка Европа давлатларида яшаётган бир неча ўзбекистонлик оддий фуқаро ва мухолифат фаоллари боғланди.

Улар ҳам Гулсумой Аблужалилова, деган аёл билан Интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб турганини айтишар экан, таҳририятимизга у қиз билан қатор ёзишмаларини йўллади.

Ана шундай ўзбекистонликлардан бири исми сир қолиши шарти билан Озодликка мана буларни айтди:

- Бу аёл бўлмаган деганга, мен қарши чиқаман. Чунки бўлган у. Бу одам билан мен гаплашдим. Мана ëзганлари турибди менда. Бошқалар билан ҳам гаплашган. Лекин уларни ҳам ҳали кўрганим йўқ. Skype орқали таниймиз, холос. Гаплашиб, чатлашиб ўтирардик. Ҳазиллашиб яна, урушиб. Чатни биласизку, опа!

Бу қиз ҳаëтда бўлмаган эди¸ деган гаплар менинг ғашимга келиб турибди. Гаплашганман мен бу қиз билан. “Дадам раҳматли бўлиб кетган”, деб ëзган. Мана бу ерда ëзганлари турибдида. Ëзганлари, гаплашганлари билан мен тасдиқлайман бу қиз борлигини, деди Францияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлардан бири.

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Германия, Америкадан боғланган яна бошқа ўзбекистонликлар ҳам Германиянинг Мюнхен шаҳридан туриб, маълум муддат интернет тармоқларидаги ўзбеклар билан фаол алоқада бўлган Гулсумой Абдужалилова исмлик аëл билан ижтимоий тармоқларда суҳбатлашганларини билдирдилар.

Skypeдошларига кўра¸ Гулсумой номи билан билганлари ноябр ойи охирларида Ўзбекистонга қайтиши олдидан ўз сафарини ўртоқлари билан муҳокама ҳам қилган. Аммо виртуал дунëдаги суҳбатдошлар Гулсумой Абдужалилова деган талаба қиз билан реал дунëда кўришмаганликларини ҳам эътироф этадилар.

Улардан бири Гулсумой ўзини Германиядаги Максимиллиан университети талабаси деб таништирганини билдирди. Озодлик боғланган мазкур олийгоҳ маъмурияти Гулсумой Абдужалилова деган талаба қиз ўқиганини инкор қилмади¸ аммо талабаларга оид ҳар қандай маълумот сир сақланиши боис¸ буни расман тасдиқламади ҳам.

Озодлик боғланган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани прокуратураси ҳам 4 декабр куни ўз жонига қасд қилган Абдужалилова ишига оид суриштирув бораётгани ҳақидаги хабарни инкор қилмади, аммо бу ишга оид бирор маълумот ҳам бермади.
XS
SM
MD
LG