Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:19

Азимжон Асқаров ҳимояси халқаро судга мурожаат қилмоқчи


20 декабр куни Қирғизистон Олий суди 2010 йил июн воқеаларида айбланган таниқли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров устидан ҳукм чиқарди.


Маҳаллий вақт билан 18.00 гача давом этган маҳкамада раислик қилган Перизат Абакирова Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров ва у билан судга тортилган ўзбек миллатига мансуб яна олти киши 2010 йилнинг июн ойида рўй берган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Ҳуқуқ фаоли Бозорқўрғондаги тартибсизлик ташкилотчиларидан бири сифатида Бозорқўрғон туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Кейинчалик Жалолобод вилоят суди ҳам Бозорқўрғон туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Қайд этиш ўринлики, 2010 йил сентябридаги дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб олти нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

Азимжон Асқаров билан бир қаторда мазкур иш юзасидан Муҳаммадзокир Қўчқоров, Санжарбек Мулавхунов, Элмурод Расулов, Исроилбек Абдураимов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Мунира Мамадалиева ва Шукржон Мирзолимов 20 йилга кесилган эди.

Сешанба куни Қирғизистон Олий суди Мунира Мамадалиевага нисбатан қўйилаётган айбловлар қисман ўз исботини топмаганини инобатга олиб, унга нисбатан 20 йиллик қамоқ жазосини 11 йилгача камайтирди. Бироқ бошқа судланувчиларга нисбатан қуйи инстанциялар чиқарган суд ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Аснода Азимжон Асқаров ҳимояси ҳуқуқ фаолига нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан Олий судга қилинган арз билан чекланиб қолмаслигини айтмоқда. Хусусан, Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақунов эндиликда халқаро судларга мурожаат қилинишини маълум қилди. Бироқ адвокат Тўқтақунов шикоят аризаси халқаро судга қачон топширилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот беролмаслигини қўшимча қилди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров айни пайтда Бишкекдаги 47-қамоқхонада сақланмоқда.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар “Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилган”, дея билдириб келадилар. Азимжон Асқаров халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқуни деб тан олинган ва унга жорий йилнинг март ойида Ноmo Homini мукофоти топширилган.

XS
SM
MD
LG