Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:13

Чироқчилик ҳуқуқ фаоллари озодликка чиқди


Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари Нурали Кўлобов (чапда), Гулшан Қораева (ўртада) ва Абдумурод Норбоев (ўнгда)
Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари Нурали Кўлобов (чапда), Гулшан Қораева (ўртада) ва Абдумурод Норбоев (ўнгда)

Газ ва чироқ йўқлигига қарши намойиш уюштирмоқчи бўлган Нурали Кўлобов ва Абдумурод Норбоев озод бўлди.

23 декабр куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Чироқчи туманидаги фаоли Нурали Кўлобов 15 кунлик қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева маълум қилди.

Қораевага кўра, Нурали Кўлобов 22 декабрдан 23 декабрга ўтар кечаси, тун ярмидан оғганда уйига кириб келган.

Эзгулик жамиятининг Чироқчидаги фаоли Абдумурод Норбоев эса, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарномага кўра, 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг 18 декабр куни озодликка чиққан эди.

7 декабр куни кечқурун Қашқадарёнинг Чироқчи туман ҳокимлиги биноси олдида чироқчилик беш киши милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Улар Қашқадарёнинг Чироқчи туманида газ ва электр энергияси таъминотидаги муттасил давом этаётган узилишларга қарши норозилик намойиши ўтказмоқчи бўлганлар.

Чироқчи туманидаги 20 та қишлоқ аҳли иштирок этиши мўлжаллаган норозилик акциясини 8 декабрдан бошлаб ҳокимият биноси олдида ўтказилиши режалаштирилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди 9 декабр куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Чироқчи тумани фаоли Нурали Кўлобовни 15 суткага, Эзгулик жамиятининг Чироқчидаги фаоли Абдумурод Норбоевни 10 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳозирда Озодликка чиққан ҳуқуқ фаоллари билан боғланиш имкони бўлмаяпти.

Ҳуқуқ фаоли Нурали Кўлобов қамалишидан аввал - 6 декабр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда намойиш режаси ҳақида гапира туриб, ташаббусчиларнинг ҳибсга олиниш хавфи мавжудлигини айтганди.

- Бизнинг ўрганишимиз бўйича хотин-қизлар, қариялар жуда қийналишган. Ҳаммаси борамиз, намойиш қиламиз¸ дейишаяпти. Энди давлатда кимлардир иғво қилиши мумкин, балки бизларни қамашга ҳаракат қилиши мумкин, балки "ваҳҳобий" дейиши мумкин, шундай ҳаракатлар ҳам бўлган. Устимиздан маҳалла раислари ëзиб берган - “Бу ваҳҳобий, Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзо” деган хатларни берган. Шахсан менинг устимдан берилган. Худди шундай ҳаракатлар яна бўлиши мумкин. Худодан¸ пешонада борини кўрсатади. Ҳаракат қиламиз охиригача бориб курашишга, - деган эди ҳибсга олинишидан бир кун аввал Озодлик билан суҳбатда Нурали Кўлобов.

Чироқчи туман газ ва электр тармоқлари идораларининг раҳбарлари Озодлик билан суҳбатда туманда газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олишган, айни пайтни ушбу муаммони бартараф этиш имконсизлигини айтишган эди.
XS
SM
MD
LG