Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Ўзбекистонда биометрик паспорт 10 кун муддат ичида берилади


Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.
Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

Ўзбекистонда биометрик паспорт барча ёшдагиларга, ҳатто 1 ёшга тўлмаган гўдакка ҳам берилади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник Шухрат Хўжаев "Правда Востока" газетасига берган интервьюсида айтган.

Хўжаевга кўра, 16 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқароларига 10 йил муддатга, мамлакатда яшаётган 16 ёшга тўлган ва тўлмаган фуқаролиги йўқ шахсларга беш йил муддатга берилади.

“Агар бола бир ёшга тўлмаган бўлса, у ота-онаси билан хорижга кетаётган бўлса икки йилга берилади. 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган, хорижга кетаётганларга беш йилга берилади. Бироқ боланинг паспорт олиш ёшига етиши бу ерда инобатга олинади. Масалан, 13 ёшдаги ўсмир хорижга кетиши зарур бўлса, унга паспорт 3 йил муддатга берилади ва у 16 ёшга тўлганида янги биометрик паспорт олиши зарур” дейди подполковник Шухрат Хўжаев.

Биометрик паспортлар Ўзбекистон ИИВ фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлимлари томонидан берилмоқда. Тартибга кўра, фуқаронинг биометрик маълумотлари олинганидан сўнг, у 10 кун ичида биометрик паспортни қўлига олади.

Агар биометрик паспорт расмийлаштирилаётган фуқаронинг ҳужжатида муддати ўтмаган чиқиш визаси бўлса, у фуқаронинг хоҳишига кўра, автоматик тарзда янги паспортга ўтказилади.

Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

Хўжаевга кўра, айни пайтда биометрик паспортни оммавий тразда бериш бошланмаган.

“Янги паспортни 16 ёшга тўлганлар ва бу ёшга кирмаган бўлсада, хорижга кетмоқчи бўлганлар, бу йил ким 25 ва 45 ёшга тўлган бўлса яъни паспортини алмаштириш муддати келган бўлса. Кимники паспорти йўқолган бўлса ва шунингдек, хорижга кетаётган фуқароларга берилади", дейди подполковник Шухрат Хўжаев "Правда Востока" газетасига берган интервьюсида.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (31 минг 460 сўм) миқдорида давлат солиғи тўлайди.

Ўзбек мулозимлари мамлакатдан ташқарида яшаётган ўзбекистонликларнинг паспорт алмаштиришида муаммо бўлмаслигини ҳам таъкидламоқда.

“Хорижда юрганлар хорижда консуллик рўйхатидан ўтган бўлса, ўша ернинг ўзида алмаштириш имкони бор. Биз келажакда Ўзбекистоннинг хориждаги консулликларини биометрик паспорт бера оладиган аппаратлар билан таъминлаймиз. Бу келгуси йилга мўлжалланган”,- деган эди Ўзбекистон ИИВ Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаев Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Янги паспорт берилиши босқичма-босқич амалга оширилади ва бу жараён 2015 йилгача давом этади.

Фуқароларнинг айни пайтдаги паспортлари мавжуд қонунга биноан 2015 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.
XS
SM
MD
LG