Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:26

"Қора кардинал" Оқ уйга ўтди


Владислав Сурков президент Дмитрий Медведев билан.
Владислав Сурков президент Дмитрий Медведев билан.

Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Владислав Сурков Бош вазирнинг модернизация масалалари бўйича муовини этиб тайинлади.


Россия бошқарувида жиддий кадрлар алмашувини бошлаган Дмитрий Медведев телевидение орқали Сурков”мамлакат иқтисодини модернизация қилиш учун жавобгар” бўлишини маълум қилди. Медведевнинг сўзларига кўра, Владислав Сурков ҳозирга қадар ҳам бир неча йил олдин тузилган модернизация бўйича комиссия ишида фаол иштирок этиб келган.

- Ишонаманки, комиссия доирасида муҳокама этган барча масалаларимиз сизнинг ҳукумат таркибидаги комиссия бошчилигингизда аниқ қиёфа топади ва амалий натижа беради, деди президент Дмитрий Медведев.

Владислав Сурков 2008 йилдан буён президент маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаб келди. Медведевнинг бундай қароридан мамнун эканини гапирар экан, у бу лавозимга тайинланишини “катта шараф”, дея баҳолади.

- Мен учун бу катта шараф, чунки иқтисодиёт модернизацияси ва инновация инфратузилмасини яратиш ғояси сизнинг стратегик йўналишингиз эканини барча билади. Сиз бу ҳақда кўп гапиргансиз, мен эса бу ғояларни ҳаётга татбиқ этишга имкон даражасида ҳаракат қилганман. Мен учун бу жуда қизиқарли иш ва сизнинг ҳамда ҳукумат раҳбарининг ишончини оқлашга умид қиламан, деди Медведевга янги вице-премьер Владислав Сурков.

Сўнгги ҳафта давомида Россия ҳокимиятида Дмитрий Медведев томонидан бошқа бир қатор жиддий кадр алмашувлари ўтказилди. ДавлатДумасига ишга ўтган Сергей Нарышкин ўрнига президент маъмурияти раҳбари лавозимини Сергей Иванов эгаллади; НАТОдаги Россиянинг доимий вакили Дмитрий Рогозин вице-премерликка ўтди¸ Сурков ўрнига эса Вячеслав Володин тайинланди.

Бу рокировкалар қаторида Сурковнинг янги лавозимга тайинланиши сиёсий доираларда энг қизғин муҳокама этилаётган мавзуга айланди.

Кремл маъмурияти бошлиғининг эндиликдаги собиқ ўринбосари иқтидордаги ҳокимият сиёсий тизими меъмори сифатифа кўрилади. 47 яшар Владислав Сурков 1987-1996 йилларда Кремлнинг бугунги машҳур маҳбуси Михаил Ходорковский қўл остида - реклама бўлимида иш бошлаган.

МЕНАТЕП, Алфа-банкларда ишлаб келган Сурков, айрим маълумотларга кўра¸ ўшандаги нуфузли олигарх¸ бугунги сиëсий қочқин Борис Березовский ёрдами билан Россиянинг Биринчи телеканали – ОРТга ишга ўтган. 1999 йилдан бошлаб у президент Борис Елцин, кейинчалик эса Владимир Путин ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Россиядаги либерал кучлар орасида “Россия сиёсатининг қора кардинали” сифатида ном қозонган Владислав Сурков мамлакатда ўзгача фикрнинг бостирилиши учун масъуллардан бири деб кўрилади.

Айнан Сурков мавжуд ҳокимиятнинг энг йирик сиёсий лойиҳалари муаллифидир. Унинг бошчилигида 1999 йилда “Единство”¸ 2003 йилда “Родина” сайлов блоклари, шунингдек 2003 йилда “Единая Россия” ва “Справедливая Россия” партиялари тузилган.

Сурков, шунингдек, “Идущие вместе” ва “Наши” кремлпараст ёшлар ҳаракатларининг “ғоявий отаси” ҳам ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Россия Президенти қошидаги кенгаш аъзоси, сиëсатшунос Дмитрий Орешкин Сурковнинг маъмуриятдаги лавозимидан олинишини “сиёсий саҳнадан узоқлашиш”, дея атади.

- Владислав Юрьевич Сурков футболдаги каби ўта нозик ва мураккаб ўйин, иғво ва алдовлар устаси. Жаноб Володин эса мутлақо бошқа усул – қўпол ва шиддатли ҳужум тарафдори. У ўз мақсади йўлида ғов бўладиган барчани яксон қилади. Президент атрофида Иванов ва Володин каби путинчиларнинг пайдо бўлаётгани ҳокимият сурковча “иғволар сиёсатидан” очиқчасига “зўравонлар сиёсатига” ўтаётганидан даракдир, деб баҳолайди Сурковнинг Кремлдан Оқ уйга ўтказилишини таҳлилчи Дмитрий Орешкин.

“Правое дело” партияси етакчиси Леонид Гозман “қора кардинал”нинг президентдан узоқланишини Медведев-Путин жуфтлигидаги келишмовчилик билан боғлайди. Гозман фикрича, Сурков парламент сайловларини очиқчасига фалсификация қилгани боис¸ Путин атрофидаги айрим сиёсий кучлар норозилигини келтириб чиқарган.

Айтилишича¸ айнан Сурков “рангли инқилобларни” олдини олиш мақсадида миллиардер Михаил Прохоров бошчилигида “Правое дело”ни тиклашга уриниб кўрган. Натижада Прохоров Сурковни “Кремл қўғирчоқбози” деб атаган ва президент маъмурияти билан очиқчасига тўқнашувга ўтган.

“Сиёсий технологиялар устаси” Владислав Сурков Интерфаксга берган интервьюсида ўз лавозимидан истеъфога чиқаришларини сўраб бир неча бор мурожаат қилганини билдирди.

Сурков янги бош вазирнинг модернизация масалалари бўйича муовини лавозимида ҳеч қандай ички сиёсий лойиҳалар, жумладан норозиликларни бостиришга қаратилган ҳаракатларда иштирок этмаслиги билдириб, “Янги йилдан бошлаб янги ҳаёт бошлашини” маълум қилди.

Сурковнинг сиёсий ўйин ва иғволардан ташқари драматургияда ҳам иқтидори борлигини кўпчиликка номаълумлигича қолмоқда. Шу йилнинг январ ойида Москвадаги МХТ театрида Сурковнинг “Нўл атрофида” романи бўйича саҳналаштирилган спектакл намойиш этилди.
XS
SM
MD
LG