Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Тошкентда чавақланган оила яқинлари ҳибсда қолмоқда


Ноябр ойида ўз уйида пичоқлаб кетилган 22 ёшли ҳижобли аёлнинг акаси яна қисқа муддатга ҳибс қилинди.


Бу ҳақда Озодликка келган электрон мактубда айтилишича, марҳума Шоҳида Жўраеванинг акаси қотилликда гумон қилинмоқда.

Шу йилнинг 18 ноябрида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйда истиқомат қиладиган Жўраевлар хонадонида уй бекаси — 22 ёшли ҳомиладор аёл Шоҳида Жўраева, унинг 1 ёшли қизи ва ўша кезда уларнинг уйида бўлган жияни — 8 ёшли Марзия Акбарова ўлдириб кетилган эди.

Ўта ваҳшиёна тарзда содир этилган ва тафсилотлари мутлақо сир қолаётган бу қотилликдан сўнг марҳуманинг 3 яқин қариндоши, жумладан, турмуш ўртоғи ва катта акаси 15 суткага ҳибс қилинди ва қўйиб юборилди.

Оила бекаси Зуҳра Жўраеванинг Озодлик радиосига айтишича, 4 декабр куни озод қилинган ўғли - Абдуманноп Жўраев 20 декабр куни яна ҳибсга олинган.

- 20 декабр куни келиб олиб кетишди. Бири 10 суткага, деди. Яна бири 15 суткага, деди. Сабабларини айтишмади бизга. Шундан бери ҳеч қанақа хабар йўқ. Эрта-индин чиқиб қолар, деб ўтирибмиз, - дейди Зуҳра Жўраева.

Аёлнинг сўзларига кўра, ўғли Абдуманноп Жўраев муқаддам судланган ва қамоқ жазосини ўтаган. Айни кезда уни туман Ички ишлар бўлимининг терроризмга қарши кураш бўлими сўроқ қилмоқда.

Абдуманноп Жўраевнинг ўз синглиси Шоҳида Жўраева қотиллигида айбланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги норасмий хабарни оила тўлиқ инкор қилди.

- Бўлиши мумкин эмас. Акаси ўрнида бўлган синглисига, айниқса, отаси ўлиб кетгандан кейин. Терговчилар ҳам бизга ҳеч нарса дегани йўқ. Лекин, Абдуманнопни 20 декабр куни олиб кетишгани бўйича биз ҳеч нарсадан бехабар ўтирибмиз, - дейди Зуҳра Жўраева.

Ушбу оиладан олинган маълумотга кўра, 18 ноябр кунги қотиллик тафсилотлари ҳануз номаълум қолмоқда.

Оилага тақдим қилинган фоторобот асосида қотилликда гумон қилинган бирор шахс қўлга олингани ёки олинмагани ҳақида ҳам оилада ҳеч қандай маълумот йўқ.

- Ҳеч нарса маълум эмас. Фотороботни мен ҳеч кимга ўхшатмадим. Бирор кимсада гумоним ҳам йўқ. Ҳамма нарса номаълум ҳалиям, - дейди Зуҳра Жўраева.

Бу аёлнинг сўзларига кўра, пичоқлаб кетилган ҳижобли қизи Шоҳида Жўраева қотиллиги ҳануз сир бўлиб қолаётган бир кезда, унинг озодликдаги акаси яна қисқа муддатга ҳибсга олиниши билан бирга марҳуманинг қамоқ жазосини ўтаётган яна бир акасига 3 йиллик қамоқ жазоси қўшиб берилган.

Бу Шоҳида Жўраеванинг 1978 йилда туғилган акаси Абдушукур Жўраевдир ва январ ойида жазо муддатини ўтаб бўладиган бу маҳбусга қамоқхона тартибини бузди, деган сабаб билан яна 3 йиллик жазо берилган.

Абдушукур Жўраев 2004 йилда Ўзбекистон ЖК нинг 159, 244, 221-моддаларига биноан диний ва сиёсий мотивларда айбланиб, аввалига 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган ва кейинчалик бу муддат 2 йилга узайтирилган эди.

Бундан ташқари, марҳуманинг 1981 йилда туғилган акаси Абдували Жўраев ва 1979 йилда туғилган поччаси Аҳрор Акбаровлар ҳам диний-сиёсий мотивларда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларини ўтамоқда.

2012 йилнинг феврал ойида Абдували Жўраевга берилган 7 йиллик қамоқ жазоси якунига етади.

Шоҳида Жўраева билан бирга ўлдириб кетилган 8 ёшли қизалоқ Марзия Акбарованинг отаси – маҳбус Аҳрор Акбаровнинг жазо муддати битишига эса яна 2 йил бор.

Ушбу оила тақдирини кузатиб бораётган инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ноябрда содир бўлган бу ваҳшиёна қотиллик сабаблари уларга ҳам мутлақо номаълумлигича қолмоқда.

Озодлик бу воқеага оид тафсилотларни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG