Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Азимжон Асқаров ҳозирча очлик эълон қилмайди


Аскаров қамоқхонада ҳам ижод қилмоқда.
Аскаров қамоқхонада ҳам ижод қилмоқда.

Қирғизистонда умрбод қамоққа ҳукм қилинган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров очлик эълон қилиш ниятидан қайтди.


“Мени умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш билан Қирғизистон ҳукумати Қирғизистонда истиқомат қилувчи ўзбеклар ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмаслигига ва ўзбеклар бахтли яшашга ҳақсиз эканига ишора қилди”, деб ёзади Азимжон Асқаров маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига йўллаган мурожатида.

Маҳкум Азимжон Асқаров хатидан парча.
Маҳкум Азимжон Асқаров хатидан парча.
Азимжон Асқаров мурожаатида, шунингдек, 2011 йилнинг 20 декабр куни Қирғизистон Олий суди томонидан ўзига умрбод қамоқ жазоси ҳукми ўқилишига норозилик сифатида шу йилнинг 10 январидан бошлаб очлик эълон қилишини ҳам билдирган.

Бироқ 10 январ куни Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Асқаровни бу фикрдан қайтарганини маълум қилди:

- Уни ниятидан қайтариш жуда қийин бўлди. Негаки, у киши “10 январдан бошлаб очлик эълон қиламан”, деб қаттиқ киришган экан. 9 январ куни менга: “Очлик эълон қиламан, жасадимни ёрмасдан фарзандларимга беринглар”, деб хат ёзибди. Мен бундан жуда ташвишландим. Қамоқхона бошлиғига телефон қилдим. Ўз ходимимни у ерга юбориб, телефон орқали ярим соатдан ортиқ гаплашгач, уни бу ниятидан қайтаришга муваффақ бўлдим, - деди Омбудсмен.

Азимжон Асқаров 2010 йил июн воқеалари пайтида Бозорқўрғон туманида тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди. 2010 йилда унга нисбатан Бозорқўрғон туман суди ва кейинроқ Жалолобод вилоят суди бир умрлик қамоқ жазосини белгилаган. 2011 йилнинг 20 декабрида эса Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, унга нисбатан ўқилган ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирган.

Айни пайтда жабрланувчи тараф Олий суд ва қуйи инстанциялар ҳукмини адолатли бўлган, дея баҳоламоқда:

- У, албатта, айбдор. Агар у қамоқдан чиқарилса, қўзғолон яна бошланади. Унинг шериклари Маматқодир, Қодиржон Ботиров уни қўллаб, молиявий кўмак бермоқда, - деди 2010 йил Бозоқўрғондаги тартибсизликлар чоғида ўлдирилган милиция ходими Миқтибек Сулаймоновнинг опаси Гулнура Жусупова.

Азимжон Асқаров ҳозирда Бишкекдаги 47-қамоқхонада сақланмоқда. Унинг яқинлари Асқаров соғлиги кундан кун ёмонлашаётганини айтмоқдалар.

8 январ кунига қадар Асқаров билан қамоқхонада 3 кунлик учрашувда бўлган ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Хадича Асқарова Озодликка эрини бошқа хонага кўчиришларини сўраб қамоқхона раҳбариятига ариза ёзганини маълум қилди:

- Аҳволи яхшимас, юраги оғрияпти, почкаси оғрияпти, оёғи, суяклари оғрияпти экан. Қўлимдан келганича массаж қилдим, кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Оёғига мен бир нарса тўқиб берган эдим, уни кийибди, уни устидан шерст латта бойлаб олибди. Энди концлагер бўлибди-да. Мен илтимос қилиб, ариза ёзиб ташлаб келдим. Бизни аризани қандай қабул қилишади - билмайман, тепада бир хона бор экан, деворлари ғиштдан, ери пол экан. Тўртта темирни ичидан қочиб кетмайди, ўша ерга чиқариб қўйса ҳам бўлади-ю, - деди Хадича Асқарова.

У, шунингдек, турмуш ўртоғи очлик эълон қилишни вақтинча тўхтатганини ҳам маълум қилди:

- Аъзимжон акангиз: “Мен мурожаатимни бердим. Улар менга “Иш ижобий томонга ўзгаради”, деб ваъда беришди, “Илтимос, сиз бу ишни қилманг, очлик эълон қилсангиз давлат учун яна бир қора доғ бўлади”, дейишди”, деди. Шунинг учун ҳам рози бўлиб, очликни вақтинча тўхтатибди, - деди Хадича Асқарова.

Азимжон Асқаров 9 январ куни маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига йўллаган мактубида ўз яқинларига ҳам мурожаат қилиб, улардан агар қамоқхонада вафот этса, жасадини халқаро кузатувчилар назоратида ва учинчи давлатда тиббий текширувдан ўтказишни илтимос қилган.
XS
SM
MD
LG