Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:57

Ўзбекистонликлар кафандузликда айбланмоқда


Москва полицияси шаҳарнинг жануби-шарқида ёниб кетган Il Pittore ресторанида ўғирлик қилаётганида ҳибсга олинган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини жиноий жавобгарликка тортди. 9 январ куни содир бўлган портлаш ва ундан чиққан ёнғин оқибатида 2 киши халок бўлган эди. Жароҳат олган 40 киши орасида ўзбекистонликлар ҳам борлиги айтилмоқда.


9 январ куни Москванинг Новочеремушкинская кўчаси 38 уйда жойлашган Il Pittore ресторанида рўй берган ёнғинга, ўт ўчирувчиларининг дастлабки тахминларига кўра, ресторан ошхонасида газ баллони портлаши сабаб бўлган.


Портлаш ва ёнғиндан кейинги саросимадан фойдаланиб, икки нафар Ўзбекистон фуқароси 9 январ куни кечки соат 10 ларда ресторан биносидан мусиқа ускунаси ва тўлов терминалини олиб чиқаётганида маҳаллий полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.

Маҳаллий полиция бўлимига келтирилган ўзбеклар журналистларга ўз ҳатти-ҳаракатларини ўт ўчирувчиларга ёрдам бериш ниятлари билан тушунтиришга уринди.

- Мен буни биринчи қаватда топдим ва уни ахлатхонага олиб кетаётган эдим, деди қўлга тушган ўзбекистонлик мардикорлардан бири.

Москва шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот маркази бошлиғининг ўринбосари Андрей Галиакберов Озодликка талончилик жойида қўлга тушган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Жануби-ғарбий округ ИИБси Тергов қўмитаси жиноий иш очганини маълум қилди.

- Кеча уларга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 158-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Оддий сўз билан айтадиган бўлсак бу “мародёрлик”. Бу шахсларнинг исми-шарифини тергов якунлангунига қадар ошкор этмаяпмиз, деди Москва полицияси расмийси Андрей Галиакберов.

Москва полициясидан олинган маълумотларга кўра, Россия Жиноят Кодексининг 158-моддаси (ўғирликка уриниш) бўйича ўзбекларнинг айблари исботланса, суд 5 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин.

Россия пойтахти полицияси портлаш ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол тарда бузилгани оқибатида содир бўлганини ошкор қилди.

Портлаш ва ёнғин оқибатида икки нафар муассаса ходими 43 ёшли Елена Горохова ва 24 яшар қирғизистонлик Тўлғоной Сотиболдиева ҳалок бўлди. Жароҳат олган 40 кишидан 28 нафари ҳозирга қадар Москванинг еттита шифохонасига жойлаштирилган.

Москва Соғлиқни сақлаш департаменти маълумотига кўра, Новие Черемушки мавзесидаги портлашда жабр кўрганларнинг аксарияти Il Pittore ресторани ходимларидир. Лекин улар орасида МДҲ республикалари фуқаролари бор.

Москва шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг сайтида эълон қилинган жабр кўрганлар рўйхатида ўзбекча исмлар ҳам борлиги кўзга ташлангани боис, жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Москва шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вакили Андрей Галиакберов жабрланганлар қайси мамлакат фуқаролари эканини тегишли мамлакат элчихоналари аниқлаши зарурлигини айтди.

Ҳодиса ортидан Арманистон элчихонаси жабр кўрганлар орасида 6 нафар арманистонлик борлигини, Қирғизистон элчихонаси эса 8 нафар қирғизистонлик борлигини эълон қилди ва ёрдам кўрсатишни бошлаганини маълум қилди.

Озодликнинг бу ҳодисада жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлганми, деган саволига Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот котиби Обид Каримов шундай жавоб берди.

- Ростини айтсам билмадим. Бу масала билан сиз консуллик бўлимига қўнғироқ қилинг – бизнинг фуқароларимиз билан улар шуғулланади, деди Ўзбекистоннинг Москвадаги вакилларидан бири Обид Каримов.

Бироқ Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигига қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолди.

Озодлик бу ҳодиса гувоҳлари ёки қўшимча маълумотга эга бўлганларни таҳририят телефонларига қўнғироқ қилишларини сўрайди.
XS
SM
MD
LG