Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:58

Волгоградда 200 га яқин ўзбекка ҳақ берилмаяпти


Волгограддаги ўзбеклар ошхонаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00

Волгограддаги ўзбеклар ошхонаси.

Россиянинг Волгоград вилоятида 200 га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига иш ҳақи берилмаётир. Қишнинг совуқ кунларида далада ишлаётган мардикорлар озиқ-овқатсиз қолганидан шикоят қилишмоқда.


Россиянинг Волгоград вилояти Котелники туманида 188 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз иш ҳақларини талаб қилиб, Янги Йил арафасида, 29 декабр куни автомобил трассасига чиқиб йўлни тўсишга мажбур бўлган.

Бу ҳақда Озодлик Радиосига маълум қилган Волгограддаги Ватандош ўзбеклар иттифоқи фаоли Дилбар Жуманиёзовага кўра, “Нагавское” Агрохолдингига қарашли ерларда полиз экинларини етиштирган Ўзбекистон фуқаролари бир неча ойдирки маошларини ололмасдан сарсон.

- Мен Волгограддан, бу ерда жамоат ташкиолотида ишлайман. 200 га яқин одам мана икки кундирки бирор нони йўқ, емай ичмай ётибди. Паспортлари йўқ, фермерлари пулини бермайди, расчёт этмайди.. Милиция, прокуратурани аралаштириб айтганмиз – январнинг 15 гача федералний ҳисобдан олиб бўлса ҳам берамиз деган эди. Бугун 19 нчи бўлди икки кундан бери фермерлар нон-сув – ҳамма нарсани тўхтатиб қўйди. Издеваются! Чиқиб кетсин, деяпти. Булар далада теплица хўжалигида ишлаган, октябр-ноябрнинг охирларида кетиши керак эди булар. Мана икки ойдан ошди ишсиз совуқда далада ётибдилар. 8-10 одам касал, на медкомиссияси, на дўхтири кўради буларни... Палаткаларда ётибди. Фермер келиб “Сенларнинг айтганинг бўлмайди, бу ерда мен хўжайин! Прокурор ҳам менинг қўлимда, хоким ҳам менинг қўлимда. Мени хоҳлаган ишим бўлади”, деб юрибди. 11 аёл бор, битта 1 ёшдаги болача, қолганлари эркак. На органга, на прокурорларга – ҳеч кимга керак эмас бўлиб қолди бу мигрантлар, дейди иложсиз қолган ўзбек мардикорларидан хабар олгани борган Дилбар Жуманиёзова.

Волгограддаги ўзбеклар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:09 0:00


Волгограддаги Ўзбеклар жамияти фаоли Озодликка “Нагавское” Агрохолдинги раҳбари Кудинов Виктор Владимирович унинг далаларида полиз экинларини етиштирган ўзбеклардан жами 10 миллион рублга яқин қарзи борлигини маълум қилди.

Айни пайтда, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбек мардикорлари шартномада белгиланган 5400 рублга тенг маошини олишни истамаётгани ва уйларига кетишдан бош тортаётганини айтмоқда.

Волгоград вилояти Котелники туман прокурори Пётр Забродин Озодлик билан суҳбатда бундай вазиятнинг юзага келишида ўзбек мардикорларини айблади.

“Бу иш берувчи ва ишчилар ўртасидаги оддий меҳнат тортишуви”, дейди прокурор Пётр Забродин.

- Уларнинг бир қисмига ойлик маоши тўланган. Агрохолдингнинг 190 га яқин ишчиси Ўзбекистон фуқаролари ойлик маошларини олишдан бош тортаяпти. Бир тарафлама муддат тугамасдан меҳнат шартномасини бекор қилдилар. Ишлашни истамаяпти ва Ўзбекистонга кетишга тайёрланяпти. Улар мукофот пули билан ҳисоблаб тўлиқ ойлик маошларини талаб қиляпти. Ноябр ва декабрнинг ярми учун шартномада белгиланган миқдорда ойликларини олишни хоҳламади. 13 январ куни шартнома узилган, улар Россия ҳудудида қайддан чиқарилган. Расман улар 28 январгача бу ерда қолишга ҳақли. Мукофот пуллари эса иш берувчининг шахсий истак-хоҳишига боғлиқ. Агрохолдинг раҳбарияти ҳозирча қолган пулларни беришга имконият йўқлигини айтмоқда. Уларга ҳатто Ўзбекистонга кетадиган иккита қулайгина автобус келтирилди – шунга ҳам кўнмаяпти! Бу ерда иш берувчи қонун бўйича ҳақ. Қолган масалалар фақат судда ҳал этилади, дейди Котелники туман прокурори Пётр Забродин.

Прокурор бу масала ечимига Роструд, ФМС, МЧС ва Роспотребнадзор каби ташкилотлар жалб қилинаётганини қўшимча қилди.

Волгограддаги ўзбеклар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:15 0:00


Лекин “Нагавское” агрохолдингидаги меҳнат муҳожирларининг ҳозирги аҳволини бориб кўрган Волгограддаги Ватандош ўзбеклар иттифоқи раиси Рустам Жумаев, маҳаллий ҳокимият идоралари агрохолдингга ён босаётгани боис масала ҳал этилишида бирор силжиш йўқлигини гапиради.

- Бўлмаган гап. Ойликни ярмисини беришяпти, шунинг учун одамлар хоҳламаяпти. Прокурор тўлиқ агрохолдингни ҳимоя қилиб турибди. Прокурорнинг у ерда қизиқиши бор бўлса керакда.. Договорда 5400 рубл ёзилган, лекин биринчидан рус тилида ёзилган, юртдошларимиз кўпи ўқишни билмайди. Просто уларга бериб “Давай, сентябргача 6 мингдан, сентябрдан кейин йиғим-теримда 8 мингдан ойлик тўлаймиз”, деб уларни алдаб қўл қўйдиришган. Бригадир нима учун 5400 дан эканини сўраса, “Биласанку, ҳар йили солиқ камроқ тўлаш учун шундай кўрсатамиз, кейин премия бериб тўғрилаймиз”, деган. Биринчи 70 киши тўлиқ ойликларини олиб кетган. Агрохолдинг “Ҳозир пулимиз йўқ, 15 январгача срок беринг, банклар ишламайди. 15 январдан расчёт қилиб уйига юборамиз”, деган эди, дейди Рустам Жумаев.

Бироқ 15 январгача вазият ўзгаришсиз қолганидан кейин, Волгоград ўзбеклари жамияти раиси маҳаллий Миграция хизматига мурожаат қилган.

Текширишга келган Миграция расмийлари “Нагавское” агрохолдингида қатор қонунбузарликларни аниқлаган. Жумладан Ўзбекистоннинг бир неча фуқароси расмийлаштирилмаган ҳолда меҳнат қилгани учун протокол тузилган.

“Фермерлик эгалари Миграция хизмати катта жаримага тортиши мумкинлигидан чўчиб, одамларнинг пулини бермай турибди”, дея давом этади Рустам Жумаев.

- “Агар биз штраф тўламасак тўлиқ расчёт қиламиз, бўлмаса 5400 дан бериб одамларни жўнатворамиз”, деди кеча мен билан гаплашган агрохолдинг директори. Бу ердаги одамлар Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидандир. Булар олдин ҳам 3 йил ишлаган шундай қилиб. Иш берувчининг складларида 14 000 тонна маҳсулот бор: 11 000 тонна пиёз, 1500 тонна сабзи, 1500 тонна лавлаги 240 гектар ерда етиштиришган. Ҳозир нарх паст деб сотмай турибди. Ҳеч қандай силжиш йўқ: кеча ОРТ мухбирларини олиб бордим, вилоят прокуратурасига, Инсон ҳуқуқлари вакилига, УФМСга, Санэпидемстанцияга одамлар номидан ариза бердим. Текшириш кетаяпти, лекин одамлар 3 кун оч ўтиришган. Кеча ОРТ корреспонденти уларнинг яшаш шароитини кўриб йиғлаб юборди. Икки ойдан ортиқ ювинишмаган - сув йўқ. 17 ёшдан 60 ёшгача бўлган одамлар... Москвага Ўзбеклар Конгрессига телефон қилиб, Иброҳим Худойбердиев ёрдамида Россиядаги диаспоралардан минг-икки минг қилиб, йиғилган пулга кеча 50 мингга маҳсулот олиб бориб бердик, дейди Волгограддаги Ватандош ўзбеклар иттифоқи раиси Рустам Жумаев.

Маълум бўлишича, дала ишларига жалб қилинган ўзбекистонликлар тиббий кўрикдан ўтказилганда уларнинг 14 нафарида оғир юқумли касалликлар, жумладан гепатит, сил ва ҳатто ОИТС аниқланган.

Бундан хабардор бўлган “Нагавское” хўжалиги раҳбарияти эса уларни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга жалб қилган.

Волгограддаги Ўзбеклар жамиятидан олинган маълумотларга кўра, жамият аъзоларига номаълум шахслар дўқ-пўписа қилмоқда, хусусан 18 январ куни унинг раиси Рустам Жумаевга ҳужум қилинган.

Озодлик Волгограддаги меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG